Саломатлик — бебаҳо бойлик
Бехосдан ёпишган дард Ҳамидуллони айни кучга тўлган пайтида ҳолдан тойдириб, тўшакка михлаб қўйди. Унинг олтинчи бўйин умуртқасида хавфли хасталик — ўсма пайдо бўлган эди. Инсонни тик тутиб турган умуртқа экан.
— Беморни Андижон тиббиёт институтининг клиник шифохонасига олиб боринглар, — маслаҳат беришди Ҳамидуллони обдон текшириб кўрган мутахассислар.
— Нейрохирургия бўлимининг юқори малакали шифокорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб ўсмаларни вертебронпластика усулида даволашни йўлга қўйишди.
Профессор Қобилжон Худойбердиев бошлиқ шифокорлар беморни Германиядан келтирилган ядро магнит резонансли томограф ускунаси ёрдамида синчковлик билан текширдилар.
— Умуртқани очамиз, — қатъий хулосага келди профессор текширув натижаларини диққат билан кўздан кечирар экан. — Ўсма умуртқа суягини емириб юборган. Касалланган қисмини тозалаймиз. Кейин муолажага киришамиз.
Шифокор кўп йиллик тажрибаси, бугунги кун амалиёти билан чегараланиб қолмайди. Аксинча, янгиликларга дадил қўл уради. Илғор тиббий жиҳозлар билан “тиллаша” олади. Шу маънода бўлим шифокорлари Тошкент травматология илмий тадқиқот институти, республика нейрохирургия илмий маркази, Тошкент тиббиёт академияси сингари мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув даргоҳлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишган. Бундан ташқари, жамоа Россия Федерациясининг соҳа мутахассислари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган.
— Водийда ягона ҳисобланган шифохонамиз 730 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 24 та даволаш ҳамда 16 та ёрдамчи бўлим фаолият кўрсатмоқда, — дейди шифохона бош врачи, профессор Қобилжон Худойбердиев. — Республика Онкология илмий маркази профессори Мирзабек ўофурохунов раҳбарлигидаги етакчи мутахассислар билан биргаликда бўйин, кўкрак ҳамда бел умуртқаларида учрайдиган ўсмаларни жарроҳлик усулида олиб ташлашни ўзлаштирдик. Ҳозирга қадар 60 га яқин жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Шифохонамизга замбилда келтирилган беморлар оиласи бағрига ўз оёғи билан қайтишди. Ҳолбуки, илгарилари бу турдаги ғоят мураккаб жарроҳлик амалиётлари Москва, Киев, Санкт-Петербург каби шаҳарларнинг илмий марказларидагина амалга оширилар эди. 1 миллион 200 минг АҚШ доллари ҳисобига Германиянинг “Siеmens” фирмасидан келтирилган ядро магнит резонансли томограф текширув аппарати — чинакам мўъжиза. Касалликни аниқлаш, тўғри ташхис қўйишда ҳозирча унга етадигани йўқ. Ўтган йили эса шифохона Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 541 миллион сўмлик энг илғор диагностика жиҳозлари билан таъминланди.
Аҳоли саломатлиги йўлидаги бундай кенг қамровли ишлар вилоятдаги бошқа кўплаб тиббиёт муассасаларида ҳам амалга оширилаётгани қувонарлидир. Жумладан, ўтган даврда вилоятда 339 та қишлоқ врачлик пункти ташкил этилиб, уларнинг 225 таси замонавий меъморий ечимга эга бўлган кўркам биноларга кўчиб ўтгани ва “Саломатлик-2” лойиҳаси доирасида 257 минг АҚШ доллари қийматидаги тиббий жиҳозлар билан таъминлангани фикримиз тасдиғидир. Жойларда 20 та намунавий ҚВПлар ташкил этилди ва улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтига бириктириб қўйилди. Бу даргоҳлар қишлоқ врачлик пунктларининг услубий-методик ва моддий-техник ҳолатини яхшилашга амалий ёрдам бермоқда. Шунингдек, қишлоқ сиҳатгоҳлари учун “Дамас” русумидаги 10 та санитар автомашинаси ажратилди.
Маълумки, оиласи хотиржам инсоннинг ишида унум бўлади. Буни ҳисобга олган мутасаддилар томонидан ҚВПларда фаолият кўрсатаётган врачларнинг оилавий шароити ўрганиб чиқилиб, олисдан қатнаб ишлаётганларга қулайлик яратиш мақсадида 65 та замонавий тураржой биноси барпо этишга киришилди. 21 тасида эса қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.
Мухтасар қилиб айтганда, ўтган 2009 йилда вилоятдаги тиббиёт муассасалари фаолиятини намунали йўлга қўйиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 90 миллиард 670 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу 2008 йилдагига нисбатан 37 фоиз кўп демакдир. “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” Давлат дастуридаги вазифалар ижросини таъминлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида 3,2 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Шу жумладан, марказлашган маблағлар ва халқаро лойиҳалар асосида 512 миллион сўмлик тиббий ускуна ва жиҳозлар, дори-дармонлар келтирилди.
Бу сингари кенг кўламли ишлар замирида, энг аввало, инсон манфаати, унинг сиҳат-саломатлигини таъминлашдек эзгу ва улуғвор мақсад мужассам. Зеро, саломатлик — бебаҳо бойликдир.
Одилжон ШОДМОНАЛИЕВ.