UZ RU
29.07.2010

Соғлом фарзанд — эртамиз таянчи

Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг долзарб йўналишларидан биридир. Шу боис бу борадаги ғамхўрлик фарзанд туғилишидан анча олдин бошланади. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастури асосида вилоят туғуруқхона мажмуаси ҳудудий перинатал марказига айлантирилди. Бу эса юқори малакали ихтисослашган акушерлик, гинекологик тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим омил бўлди.
Айтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш билан бир қаторда, энг аввало, қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, «Соғлом она — соғлом бола» мақсадли вазифани изчил амалга оширишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Соғлом оилани шакллантириш, баркамол авлодни вояга етказиш масалалари, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, аёллар, ўсмирлар ва болалар саломатлигини асрашда бирламчи бўғин шифокорларнинг ўрни беқиёс. Шу мақсадда вилоят мутахассислари ҳамда вазирлик томонидан бириктирилган республика фтизиатрия, пульмонология илмий текшириш институти, шунингдек, Самарқанд, Бухоро тиббиёт институтларининг етук мутахассислари ҳамкорлигида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада туғиш ёшидаги аёлларни ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.
Ҳудуддаги даволаш-профилактика муассасалари саналган репродуктив саломатлик маркази, “Саломатлик ва тиббий статистика” институти вилоят филиали, “Она ва бола скрининг маркази” шифокорлари бу борада мунтазам назорат ўрнатиб келмоқдалар.
Республика илмий текшириш институти ходимлари эса ультратовуш текшириш аппаратуралари мутахассислари билан биргаликда қишлоқ ва овулларда бўлиб, намунали даволаш ишларини олиб бораётгани ҳам ўз самарасини кўрсатаётир.
Эндиликда ҳудуддаги 136 та ҚВП фаолияти ибратли бўлмоқда. Узоқ чўл минтақаларидаги шифо масканларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ўтган йили 33 нафар ёш шифокор ишга қабул қилинди. Улар умумий амалиёт шифокорлари сифатида ҚВПларда фаолият юритиб келмоқдалар.
Вилоятдаги хотин-қизларга кўрсатилаётган ёрдам 150 ўринга ихтисослашган стационарда амалга оширилаётир. Гинекология ва ҳомиладорлик хасталиклари бўлими 55 ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан 25 ўрин консерватив гинекология учун, 30 ўрин ҳомиладорлик хасталиклари учун ажратилган. Шунингдек, туғуруқ, экстрагентал хасталиклари, реанимация бўлимларида ҳам барча шарт-шароит муҳайё этилган.
Туғуруқ мажмуасида перинатал ўлимнинг олдини олиш мақсадида аёллар маслаҳатхоналарида ҳомиладорларни соғломлаштириш, чақалоқлар соғлигига эътиборни кучайтириш жараёнида замонавий тиббиёт асбоб-ускуналаридан ўринли фойдаланиб келинмоқда.
Айни пайтда “Она сутининг аҳамияти”, “Бехатар оналик”, “Репродуктив саломатлик” мавзуларида ўқув курси ташкил этилган. Мажмуа замонавий тиббиёт анжомлари билан жиҳозланган. Осиё тараққиёт банки кўмагида олинаётган янги асбоб-ускуналарни мақсадли ишлатиш учун жойлардаги тиббиёт бирлашмаларининг туғуруқхона бўлимлари таъмирлаб чиқилди.
Бир сўз билан айтганда, бу борадаги ишларимиз Баркамол авлод йилида янада юксак масъулият билан ёндошишни талаб этади. Зеро, соғлом фарзанд юрт таянчидир.
Ғулом АСЛОНОВ,
Навоий вилояти туғуруқхона
мажмуаси бош шифокори.