«Тез ёрдам» чақириғи камайди. Бунга қандай эришилди?
Истиқлол йилларида мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар эл саломатлигини асрашга қаратилган кўплаб хайрли ишларнинг асоси бўлди.
Хусусан, “Тез ёрдам” хизмати тубдан такомиллаштирилди. Бугунга келиб, мазкур тармоқ “Шошилинч тиббий ёрдам хизмати” деган алоҳида ном билан аталмоқда. Шошилинч тиббий хизмат тизими бир неча бўғиндан иборат бўлиб, унга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бошчилик қилмоқда.
Хўш, Хоразм вилоятида бу борадаги ишлар кўлами қандай?
Бугунги кунда ҳудуднинг шаҳар ва туманларида жами 12 та тез тиббий ёрдам хизмати бўлимлари мавжуд. Жойларда тез тиббий ёрдам хизматини аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларга яқинлаштириш мақсадида туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаларига қарашли 18 та таянч пункти фаолияти йўлга қўйилган. Айниқса, қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пунктлари қошида ҳам таянч пунктлари ташкил этилаётгани эътиборга молик.
Сўнгги тўрт йил мобайнида “тез ёрдам” бўлимлари 33 та янги автомобиль билан таъминланди. Жорий йилда яна 8 та “Hуundai” русумли автомашина хизмати йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Барча бўлимлар, таянч пунктлари замонавий алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган. Айни кунда вилоят миқёсида 360 та бригада аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Уларда беморга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган дори-дармон воситалари мавжуд. Хусусан, оддий тез ёрдам пункти 32 турдаги, махсус бригадалар эса 82 турдаги дори воситаларига эга. Шунингдек, махсус бригадалар ЭКГ аппарати ва қон ўрнини босувчи суюқликлар билан таъминланган. Тез тиббий ёрдам ходимлари кечаю кундуз меҳнат қилишлари боис уларга ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароит яратилган.
Маълумки, ушбу соҳа ходимлари ўзига яраша машаққатли вазифани адо этадилар. Тез ёрдам шифокорининг бир оздан сўнг қаерда, қай манзилда бўлиши аниқ эмас. У ҳар қандай вазиятга тайёр туриши даркор. Зеро, у бемор ҳаётини сақлаб қолиш, унинг саломатлиги учун қайғуришга масъул. Қолаверса, “Тез ёрдам” шифокори бир пайтнинг ўзида ҳам жарроҳ бўлиши, ҳам беморнинг руҳий ҳолатидан тортиб, унинг вужудини безовта қилаётган касалликни тезкорликда аниқлай билиши зарур. Бусиз беморга тез тиббий ёрдам кўрсатиб бўлмайди. Шу боис вилоят “тез ёрдам” хизмати ходимлари билим ва малакасини янада ошириш мақсадида амалий ишлар олиб борилаяпти. Ўтган йили 14 нафар шифокор Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака ошириб қайтди. Қолаверса, соҳага тажрибали мутахассисларни жалб этиш борасида ҳам самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Авваллари ёш мутахассислар ишга тўғридан-тўғри қабул қилинган бўлса, эндиликда бу қоидага чек қўйилди. Бугун ишга қабул қилинажак ҳар бир мутахассис махсус тайёргарликдан ўтказилиб, 3 ой синов муддати билан иш бошлайди. Шу давр ичида мутахассис ишга лаёқатини намоён эта олса, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Хоразм вилояти филиали қошидаги комиссияда имтиҳон қилиниб, унинг қарори асосида ишга қабул қилинади.
Шуниси эътиборга моликки, бугун ҳудудда “Тез ёрдам”га чақириқлар сони сезиларли даражада камайди. Масалан, 2006 йилда аҳолидан 257 мингта чақириқ тушган бўлса, ўтган йили бу рақам 240 мингтани ташкил қилди. «Хўш, бунга қандай эришилди?» деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, вилоят “Тез ёрдам” хизмати ходимлари бир янгиликка қўл уришди. Яъни вилоятда тез тиббий ёрдам хизмати ва жойлардаги поликлиникалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан “Ягона диспетчерлик тизими” яратилишига эришилди. Бу эса чақириқлар сони камайишига олиб келмоқда.
Диспетчерлик хизматининг афзаллиги шундаки, унинг ёрдамида кетма-кет чақириқ тушган 3 ёшгача бўлган бемор болалар ва тана ҳарорати тез-тез кўтариладиган, сурункали касаллик билан оғриган катта ёшдаги беморлар ҳақида поликлиникаларга мунтазам хабар бериб турилади. Натижада поликлиника ёки ҚВП шифокорлари беморни дарҳол назоратга олиб, муҳим шароитда ёки уйда даволашни бошлайдилар. Шу тариқа, кетма-кет чақириқларга чек қўйилади. Бу билан “Тез ёрдам” ходимларининг вақти, автомашинага кетадиган ёнилғи тежалади. Бир сўз билан айтганда, бугун соҳага татбиқ этилаётган янгича иш услуби аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида бирмунча қулай имкониятларга йўл очиб, соҳа ривожини таъминлаётир.
Ойбек РАҲИМОВ.