UZ RU
07.08.2010

Репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзига бағишланди

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган «Думбиробод» маҳалласида мунтазам равишда турли учрашувлар, давра суҳбатлари, қизиқарли кечалар ўтказилиб турилади. Бундан кўзланган мақсад ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг манавиятини бойитиш, тиббий саводхонлигини ошириш, ёшларимизни мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборат,— дейди маҳалла раиси Комил Қаюмов. Дарҳақиқат турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган маҳаллада қўни-қўшниларнинг ўзаро аҳил-иноқлигига ҳавасингиз келади. Мавжуда Шониёзова, Матлуба Эргашева каби маҳалла фаоллари бевосита ташкил этаётган хотин-қизлар саломатлиги борасидаги давра суҳбатлари кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Куни кеча маҳаллада Республика «Саломатлик ва тиббий статистика» институти ҳамкорлигида «Репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Барно Жуманиёзова, Феруза Ходжиева, Дилноза Турғунова каби шифокорларнинг Рационал овқатланиш, саломатлик гарови, болаларни жисмоний ривожлантиришда спортнинг аҳамияти мавзуларидаги чиқишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек давра суҳбатида иштирок этган соҳа мутахассислари маҳалла аҳлини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб беришди.

Муниса Раҳимбердиева