Фарзанд камоли
Ҳар бир ота-она фарзанди камолини кўришни, унинг эл-юрт корига яраб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишини истайди. Шу мақсадда жигарбандини эзгу ниятлар билан тарбиялайди, соғ-саломат вояга етказиш ҳақида қайғуради.
Қувонарлиси, бугун соғлом авлод камолоти йўлидаги бундай юксак ғамхўрлик ва эътибор давлатимизда устувор вазифалардан бирига айланган. Мамлакатимизда соғлом фарзандлар дунёга келишини таъминлаш ва уларни жисмонан бақувват ва баркамол қилиб вояга етказиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси бунинг ёрқин тасдиғидир.
Нукус шаҳридаги Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам ана шундай хайрли мақсадлар йўлида самарали фаолият юритмоқда. Жами 185 ўринга мўлжалланган ушбу муассаса Япония давлати гранти асосида қарийб 232 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминланганди. Натижада ушбу замонавий тиббий ускуналар воситасида болаларда учрайдиган турли хасталикларга аниқ ва тезкор ташҳис қўйиб, уларни самарали даволашда қўшимча имкониятлар яратилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш афзал ва самарали эканлиги инобатга олиниб, тиббий профилактика ишлари кўламини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида марказимизда 5 минг 238 нафар бола соғломлаштирилган бўлса, 25 минг нафардан зиёд йигит-қиз тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мутахассисларимиз томонидан жойларда, айниқса, чекка ва олис қишлоқ, овулларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантириш, турли касалликларнинг олдини олиш, болаларни соғломлаштириш борасида кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари йўлга қўйилди. Мазкур жараёнда қишлоқ жойларда болаларни тиббий текширувдан ўтказиш ва беморларни соғломлаштиришга жиддий эътибор қаратилди.
Албатта, бу соҳада самарали натижаларга эришиш ва ўз навбатида, юртдошларимизга юксак даражада тиббий хизмат кўрсатиш бевосита мутахассис кадрларимизнинг етарли билим, тажриба ва малакага эга бўлишлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис шифокор ва ҳамшираларимиз мамлакатимиз ҳамда хориждаги нуфузли олий ўқув юртларида ўз билим ва малакаларини мунтазам ошириб келишмоқда. Бу эса тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалиётга изчил татбиқ этиш ва пировардида аҳоли саломатлигини таъминлаш учун асос бўлаяпти.
Айни пайтда марказимиз замон андозаларига мос тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга эътибор кучайтирилмоқда. 2005-2006 йилларда муассасамизнинг даволаш мажмуасида 390 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишлари олиб борилгач, мавжуд имкониятларимиз кўлами янада кенгайди. 2010-2014 йилларда эса бу ерда янада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, бугун давлатимиз томонидан соғлом авлодни камол топтириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эзгуликка хизмат қилмоқда.
Алима МАТКАРИМОВА,
Нукусдаги Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази
бош шифокори