Қишлоқ врачлик пункти эл саломатлигига хизмат қилаётир
Бугун тиббиёт тизимидаги ислоҳотларнинг кўлами нақадар кенглигини энг чекка қишлоқларимиз ва маҳаллалар, тоғли ҳудудларда қад ростлаган ҳамда керакли жиҳозлар билан мукаммал таъминланган шифо масканлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 17 йиллик тантаналарига бағишланган маърузасида таъкидлаганидек, қишлоқда турмуш маданияти ва сифатини ошириш ҳақида гапирганда, энг ўткир ва долзарб яна бир масаланинг ечими тўғрисида доимо ўйлашимиз табиийдир. У ҳам бўлса, биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш, оналик ва болалик муҳофазаси, соғлом авлод тарбияси, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш билан боғлиқ бўлиб, бу борада ҳам самарали ишлар қилинди.
Мисол тариқасида барча қишлоқ туманларининг марказий шифохоналари умумий қиймати 12 миллион АҚШ доллари бўлган тиббий анжомлар, 44 та “УАЗ” санитария машинаси, 280 та «Дамас-амбуланс» тез ёрдам машинаси билан таъминлангани, қишлоқ врачлик пунктларига 1 миллион доллар миқдорида тиббий лаборатория анжомлари етказиб берилганини айтиш ўринли бўлади. Энг муҳими, йил давомида узоқ ва бориш қийин бўлган жойларда яшовчи қишлоқ аҳолиси малакали тиббий кўрикдан, 22 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёл махсус скрининг текширувидан ўтказилгани, 400 минг нафар бемор шифохоналарда даволаниб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаганини қайд этиш керак.
Ўтган Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йилида қишлоқларимиз аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, бу ерда замонавий тиббиёт муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд шифо масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларни энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш каби муҳим вазифалар ижроси изчил таъминланди. Хусусан, 2009 йилнинг ўзида ҚВПлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ушбу шифо масканларининг моддий-техник ҳолати қайта кўриб чиқилди. Катта ҳажмда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Қисқа фурсат ичида ҚВПлар қошида замонавий ва ҳар жиҳатдан қулай бўлган 150 тага яқин дорихона филиаллари ташкил этилди. Аҳамиятлиси шундаки, бу эзгу ишлар давр тақозоси билан эндигина илгари сурилаётган ташаббуслар эмас. Яъни, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ қабул қилинган давлат дастурлари, амалиётга жорий этилган истиқболли лойиҳаларда тиббий ислоҳотларни айнан қишлоқлардан бошлаш эътиборда тутилганди. Негаки, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан зиёди қишлоқларда яшайди. Қишлоқ жойларида эса бир замонлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси мутлақо қониқарсиз аҳволда эди. Яширишнинг ҳожати йўқ, собиқ шўро тузуми даврида қишлоқларда қарор топган омонатгина “Медпункт”лар жуда ночор эди. Беморларнинг тўлақонли даволаниши учун физиотерапевтик ускуналар ва кундузги шифо ўринлари ҳақида-ку, ҳатто, хаёл ҳам қилолмасдик.
Бугун юртимизда 3164 та қишлоқ врачлик пункти фаолият юритмоқда. Беқиёс ислоҳотлар самараси бўлмиш ҚВПларда эндиликда минглаб малакали умумий амалиёт шифокори фаолият кўрсатаётир. Шу билан бирга, бундай муассасалардаги тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида мамлакатимиздаги мавжуд тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий текшириш институтлари ва республика ихтисослаштирилган марказларининг қарийб 6300 нафарга яқин профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари иштирокида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бу ва бошқа кўплаб қулайликлар, ўз навбатида, соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ютуқлар салмоғининг янада ортишига хизмат қилаётир. Бинобарин, кейинги йиллар давомида ҚВПларга мурожаат қилувчиларнинг сони бир неча баробарга ошди. Хусусан, ҳозирда юртимиз бўйича битта ҚВПга кунлик қатнов 68 кишини ташкил қилмоқда. ҚВПларда касалликка ўз вақтида ва аниқ ташхис қўйиш ҳамда самарали даво усулларини қўллаш такомиллашгани натижасида кейинги пайтда туман ва вилоят шифохоналарида даволанаётган беморлар сони қарийб икки баробарга камайди.
Халқаро экспертларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон қишлоқларидаги бирламчи тиббий хизмат тизими жаҳон тиббиётида энг ноёб модель ҳисобланади. Чиндан ҳам, мамлакатимизда бу жабҳадаги ишларни янада яхшилаш бўйича узлуксиз чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини такомиллаштиришда халқаро ҳамкорлик имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Япония давлати томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан мамлакатимиз қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани фикримиз тасдиғидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, биз, тиббиёт ходимларининг кўнгилда ифтихор ҳиссини туйган ҳолда сидқидилдан меҳнат қилишимиз учун энг катта асос, бу — Президентимиз ғамхўрлиги ва эътиборидир. Шундай экан, Юртбошимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар йил сайин ўтказилаверади. Зотан, инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаати, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш доимо диққат-эътиборимиздаги масала бўлиб қолади.
Дониёр МИРАЗИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкил қилиш бош бошқармаси бошлиғи.