UZ RU
07.08.2010

Йод танқислиги — у қандай оқибатларга олиб келади?

Йод микроэлементи қалқонсимон без гормонлари ишлаб чиқарилиши учун асосий манба ҳисобланади. Айнан қалқонсимон без гормонлари инсоннинг интеллектуал қобилиятини яхшилайди. Агарда ҳомиладор аёлларда қалқонсимон без хасталиги бўлсаю, таркибида йод микроунсури етарлича миқдорда бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаган бўлса, гўдакнинг ақлий қобилияти тенгдошлариникига нисбатан ортда қолади. Йод моддаси қалқонсимон безни меъёрида ишлаши учун муҳим микроунсур ҳисобланади. Бу унсур таъсирида организмнинг меъёрида ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган қалқонсимон без гормонлари ишлаб чиқарилади.

Йод танқислиги шароитида ҳомиладорликнинг қалқонсимон без касалликлари билан кечиши токсикоз, ҳомила тушиши хавфи, гестозлар, артериал гипертензия (қон босимининг ошиши), ҳомила гипоксияси (кислород етишмаслиги), ҳомиланинг ўлик туғилиши, йўлдошнинг жойидан кўчиши ва вақтидан илгари кўз ёриши каби асоратларга олиб келиши мумкин. Туғруқнинг ўзи эса тўлғоқнинг сустлиги, чилланинг эрта ва кечки даврида қон кетиши билан асоратланади. Бундай оналардан туғилган болада ўтиб кетувчи ва туғма гипотериоз учрайди. Шу туфайли бола ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиши мумкин.

Сочнинг тўкилиши (сочлар қуруқ, синувчан, таралганида кўп тўкилади), терининг қуруқланиши, қабзият (ич қотиши), салга толиқиб қолиш, уйқучанлик, тушкунлик, хотиранинг пасайиши ва бошқалар гипотериозга хос белгилар ҳисобланади. Қалқонсимон без касалликлари унинг катталашиши (бўқоқ), фаолиятининг кучайиб кетиши (гипертериоз), пасайиши (гипотериоз), яллиғланиши (тиреоидит) ва унда хавфли ва хавфсиз сифатли ўсма пайдо бўлишидан иборат.

Йод моддасининг бир кеча-кундузлик миқдори ёшга, бажариладиган жисмоний меҳнатнинг меъёрига, атроф-муҳитга боғлиқ. Шунингдек, унинг етишмовчилиги алоҳида ҳолларда инсон организмига катта хавф туғдиради. Гўдаклар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёллар, эмизикли оналарда йодга бўлган кунлик эҳтиёж ошади.

Кўкатлар, кашнич, қора мағизли ёнғоқ, майиз, полиз маҳсулотлари, шивит, исмалоқ йод моддасига бой. Йод препаратларидан йодомарин -100,200, йодид – 200 (никомед), калий йодид – 200, витаминлардан истеъмол қилиш мумкин. Микроэлементлар таркибида йод тутувчи комплекс препаратлар матерн, мультитабс, уентрум, витрумларни 1 таблеткадан овқатдан кейин ичиш керак бўлади. Йодни бир кеча-кундузлик миқдори 12 ёшгача бўлган болалар учун 50- 100 мкг, ўсмирлар ва катталар учун 100 – 200 мкг, ҳомиладорлик ва эмизикли даврда 200 мкг ҳисобланади.

Ҳурматли фуқаролар! Таркибида йод моддаси мавжуд бўлган маҳсулотлардан истеъмол қилишни асло унутманг.

Исроил ЮСУПОВ,

Олий тоифали терапевт,

Қарши шаҳри

“Соғлом авлод” газетаси 27-сон.