UZ RU
24.07.2010

Жаҳон тиббиёти ютуқлари

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказида кенг қўлланилмоқда

Юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган изчил чора-тадбирлар туфайли бугун жойларда замонавий шифо масканлари бунёд этилиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Айниқса, Президентимиз Фармонига мувофиқ, ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил этилгани ва уларнинг энг сўнгги ташхис ҳамда даволаш ускуналари билан жиҳозланганлиги хасталикларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида самарали даволаш имконини бераётир.

Бизнинг марказимиз бундан етти йил муқаддам ташкил этилган эди. Бугунги кунда кўз микрохирургияси бўйича энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва муолажаларни қўлламоқдамиз. Марказ барча қулайликларга эга бўлган тўрт қаватли бинода фаолият кўрсатаётир. Бу ерда маслаҳат-диагностика поликлиникаси, йилига олти минг жарроҳлик амалиёти ўтказиш имкони мавжуд бўлган махсус бўлим, 50 ўринга мўлжалланган стационар, ташхис хоналари, дорихона, лаборатория ва бошқа қулайликлар мавжуд. Шифо масканида йилига 25 мингдан зиёд киши қабул қилинмоқда. Даволаш назорати гуруҳи фаолият кўрсатаётганлиги боис, муолажадан сўнг ҳар бир бемор ушбу гуруҳ кўригидан ўтказилади. Шу тариқа даволаш сифати ва натижасига баҳо берилади.

Малакали мутахассисларимиз болалардаги ғилайлик ва кўз хиралашиши касалликларини махсус компьютер дастурлари ёрдамида даволаш, катаракта хасталиги, шоҳпарданинг хиралашиши, кўз олмасининг олд ва орқа қисмларидаги касалликларни лазер нури ёрдамида жарроҳлик усули билан бартараф этиш, шунингдек, қандли диабет хасталиги туфайли келиб чиққан кўз касалликларини даволашда жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланаётирлар. Улар АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Финляндия, Бельгия, мамлакатларининг нуфузли офтальмология клиникаларида малака ошириб, турли халқаро анжуманларда муваффақиятли иштирок этишган. Бундай тажрибали шифокорларимиз мамлакатимизнинг олис қишлоқ ва маҳаллаларига бориб, жойлардаги мутахассисларга тиббий тавсиялар бермоқдалар. Марказимиз томонидан вилоятларга юборилган ташкилий-услубий ва таҳлилий кўмак гуруҳлари иштирокида офтальмолог мутахассислар учун семинар-тренинглар, илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказилмоқда. Шу ўринда яқинда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Наманган вилоятига амалга оширилган хизмат сафарлари аҳоли орасида тиббий маданиятни юксалтириш борасидаги чора-тадбирларнинг амалий тасдиғи сифатида ижобий самара берганлигини қайд этиш жоиз.

Бугун марказимизда янгича қулайликлар, даволашнинг самарали усулларини фаолият асносида кенг қўллашга эришилаётгани, бир жиҳатдан, хориждаги етакчи тиббиёт марказлари билан изчил ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлиги билан ҳам боғлиқдир. Масалан, АҚШнинг Канзас штати, Вичита шаҳридаги халқаро кўз банки билан ҳамкорликда донор шоҳпарда олиб келиш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, бу кератопластика амалиёти орқали кўзнинг шоҳпардасини алмаштириш имконини бермоқда. Москва шаҳридаги Кўз микрохирургияси тармоқлараро илмий-техник мажмуаси билан ҳамкорлигимиз натижасида эса ҳар икки шифо масканининг мутахассислари ўзаро тажриба алмашиб, соҳада мураккаб технологияларни қўллаш бўйича юқори малакага эга бўлмоқдалар.

Марказда имтиёзли тоифага кирувчи беморлар учун барча тиббий хизматлар бепул амалга оширилмоқда. Ижтимоий кўмакка муҳтож беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш, энг мураккаб амалиёт — кўз гавҳарини сунъий гавҳарга алмаштириш каби чора-тадбирлар шулар жумласидандир. Қолаверса, марказга мурожаат қилган ҳар бир кишига, шунингдек, марказ ташаббуси билан маҳалла ва ўқув масканларида ўтказилаётган тадбирларда соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш, йилига камида икки маротаба офтальмолог шифокор кўригидан ўтиш лозимлиги кенг тушунтирилади. Айниқса, ёш болаларда учрайдиган кўз касалликлари аввалига у қадар сезилмай туриб, кейинчалик катта муаммолар туғдириши тажрибадан маълум. Шу боис бундай асоратли ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир оилада саломатлик масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим бўлади.

Зафар СИДДИҚОВ,

Республика ихтисослаштирилган

кўз микрохирургияси маркази директори.