UZ RU
29.07.2010

БОЛАЛАР ИЖОДИДА ЙОД ТАНҚИСЛИГИ МУАММОСИ

Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, уларни жисмонан соғлом, ақлан етук ва руҳан тетик қилиб вояга етказишда қулай шарт-шароитлар муҳити яратилган. Бу албатта, келажагимиз ворисларига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборнинг яққол ифодасидир. Қайси жабҳага қарамайлик, у ерда баркамол авлодлар истиқболи учун мустаҳкам пойдевор барпо этилаётганлигининг гувоҳи бўламиз.
Айниқса, тиббиёт соҳасида фарзандларимиз саломатлигини асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш, уларни чиниқтириш ва соғломлаштириш тадбирлари кенг жамоатчилик, қолаверса, «Баркамол авлод йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳиятида акс этади. Хусусан, болаларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, соғликларига эътиборли бўлишни шакллантириш, хавфли иллатлардан қайтариш, носоғлом ҳаёт муҳитига кириб қолмасликлари учун уларда тиббий маданиятни ошириш каби долзарб масалалар давлатимиз, турли халқаро ташкилотлар ва тегишли идораларнинг асосий иш дастурига айланиб бормоқда. Аҳамиятли томони шундаки, ҳар йили ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти билан Республика саломатлик ва тиббий статистика институти ҳамкорлигида болаларнинг саломатлик ҳақидаги тушунчаларини бойитиш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, ноёб истеъдодларини рўёбга чиқариш борасида кўплаб танлов ва ташаббускор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдалар. Ана шундай танлов Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари мактабларининг 6-8-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилди.
Ушбу танловнинг якуний босқичига бағишланган тадбир жорий йилнинг 16 июль куни Республика саломатлик ва тиббий статистика институтида бўлиб ўтди. Тадбирни кириш сўзи билан очган институт директори Зулхумор Муталова ўтказилаётган танловларнинг аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигини таъкидлаб, йодланган ош тузи истеъмолига қаратилган мазкур лойиҳалар соғлом муҳит ва соғлом маданиятни шакллантиришда асосий ўрин тутишини гапириб ўтди. ЮНИСЕФнинг овқатланиш масалалари бўйича мутахассиси Беҳзод Раҳимов ўз фикрида танловнинг тарғибот-ташвиқот ишлари, болалар томонидан тақдим этилган суратлар чинакам маънода логотип тарзида амалиётга киритилишини эътироф этди ва келгусида бу каби тадбирлар доираси янада кенгайишига ишонч билдирди.
Мазкур танловни ўтказишдан асосий мақсад – «Баркамол авлод йили» Давлат дастури ва овқатланишнинг миллий стратегиясини амалга ошириш, халқ таълими тизими ходимлари, ёшлар, ўқувчилар ўртасида тиббий маданият ва саводхонликни яхшилаш, йод танқислиги касалликларининг олдини олиш, йодланган ош тузи истеъмолини таъминлаш ҳамда мактаб ўқувчилари орасида ош тузидаги йодни аниқлаш усулини тарғиб қилиш ва йодланган маҳсулотларга логотип ишлаб чиқиш эди. Танловда мактаб ўқувчилари ўз тасаввурлари бўйича бир-бирига ўхшамаган логотип туширилган ижод намуналари билан иштирок этдилар.
Ҳайъат аъзолари томонидан ғолиблар холисона аниқланиб, учинчи ўрин Наманган вилоят Косонсой туман 20-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Исмоил Аҳмадхоновга насиб этиб, DVD-плеер билан тақдирланди. Тошкент шаҳар Миробод туман 294-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Роза Раҳимова иккинчи ўрин соҳиби деб топилиб, унга рақамли фотоаппарат берилди. Биринчи ўринга эса, Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар 5-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сардор Муродов муносиб эканлиги эътироф этилиб, компьютер жамланмаси билан тақдирланди.
Сардор суратлар чизишни бошлаганда, ундаги тасаввур ва ижодкорликни кўриб, фарзандимда ноёб истеъдод борлигини кузатар эканман, танловда ғолиб чиқармикан, деган фикр хаёлимдан ўтди. Тўғрисини айтганда, боламнинг бу танловда ғолиб чиқишига ишонмагандим. Чунки, ушбу танловда биргина менинг фарзандим эмас, балки бошқа вилоятлардан келган ўқувчилар ҳам иштирок этишди. Ҳайъат аъзолари томонидан ғолиблар эълон қилинаётган дақиқаларда мени ҳаяжон боса бошлади. Сардорнинг 1-ўринга сазовор бўлиши ҳамда қимматбаҳо совға билан тақдирланиши қалбимни қувончга тўлдирди. Фарзандларимиз учун ана шундай кенг имкониятлар яратаётган Юртбошимиздан миннатдормиз. Ниятим, фарзандим келгусида халқимиз учун хизмат қила оладиган ҳамда Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб етишсин, – дейди Сардорнинг онаси Қундуз Йўлдошева.
Ишонамизки, бу каби танловларда мамлакатимиздаги барча мактаб ўқувчилари фаол иштирок этадилар.
Намоз ТОЛИПОВ.