UZ RU
24.07.2010

Баркамол авлоднинг келажаги порлоқ

Фарзандлари соғлом юртнинг келажаги порлоқ бўлади. Зеро, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар самараси бугунданоқ ўз ифодасини топмоқда.

Жойларда аҳолига юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, замонавий шифо масканлари фаолиятини йўлга қўйиш, она ва бола саломатлиги муҳофазасига қаратилган изчил чора-тадбирлар бунинг яққол тасдиғидир. Бинобарин, бугун соғлом наслни дунёга келтириш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни камол топтириш ҳаётимизнинг асосий мазмунини ташкил этаётир.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 37-оилавий поликлиникада яратилган шарт-шароитлар, оналар ва гўдаклар соғлиғини асраш ҳамда ирсий касалликлар кўпайишининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ана шундай эзгу ишлар сирасидандир. Мазкур шифо маскани замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, бу ерда малакали умумий амалиёт шифокорлари ҳамда тиббий патронаж хизмати ходимлари фаолият кўрсатмоқда.

— Шифо муассасамизда 37 минг кишига тиббий хизмат кўрсатилмоқда, — дейди оилавий поликлиника бош шифокори Саодат Абдуқаюмова. — Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш борасида махсус режа ишлаб чиқилган. Хусусан, Президентимизнинг 2009 йил 1 июлдаги аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган қарорига мувофиқ, ҳудуддаги маҳаллалар ва таълим муассасаларида мутахассислар иштирокида йиғинлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, шифо масканининг ўзида ҳар куни “Оналар мактаби” деб номланган семинар-тренинг машғулотлари ўтказилади.

Бу сингари тадбирларда ОИТС, гиёҳвандлик ҳамда юқумли касалликларнинг асоратлари, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, исталмаган ҳомиладорлик, она ва бола саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган оғир хасталикларнинг олдини олиш борасида тиббий маслаҳатлар берилади. Ўз навбатида, бундай саъй-ҳаракатлар ижобий самара бераётганлигини қайд этиш жоиз. Кейинги йилларда вояга етмаганлар орасида репродуктив хасталиклар кузатилмаганлиги, фертил ёшидаги аёллар орасида тиббий маданият тобора юксалиб бораётганлигини мисол сифатида тилга олиш мумкин.

— Оилавий поликлиникамизга ҳудуддаги 9 минг нафар фертил ёшидаги аёл мурожаат қилади, — дейди умумий амалиёт шифокори Фотима Раҳматова. — Уларнинг саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган камқонлик, йод етишмаслиги, юрак ва буйрак хасталиклари ҳамда экология билан боғлиқ бошқа касалликлар ўз вақтида аниқланиб, даво чоралари қўлланилиши учун тиббий тавсиялар берилмоқда.

Энг муҳими, оилаларда соғлом турмуш тарзига амал қилишни кенг тарғиб этишга эришилаётир. Бу эса баркамол авлодни дунёга келтириш, маънан ҳамда жисмонан етук фарзандларни вояга етказишдек муҳим вазифани амалга оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Муборак ОХУНОВА.