ЭЛ СОҒЛИГИ — ЮРТ ҚУДРАТИ
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи юртимиз раҳбари раҳнамолигида давлатимиз сиёсатида муҳим ўринни эгаллаб келмоқда. Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ўзгаришлар рўй берди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги (1998 йил 10 ноябрь) Фармони ҳам ушбу соҳада мустаҳкам пойдевор, асосий таянч вазифасини ўтамоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2007 йил эълон қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармонлари юзасидан соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғин ва йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт тизимидаги қатор муносабатларни тартибга солиб келаётган 12 та қонуни ҳам амал қилмоқда.
Айтиш жоизки, соғлиқни сақлаш тизимини юксалтиришга қаратилган ана шу ҳуқуқий ҳужжатларга биноан, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар мутлақо янгича тарзда ташкил этилди. Олий маълумотли шифокорлар томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида республикамизнинг энг олис ҳудудларида ҳам кам самарали фельдшерлик-акушерлик пунктлари ва амбулаториялар ўрнига замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП) барпо этилди. Уларнинг сони бугунги кунда 3,1 мингдан ошиб кетди.
Ислоҳотлар маҳсули сифатида ташкил этилган янги тизим — Республика Шошилинч тиббий ёрдам маркази, юртимизнинг деярли барча вилоятлари марказларида ихтисослашган замонавий “Она ва бола скрининг” марказлари аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Бундан бир неча йил аввал ташкил этилган дастлабки тўртта ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг муҳим йўналишлари бўйича яна олтита ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил этилганлиги фуқароларимизнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби Конституциявий ҳуқуқини (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддаси) юқори савияда таъминлашга хизмат қилиши аниқ.
Қувонарлиси шундаки, бугунги кунда фуқароларимизнинг бетоб бўлишдан кўра, касалликларга чалинмаслик учун имкониятлари жуда катта. Чунки ҳозирда аҳолини аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг моддий ва ҳуқуқий базаси такомиллашиб бормоқда. Иккинчидан эса, инсоннинг соғлом бўлишидан, энг аввало, унинг ўзи манфаатдор эканлигини ҳар бир киши теран англаб етмоқда. Бу ўзгаришлар соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг муносиб таълим-тарбия олишлари, ўзлари севган касбни эгаллашлари учун таълим тизимида чуқур ислоҳотлар ўтказиш орқали уларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсон қилиб вояга етказишда ўз ифодасини топмоқда.
Юртимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўртача яшаш даражасининг узайганлиги, оналар ва болалар ўлимининг кескин камайганлиги, қатор вирусли, ўта хавфли ва юқумли касалликларнинг бутунлай камайиб, улардан баъзиларининг эса мутлақо йўқолиб кетганлигида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бугунги кунда тиббиёт тизими нафақат беморлар, балки кўп минг сонли шифокорлар – тиббиёт ходимлари манфаатларини ҳам кўзлаган ҳолда ривожланиб бормоқда. “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги тиббиёт ходимлари меҳнатига, тиббий хизмат сифати, малакаси ва ҳажмига қараб ойлик маош тўлаш кабилар ҳам шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, тиббиётнинг хусусий секторида хизмат кўрсатаётган шифокорлар учун шарт-шароит ва имкониятлар доираси тобора кенгайиб бораётганлиги туфайли турли мураккаб йўналишлардаги ихтисослаштирилган мўъжаз муассасалар, жумладан, стационар типидаги тиббиёт муассасалари сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Энг муҳими, соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган субъектларнинг мулкчилик шакли қандай бўлишидан қатъи назар, уларнинг мақсад ва вазифалари муштарак — халқ саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат. Чунки бемор одамга барибир: у давлат тиббиёт муассасасидами ёки хусусий муассаса шифокорида даволанадими, шифо топса бўлди.
Шу боисдан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги (2007 йил, 19 сентябрь) Фармонида аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт муассасаларини замонавий янги, жумладан, хориждан олиб келинадиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминлаш масаласида катта имтиёзлар жорий этилди.
Кези келганда шуни таъкидлаш жоизки, шу кунгача соғлиқни сақлаш тизимида эришаётган ютуқларимиз асосан, давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси учун ажратилиб келинаётган жуда катта бюджет маблағлари ва мунтазам саъй-ҳаракатлар эвазига амалга оширилаётганлигини унутмаслигимиз керак. Ваҳоланки, энг ривожланган мамлакатлардаги тиббиёт тизимининг моддий таъминоти ҳам фақат давлат бюджети эвазига эмас, балки кўпроқ ўша давлатлар тиббий суғуртаси, кейин эса, йирик-йирик ҳомийлар маблағлари билан ҳам амалга оширилаётганлиги бизга сир эмас.
Мустақиллик йилларида соҳада амалга оширилган ўзгаришларни холисона таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилган ислоҳотлар натижасида фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш ва соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида талай ишлар бажарилди. Аммо, тиббиёт соҳасида бугунги кунда эришилган ютуқлар билан қанчалик ғурурланмайлик, ҳали соҳада илм-фаннинг амалиёт билан узвийлигини таъминлаш, такомиллашган қонунчилик базасини мустаҳкамлаш борасида кўпгина вазифалар олдинда турибди.
Қайд этиб ўтилганидек, мамлакатимизда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга оид қатор қонунларни ишлаб чиқишга, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга бўлган эҳтиёж ҳозирги замон талабларидан келиб чиқмоқда. Тўғри, бугун тизимда қатор номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинмоқда. Аммо олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлар мавзуси тиббиёт амалиётига, беморлар саломатлиги борасида мавжуд бўлган ўткир муаммоларни янада кўпроқ қамраб олган ҳолда танланиши керак. Маълумки, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири бўлган қишлоқ аҳолисини ўз жойида малакали, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш ишларини ҳам жонлантиришимиз лозим. Шу маънода, барча замонавий қулайликларга эга бўлган кўп минг сонли қишлоқ врачлик пунктларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг малакасини оширишга ҳам эҳтиёж сезилмоқда.
Ана шу масалалар ечимини оқилона ва ўз вақтида, шу билан бирга юқори профессионал даражада ҳал этиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, давлатимиз ижтимоий ҳимоя тизимининг янада мустаҳкамланишига ва унинг сифатини сезиларли даражада оширишга, пировардида инсон ҳуқуқларини кучли ҳимоя қилишга беқиёс ҳисса қўшиши аниқ.
Зуҳра БОТИРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати.