UZ RU
24.07.2010

Ҳеч кимдан кам бўлмай ўсаётган авлод

Насиба ая келинининг ийманиб айтган хушхабаридан сўнг ўзини қўярга жой тополмай қолди. Бўлажак неварасининг кўзни қувонтириб, ҳовлида пилдираб юришини тасаввур қилиб, энтикди. Ҳеч кимга билдирмай, тадорик кўра бошлади. Шундай фараҳли кунларнинг бирида дили тўсатдан хуфтон бўлди. Негаки, келини Зиёдани олдига солиб, қишлоқ врачлик пунктига борганда, у ердагилар тегишли кўрикдан сўнг, аҳвол жиддийлигини, зудлик билан Чиноздаги туман кўп тармоқли поликлиникаси қошидаги репродуктив саломатлик марказига олиб боришни маслаҳат беришди.

Марказда замонавий технологиялар мавжудлиги туфайли тез хулоса чиқариш имконияти бор эди. Олий тоифали шифокор Турсуной Бакирова етакчилигида текширув натижалари таҳлил қилингач, дарҳол ташхис қўйилди.

— Жуда вақтида келибсизлар, бўлмаса ё бола, ё она ногирон бўлиб қолиши мумкин эди, — деди шифокор.

Маълум бўлишича, боланинг йўлдоши олд томонга ўтиб қолгани сабабли қон тўхтамаётган экан. Чора кўрилмаса, жарроҳлик амалиётини қўллашга тўғри келиши, натижада эса, она бутунлай фарзандсиз бўлиб қолиши мумкинлиги ётиғи билан тушунтирилди.

“Қон” сўзини эшитиши билан Насиба аяни тер босди.

— Нима бўлса ҳам, келинимнинг дардига даво топинг, синглим, бир умр неварамни бағримга босиш бахтидан маҳрум бўлиб қолмай, — дея кўз ёш тўкди.

— Хавотир олманг, ая, ҳозир бундай дардларни даволаш, онани ҳам, болани ҳам бағрингизга гулдай босиш учун барча шароитлар мавжуд, келинингиз шифохонада ётиб даволансин, фақат ўзингизни босинг, — деди ширинсўзлик билан шифокор.

Келин шу куниёқ шифохонага ётқизилди, зарур дори-дармонлар билан таъминланди. Насиба аянинг кўнгли тинчигандай бўлди-ю, каттаси ўн олти, ўртанчаси — ўн уч, кичиги тўққиз ёшдаги акалари билан дилдираб, онадан етим қолишгани кўз ўнгидан бир-бир ўта бошлади.

Ўшанда ая етти ёшда эди. Ой-куни яқинлашиб қолган онасини қонга бўялган ҳолда шифохонага олиб кетишганини элас-элас эслайди. Орадан бир кун ўтиб, ўша мудҳиш воқеа содир бўлган эди. Онасини дафн қилиб қайтишгач, етимлар сафига бир парча эт — она ҳидини туймаган чақалоқ ҳам қўшилди. Унга Ўлмас, деб исм қўйдилар. Аммо уни оилада сақлаб туришнинг сира иложи йўқ эди. Яхши инсонлар кўп экан, маҳаллада фарзанд доғида юрган Карима исмли аёл қизалоқни тарбиялаб, уларнинг сафига қўшди.

Кўп ўтмай мусибат устига мусибат тушди. Болалар меҳрибон отадан ҳам айрилиб қолдилар. Кечагина кўча чангитиб, завқу шавққа тўлиб юрган ака-сингилларни яқин қариндошлар бўлиб олишди. Бирини иккинчисидан кам қилмай, фарзанд ўрнида тарбияладилар, ўқитдилар, элга қўшдилар, уйли-жойли бўлишди. Аммо уларнинг қалбларидаги ота-она меҳрининг ўрни бўм-бўшлигича қолди. Насиба ая яна бир умр ана шундай бўшлиққа тушиб қолишдан қўрққан эди...

Бир ойдан сўнг қайнона билан келин минг хаёлда яна шифокорлар ҳузурига келишди. Кузатув хонасидан шифокорнинг юзи ёришиб чиқди.

— Яхшимисиз, ая, — деди шифокор жилмайиб.

Хаёл босганидан “ая”, деган сўзнинг моҳиятини дарҳол илғамаган аянинг юзи кескин ёришди.

— Вой, ўзим ўргилай сиздан, мени қувонтирдингиз, худойим сизларни қувонтирсин, шундай кунларни кўрсатганига шукр, — ая қадоқ қўлларини очиб, дуо қила бошлади. — Шундай шароитларни яратган улуғларимизнинг умри узоқ, толеи баланд бўлсин, юртимиз тинч, хонадонларимиз обод, кўча-кўйларимиз бола-чақаларнинг қувончига тўлиб юрсин.

— Қувонаётган бир сиз эмас, аяжон, — деди шифокор таъсирланиб. — Ҳозир туманимизда 14 та қишлоқ врачлик пункти бор. Шароитимизни ўзингиз кўрдингиз, энди даволангани ҳадеганда Тошкентга чопавермаймиз. Қишлоқ шифохоналарида ҳам барча шароитлар муҳайё, шифокорларимиз ҳам тажрибали, вақти-вақти билан малакаси оширилиб турилади. Кунига бир неча ўнлаб беморларни қабул қилиш, назоратдан ўтказиш имкониятимиз бор.

Очиғини айтганда, ая бошдан кечирган аҳволга ҳар бир фуқаро тушиши мумкин. Шу боис мамлакатимиз вилоят ва туманларида қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, касалликнинг бошланишиданоқ аниқлайдиган скрининг маркази ташкил этилиши ва улар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани фуқароларимизнинг мушкулини осон қилмоқда.

Мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш масаласига жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Шўролар даврида инсон саломатлигидан кўра, етиштирилаётган пахта хом ашёси қадрлироқ эди. Шунинг учун ҳам юқори ҳосилни кўзлаб, бутун қишлоқ аҳолиси устидан ажал кукунлари — захарли дефолиантлар аямай сепиларди. Ота-оналар хаста, опа-сингиллар камқон, улардан дунёга келган фарзандлар эса касалманд эди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ аҳоли саломатлиги давлат аҳамиятига эга масалага айланди. Юртбошимиз ташаббуси билан ҳар бир йилга мазмун ва моҳияти халқ манфаатига қаратилган номлар бериш, уларга мувофиқ Давлат дастурлари қабул қилиш ва амалга ошириш таомилга айланди. 1998 йил — “Оила йили”, 1999 йил — “Аёллар йили”, 2000 йил — “Соғлом авлод йили”, 2001 йил — “Оналар ва болалар йили” деб аталди. Ўтган йиллар каби жорий йилга ҳам — “Баркамол авлод йили”, деб ном берилди. Бу номланишлар замирида оламшумул мазмун, юрт келажаги кўзланган улуғ мақсад ўз мужассамини топгандир.

Элу юрт фаровонлиги, тинчлиги, халқимиз саломатлиги йўлида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси, “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури”нинг қабул қилиниши, “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2009 — 2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими кескин камайди.

Халқимиз болапарварлиги билан оламга машҳур. Соғлом ва билимли, ҳеч кимдан кам бўлмай ўсаётган, илму фан, ижод борасида, дунёвий спорт мусобақаларида рақиблари билан баҳс бойлашаётган ёш авлод баркамоллик сари интилиб яшаётир. Бундай фаровонлик туфайли Насиба ая сингари минглаб фуқароларимизнинг юзида ҳар куни қувонч порламоқда.

Ўктам МИРЗАЁРОВ.