UZ RU
24.07.2010

Соғлом фарзанд — оила қувончи

Фарзанд орзу-умидлар рўёбидир. Шу боис ҳам чақалоқ дунёга келган куни ота-она учун ҳаётнинг энг тотли саҳифаси — гўзал, унутилмас ва мазмунли онлари бошланади. Бундай дамларни ҳатто гувоҳи бўлишнинг ўзи кишига ўзгача ҳаяжон ва завқ бағишлайди.

Дуога қўл очган киши борки, яхши ният билан боланинг доимо соғ-саломат бўлишини, эл корига ярайдиган комил инсон бўлиб вояга етишини ният қилади. Ана шундай эзгу истакларнинг амалга ошиши учун давлатимиз томонидан ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бошқа соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари кўпайиб, уларнинг сифати яхшиланмоқда. Масалан, биргина “Она ва бола скрининги” марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши орқали бўлғуси оналар ва чақалоқларни текшириш, уларда бирор-бир хасталик мавжуд бўлса, уни олдиндан аниқлаш, даволаш, ногиронликни, болалар ўлимини камайтириш, бир сўз билан айтганда, тўрт мучаси соғ фарзандлар туғилишини таъминлашга эришилмоқда.

Кейинги йилларда туғиш ёшидаги аёллар саломатлиги яхшиланиб, болалар ўлимининг камайиб бораётганида ҳам айнан ана шундай марказлар муҳим ўрин тутмоқда, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2008 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати яхшилангани амалда ўз самарасини бераётганини қайд этганди. Мисол учун, гўдаклар ўлими кўрсаткичи янги туғилган ҳар 1000 нафар чақалоққа нисбатан 23 тадан 13 тага тушгани ва биргина 2007 йилнинг ўзида 11 фоизга камайгани алоҳида келтириб ўтилганди. Албатта, бу натижалар биз, тиббиёт ходимларини ҳам жуда-жуда қувонтиради.

Бундан роппа-роса ўн йил муқаддам республика “Она ва бола скрининги” марказининг Нукус филиали иш бошлаган эди. Мана шу ўтган давр ичида муассасамиз замонавий ташхис аппаратлари ва малакали мутахассислар билан таъминланди. Хусусан, аёлларда ҳомиладорлик даври қандай ўтаётгани, туғилажак боланинг соғлиғи, оналардан олинадиган қон таҳлили орқали ҳомилада туғма касаллик бор-йўқлигини аниқлашда замонавий, рангли “Апогея-3500” ультратовушли сканер жиҳози бизга жуда қўл келмоқда. Бундан ташқари, ҳозиргача 20 мингга яқин янги туғилган чақалоқларни скрининг текширувидан ўтказишимизда ҳам “Дельфия”, “Мультискан” каби қатор замонавий аппаратлар иш бермоқда.

Муассасамизга текширувдан ўтишга келганларга мутахассисларимиз батафсил тушунтириш ишларини олиб боришади. Шунингдек, туғма касалликлар, уларнинг олдини олиш, филиалимиз фаолияти ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлишларида “Скрининг маркази аҳамияти тўғрисида” ва “Қуёшга интилиб” номли ҳужжатли видеофильмлар ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ишлари давом этаётир. 2007 йили мамлакатимизда бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг иккинчи босқичини амалга ошириш бўйича махсус дастур қабул қилиниб, бугунги кунда уни бажариш ишлари олиб борилмоқда. Ана шу ишларнинг барчаси одамларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, халқимизнинг яшаш даражасини кўтаришга қаратилгани билан диққатга сазовордир.

Мен шундай шарафли касбни эгаллаганимдан, халқ учун зарур соҳада меҳнат қилаётганимдан фахрланаман. Юртбошимиз биз, тиббиёт ходимларига ҳамиша катта ишонч билдириб, алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатадиларки, буни оқлаш зиммамиздаги энг олий масъулиятдир. Мустақиллигимизнинг 17 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига кўра, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланганим ҳам ушбу фикрларни яна бир карра тасдиқлайди. Ниятимиз — жамоамиз билан биргаликда бундан кейин ҳам юртимиз келажаги бўлмиш соғлом авлодни вояга келтиришдек масъулиятли вазифага ўз ҳиссамизни қўшиш. Зеро, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади.

Амина ҚАЛАНДАРОВА,

Республика «Она ва бола скрининги» маркази Нукус филиали директори.