UZ RU
24.07.2010

Соғлом оила — соғлом келажак

Мамлакатимизда эл саломатлигини асраш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, фаровон келажагимизни таъминлашга хизмат қилаётир. Бинобарин, бугунги кунда соғлом бола туғилиши, жисмонан ва маънан етук авлодни камол топтириш борасида амалга оширилаётган хайрли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жойларда замонавий шифо масканлари, ихтисослашган даво муассасалари, скрининг, перинатал ва репродуктив саломатлик марказлари намунали фаолият юритмоқда.

Бугунги кунда Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда соғлом турмуш тарғиботига қаратилган кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда. Ўз навбатида, мазкур қарорда белгиланган вазифалар, хусусан, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатадиган бирламчи бўғинлар фаолиятини янада такомиллаштириш каби кенг қамровли чора-тадбирларнинг изчил ижросини таъминлашда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Маълумки, репродуктив саломатликни асраш соғлом фарзандни дунёга келтириш, она ва бола соғлиғи ҳамда ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган хавфли хасталиклар келиб чиқишига йўл қўймасликнинг кафолатидир. Шу нуқтаи назардан бўлажак оналарнинг ҳомиладорлик даври кўнгилдагидек ўтиши ва бехатар туғуруқни таъминлаш, оналар ва янги туғилган чақалоқларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, бевақт ҳомиладорликнинг олдини олиш, юқумли касалликлардан сақланиш, гўдакни фақат она сути билан озиқлантиришнинг афзалликларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, ёшларимизнинг тиббий маданиятини ошириш сингари ҳаётий долзарб масалаларга жойларда жиддий эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йил бошидан буён мазкур чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этувчи юзлаб тиббиёт ходимлари махсус ўқув курсларида малака оширганлигининг ўзиёқ фикримизни тасдиқлайди.

Айни пайтда хотин-қизлар, ўсмир ёшдагилар, оила қуриш арафасидаги ёшлар жалб этилиб, мутахассислар иштирокида суҳбат ва мулоқотлар, савол-жавоб ҳамда тренинг машғулотлари ўтказилмоқда. Бу каби тадбирларда саломатликка эътиборли бўлиш, зарарли иллатларга берилмаслик, соғлом ва фаровон оила қуришнинг муҳим омиллари ёшлар онгига чуқур сингдирилаяпти. Шу ўринда жойларда, хусусан, қишлоқ фуқаролар йиғинлари ва маҳалла идоралари қошида хотин-қизлар маслаҳатчилари кенгаши, фаол аёллардан таркиб топган тарғибот гуруҳлари ташкил этилганлиги ушбу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Бугунги кунда бепуштликнинг олдини олиш репродуктив саломатликни асраш борасидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалар қаторига киради. Статистик маълумотларга кўра, айни пайтда юртимизда 15-20 фоиз оилаларда ана шундай муаммо аниқланган. Ўз навбатида, қайд этиш жоизки, бепуштлик нафақат тиббий, балки ижтимоий аҳамиятга молик масалалардан бири ҳамдир. Шуни инобатга олган ҳолда жойларда бепуштликдан азият чекаётган оилаларнинг ижтимоий ҳолати ва уларнинг репродуктив саломатлигини асраш билан боғлиқ масалалар юзасидан таҳлиллар олиб борилди. Яқинда Самарқанд, Қашқадарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида ўтказилган шу каби тадбирлар натижасидан маълум бўлдики, соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, ўз саломатлигига эътиборсизлик, эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сингари сабаблар туфайли шу сингари муаммолар келиб чиқмоқда. Ваҳолонки, бугун юртимизнинг энг олис қишлоқ ҳудудларида ҳам замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозланган даволаш-профилактика муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Барча вилоятларда етакчи олим ва мутахассислар гуруҳидан иборат “Саломатлик дорилфунунлари”, “Оила ва никоҳ” маслаҳатхоналари, махсус тиббий-генетик хоналар, даволаш муассасалари қошида эса Аёллар маслаҳатхоналари мавжуд. Никоҳдан сўнг 1-1,5 йил давомида ҳомиладорлик кузатилмаса, кечиктирмай ушбу масканлардаги малакали мутахассисларга мурожаат этиш лозим. Негаки, муаммони бартараф этиш учун ўз вақтида зарур муолажалар қўлланилсагина, даволаш самарадорлигига эришиш мумкин. Фикримизча, аҳоли, айниқса, ёшларимизнинг бу борадаги тушунчаларини кенгайтиришда соғлиқни сақлаш тизими ходимларидан ташқари кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла фаоллари, ўқув муассасалари ва ёшлар билан ишловчи ташкилотлар ҳам фаоллик кўрсатишлари лозим. Зеро, бу билан ҳар биримиз ёруғ келажагимизни таъминлашга ўз улушимизни қўшган бўламиз.

Умида ВАФОҚУЛОВА,

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг

масъул ходими, тиббиёт фанлари номзоди.