UZ RU
24.07.2010

Баркамол авлод — юрт таянчи

Мамлакатимизда фарзандларимизнинг соғлом вояга етишларини таъминлашга қаратилган аниқ ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Зеро, соғлом бола туғилиши, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган хайрли ишлар бунинг тасдиғидир.

Шу каби ҳаётий муҳим вазифаларни бажаришда Республика репродуктив саломатлик марказининг ҳам муносиб ўрни бор. Марказимиз 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, бугун жойларда унинг 19 та филиали мавжуд. Қолаверса, шаҳар ва туманлардаги шифо муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари қошида репродуктив саломатлик бўлимлари ташкил этилган. Марказимизнинг малакали мутахассислари мазкур шифо масканларидаги умумий амалиёт врачларининг малакасини оширишда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Аслида репродуктив саломатликни асрашдан мақсад соғлом фарзандни дунёга келтириш, она ва бола соғлиғи ҳамда ҳаётини муҳофаза қилишга эришишдир.

Президентимизнинг “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, репродуктив саломатлик масканларида фаолият юритаётган тиббий ходимлар бўлажак оналарнинг ҳомиладорлик даври кўнгилдагидек кечиши ва бехатар туғуруқни таъминлаш, оналар ва янги туғилган чақалоқларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, бевақт ҳомиладорликнинг олдини олиш, бепуштлик, юқумли касалликлардан сақланиш, гўдакни кўкрак сути билан боқишнинг афзалликларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, ёшларимизнинг тиббий маданиятини ошириш сингари долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратмоқдалар. Биргина жорий йил бошидан буён мазкур чора-тадбирларни амалга оширишда 5 минг нафардан зиёд мутахассис иштирок этганлигининг ўзиёқ фикримиз далилидир.

Марказимиз ташаббуси билан ҳар ойда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида туғиш ёшидаги аёлларни комплекс соғломлаштириш ҳафталиги ўтказилади. Ушбу тадбирда пойтахтдаги малакали шифокорлар чекка қишлоқ ва маҳаллаларга юборилиб, улар томонидан хотин-қизларни бепул тиббий текширувдан ўтказиш ва зарур муолажаларни қўллаш бўйича ҳудудлардаги мутахассисларга тегишли тавсия­лар бериб борилади.

Ҳаётий кузатувларимизга таяниб айтадиган бўлсак, бугунги кунда туғиш ёшидаги аёллар орасида биринчи фарзанди дунёга келганидан сўнг ўз соғлиғини тўлиқ тиклаб олишга улгурмай туриб, яна ҳомиладор бўлиш ҳолатлари ҳали-ҳамон учрамоқда. Энг ёмони, ҳомиладорлик туфайли она сутидан барвақт ажратилган гўдак ўсиш ва ривожланишда ортда қолиб, болани сунъий ов­қатлантириш жараёнида ҳар доим ҳам гигиена қоидаларига риоя қилинавермаслиги натижасида ўткир юқумли ичак ­хасталиклари келиб чиқиши мумкин.

Буларнинг бари ҳар бир она билиши ва қатъий риоя қилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлардир. Шу маънода, мазкур тушунчалар қизларимиз, яъни бўлғуси оналар онгига ёшликданоқ сингдириб борилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Феруза РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Республика репродуктив саломатлик

маркази директорининг ўринбосари.