Соғлом аёл — соғлом бола, соғлом бола — соғлом келажак
Истиқлол йилларида мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган эзгу ва хайрли ислоҳотлар ҳаётимизни, тақдиримизни тубдан ўзгартирди. Айниқса, фарзандларимизга давлат сиёсати даражасида кўрсатилаётган ғамхўрлик бениҳоя кенг миқёс касб этаётгани, шунингдек, келажагимиз мустаҳкамлигини кафолатлайдиган омиллардан бири — она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда эришган ютуқларимизнинг амалий самаралари қувончлидир.
— Юртбошимизнинг “Соғлом аёл — соғлом бола, соғлом бола — соғлом келажак” деган ҳикматона сўзлари бор, — дейди Миробод туманидаги 2-оилавий поликлиника бош шифокори Шоира Кабилова. — Унинг замирида ҳаётбахш, буюк мазмун-моҳият мавжуд. У аёл зотига ҳар томонлама мукаммал эъзоз ва эътибор кўрсатиш билан изоҳланади. Шу маънода, юртимиздаги ҳар бир катта-кичик тиббий муассаса бугунги кунда, авваламбор, мана шу муҳим жиҳатни ўз диққат марказида тутиб фаолият юритаяпти.
Шу билан бирга, оналик ва болалик муҳофазаси ҳақида гап кетганда, соғлиқни сақлаш соҳасида янгилик бўлган “Оилавий шифокор” тизимининг муваффақиятли жорий этилганига тўхталмай ўтишнинг иложи йўқ. Бугунги кунда ҳар бир оила аъзоларининг ирсиятга хос хасталикларга мойиллиги, иммунитет даражаси ўрганилиб, шу асосда тегишли муолажалар қилинаётгани касалликларни тез аниқлашда, асоратсиз даволашда қўл келмоқда. Бинобарин, оила шифокори чинакам маънода келажагимиз ворислари — жажжи гўдакларнинг ҳимоячиси, уларни асраб-авайлаб улғайтириш жараёнида фаол иштирок этадиган билимли ва малакали маслаҳатчиси ҳамдир. Чунончи, Миробод туманидаги 2-поликлиника салкам 50 минг кишига хизмат қилишидан, шулардан қарийб 11 минг нафари болалар, 2700 нафари ўсмир-қиз, 35000 га яқини турли ёшдаги кишилар ҳамда 11724 нафари фертил ёшидаги аёллар эканлигидан келиб чиқсак, ушбу тиббий муассасадаги шифокорлар зиммасидаги масъулият залворини ҳис этиш мумкин.
Мазкур тиббий муассасадаги бевосита оналик ва болалик муҳофазасига сафарбар қилинган 7 нафар гинеколог, 14 нафар педиатр, 12 нафар терапевт, таъбир жоиз бўлса, нафақат ўз йўналишида тажрибали ва малакали, балки бошқа тиббий йўналишлардан ҳам хабардор, шуларга оид хасталикларни ташхислашга ҳамда даволашга қодир мутахассислардир.
— Мени бу ерда кўз қорачиғидек асраб-авайлашади, — дейди Толариқ маҳалласида яшовчи Ибодат Аҳмедова. — Ҳозир иккинчи фарзандимизни кутаяпмиз. Оилавий патронаж асосида шифокорлар хонадонимизга бориб, аҳволимдан хабар олишади, саломатлигимни, руҳий ҳолатимни кузатишади. Нимаики безовта қилса, маслаҳат беришади, зарур бўлса, тегишли муолажалар буюришади. Ойим менга “Хўп яхши замонда келин бўлдинг”, деб кўп айтадилар. Аёлларга бўлган эъзозли муносабатдан мамнун бўлиб, шукрона келтирадилар.
Мухтасар қилиб айтганда, Истиқлол шарофати туфайли тиббиёт эл дардига дармон топадиган, мушкулини ҳал этиб берадиган тизим сифатида нуфузи ошди. Асосийси, аёлларимиз ва болаларимизнинг ишончли қўрғонига айланди. Зотан, олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асл мақсад ҳам шу.
Абдували ҚУТБИДДИНОВ.