МИКРОБ ВА ВИРУС НИМА?
Одам организми жуда ҳам мураккаб. Ҳар қандай хасталик келиб чиқишида микроб ва вирусларнинг роли катта. Кўпчилик одамлар анитибиотиклар ҳар қандай касалликни даволай олади деб ўйлашади. Аслини олганда эса антибиотиклар фақатгина 10-20 фоиз инфекцияларни даволай олади, холос. Чунки, аксарият инфекцияларни бактерия ёки вируслар қўзғатади. Антибиотиклар эса фақатгина бактериялардан келиб чиққан инфекцияларга қарши даво бўлади. Бактериал инфекциялар билан вирусли инфекциялар бошқа-бошқа касалликлар бўлганлиги учун, табиийки уларни даволаш ҳам турлича бўлади.
Антибиотиклар–бактерияларни нобуд қилувчи дорилардир. Улар шифокор тавсиясига риоя қилган ҳолда тегишли касалликни (бактериал инфекцияни) даволаш мақсадида қабул қилинса, самарали натижа беради. Бактериялар ҳар хил антибиотикларга сезувчан бўлади. Шунинг учун ҳам, антибиотиклар бактерия турига қараб белгиланиши лозим. Лекин антибиотиклар ҳамма касалликларга ҳам даво бўла олмайди. Жумладан, вируслардан келиб чиққан шамоллаш, грипп, сувчечак ва қизамиқ каби касалликларни антибиотиклар даволай олмайди. Одамлар кўп ҳолларда шифокор билан маслаҳатлашмасдан туриб, ўз билганича антибиотикларни қабул қиладилар. Масалан: диарея (ич кетар) билан оғриганда левомецитин ёки тетрациклин, шамоллаш ёки грипп билан оғриганда ампициллин ёки пенициллин, буйрак ва бел оғриғида гентамицин каби антибиотиклар қабул қиладилар. Ваҳоланки, бу каби хасталикларни даволашда антибиотиклар умуман фойдасиз бўлиб, аксинча, бемор аҳволини янада оғирлаштириши мумкин. Вируслар ҳужайра қобиғи ичида бўлиб, антибиотиклардан ҳимояланган бўлади. Бактериялар эса бундай қобиққа эга эмас, шунинг учун улар антибиотиклардан ҳимояланган бўлмайди.
Агар шифокор сизга, антибиотиклар олишни тавсия этса даволанишни албатта охиригача етказинг. Антибиотикларни қабул қилишни бошлагандан бир неча кун ўтиб, ўзингизни яхши ҳис қила бошласангиз ҳам даво муолажасини охиригача қабул қилинг. Акс ҳолда хасталик яна хуруж қилиши мумкин. Касаллик такрорланганда уни даволаш қийинроқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки, дастлабки даволаниш давомида сақланиб қолган бактериялар кучайиб, улар энди антибиотиклар таъсирига чидамли бўлиб қолди.
Антибиотикларни фақатгина шифокор тайинлайди ва уларни белгиланган вақтда, қабул қилиш зарур.
Дориларни қабул қилишда шифокор маслаҳатига амал қилинг.
Эсингизда тутинг, 80-90 фоиз ҳолларда нафас йўллари инфекциялари ва томоқ оғришини вируслар келтириб чиқаради. Антибиотиклар вирусларга қарши фойда бермайди. Шуни билиш зарурки, антибиотикларни нотўғри ишлатсангиз, организмдаги инфекцияга чидамли бўлиб қолади.
Дорини қабул қилишга доир махсус кўрсатмаларни яхшилаб ўқиб чиқиш зарур, яъни, масалан, овқатдан олдин ёки овқатдан кейин ичиш кераклиги ҳомиладор аёлларга тетрациклин, гентамицин ва 12 ёшгача бўлган болаларга ҳам тетрациклин бермаслик хусусида.
Энг аввало ҳар бир инсон хасталикка йўл қўймасдан соғлиғи ўзига боғлиқлигини унутмаслиги керак. Шунингдек, тиббий маълумотларга эга бўлиб, ҳар хил дориларни фойда ва зарарига эътиборли бўлиши керак.
Серка КАТТАЕВ,
Тиббиёт фанлар номзоди,
Олий тоифали эндокринолог
“Соғлом авлод” газетаси 26-сон.