Соғ-саломат бўлиш учун соғлиқнинг қадрига етмоқ керак
Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби халқ саломатлигини асраш борасида ҳам туб янгиланишлар рўй бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисидаги Фармонига мувофиқ, аҳоли саломатлигини асраш, жойларда тиббий хизмат сифатини ошириш, нафақат шаҳар марказлари, балки энг чекка қишлоқларда ҳам юксак талаблар даражасидаги замонавий шифо масканларини бунёд этиш ва мавжудларини қайта таъмирлаш муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди.
Фармон ижроси самараси ўлароқ, ҳудудларда энг сўнгги даволаш-диагностика ускуналари билан жиҳозланган шифо масканлари — шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилди.
Биргина ўтган йили ушбу тиббий муассасаларда 8 миллион нафардан зиёд қишлоқ аҳолиси малакали тиббий кўрикдан, 22 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёл скрининг текширувидан ўтказилди, 4,5 миллион нафар бемор эса шифохоналарда даволаниб, ўз саломатлигини тиклади.
Айтиш лозимки, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида аҳоли саломатлигига барча соҳалар ривожи, хусусан, иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш унумдорлигини оширишда муҳим омиллардан бири сифатида қаралади. Чунки, мутахассислар берган хулосаларга кўра, кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, саломатликка нисбатан бепарволик, масъулиятсизлик, лоқайдликни ҳамда кишилар руҳияти ва феъл-атворидаги нуқсонларни бартараф этиш орқали ҳар йили мамлакат ялпи ички маҳсулотини 9 фоизга тежаш мумкин экан. Умуман жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар қандай ривожланган мамлакат аҳолиси соғлиғи даражасини икки хил сифат кўрсаткичи билан белгилайди. Биринчиси, аҳолининг ўртача умр кўриши 75 ёшдан кам бўлмаслиги ва иккинчиси, болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг ўртача кўрсаткичи 15 тадан кўп бўлмаслиги зарур . Бизнинг юртда Истиқлолга эришилганидан сўнг ўтган давр мобайнида ўртача умр кўриш даражаси 4,5 йилга ортди. Шак-шубҳасиз, бу ҳукуматимизнинг ижтимоий сиёсати, Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини асраш, ушбу соҳада кенг кўламли тадбирлар олиб борилишига юксак эътибор қаратилаётганлиги натижасидир.
Барчамизга аёнки, соғ-саломат бўлиш учун, энг аввало, соғлиқнинг қадрига етмоқ керак. Шу боис бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасидаги тушунча ва қарашларини бойитиш лозим. Айни пайтда ушбу долзарб вазифани амалга оширишга Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти ҳам муносиб улуш қўшиб келмоқда. Бугунги кунда институтнинг 14 та ҳудудий филиали ҳамда 159 та туман, 14 та шаҳар саломатлик маркази фаолият кўрсатаяпти. Улар даволаш-профилактика муассасалари билан доимий ҳамкорликда иш юритиб, тиббиёт мутахассисларига ташкилий-услубий йўналишларда кўмак бериб бормоқда.
Саломатлик ва тиббий статистика институти таркибидаги барча профилактик масканлар мутахассислари тиббий билим, малака ва тажрибага эга кадрлардир. Мутахассисларимиз аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишмоқда. Бугунга келиб институт ходимлари тиббий мутахассислар учун ўнлаб методик тавсиялар ишлаб чиқишди. Бундан ташқари, сўнгги икки йил мобайнида жойлардаги мутахассислар иштирокида 638 та ўқув машғулоти ўтказилди. Қолаверса, кенг жамоатчилик орасида тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш учун мактаб ўқитувчиларига мўлжалланган 10 турдаги қўлланма ва тавсиялар, шунингдек, буклет ва плакатлар тайёрланди. Ушбу рисолалар ва тасвирий ифода воситаларида саломатликни асраш, соғлом ва баркамол авлодни камол топтириш учун нимаики зарур бўлса, барчаси қамраб олинган.
Институтимиз турли жамоат ташкилотлари билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб боради. Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Оила” илмий-амалий маркази, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, “Маҳалла” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда ишламоқдамиз. Маҳаллалар ва ўқув масканларида давра суҳбати, савол-жавоб ва мулоқот, семинар-тренинг, кўрик-танлов, спорт акцияси кўринишидаги йиғин ва тадбирлар ташкил этиб борилаётир. Қувонарлиси, бундай тадбирлар натижасида ёшларнинг тушунча ва дунёқарашини кенгайтиришга, уларда ОИТС, чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ва гиёҳвандликка қарши курашиш истагини кучайтиришга эришилаяпти. Бундай тарғибот-ташвиқот тадбирлари асносида ўсмир йигит-қизларнинг мутахассислар маслаҳатини жон қулоғи билан тинглашларига, қизғин руҳдаги савол-жавобларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Жаҳон олимларининг фикрича, барча мамлакатлар аҳолиси, биринчи навбатда, ёшлар соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилсалар, ҳар бир одам ўз саломатлигини мустаҳкамлашга эришса, шунингдек, меҳнат қобилияти яхшиланиши, узоқ умр кўриш, келажак авлод генофондини соғломлаштириш каби ҳаётий муҳим кўрсаткичларда ижобий ўзгаришлар кузатилса, бу ҳолни улкан ижтимоий тараққиётга ва тиббиётдаги оламшумул кашфиётга тенглаштириш мумкин экан. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳар биримиз бебаҳо бойлигимиз бўлмиш саломатликни асрашга астойдил бел боғласак, танимиз сиҳат бўлса, дилимиздаги орзу-мақсадларга ҳам бирма-бир эришаверамиз.
Зулхумор МУТАЛОВА,
Республика Саломатлик ва
тиббий статистика
институти директори.