UZ RU
24.07.2010

Соғлом она, соғлом бола

Мамлакатимизда навқирон авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб камол топиши йўлида эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги хайрли чора-тадбирлар туфайли туғиш ёшидаги аёллар ҳамда гўдаклар ҳаёти билан боғлиқ нохуш ҳолатлар кескин даражада камайишига эришилганлигининг ўзиёқ ушбу фикрни тасдиқлайди.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда Президентимизнинг 2009 йилнинг 13 апрелида қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, устувор аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзига риоя этишни тарғиб қилиш, репродуктив саломатликни асраш, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи шифо масканлари фаолиятини янада жонлантириш каби муҳим жиҳатлар қамраб олинган. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 1 июлдаги “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги амалий ишларнинг янада кенг кўламда бажарилишини таъминламоқда.

Республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам ҳаётий аҳамиятга эга бўлган ана шундай саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Марказимиз олим ва мутахассислари репродуктив саломатликни асраш борасида замонавий технологияларни самарали қўллаш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга катта эътибор бермоқда. Бу ерда мамлакатимиз миқёсида биринчилардан бўлиб, бепуштликни даволашнинг ноёб усуллари қўлланила бошланди. Бундан ташқари, шифо масканида гинекологик ва урологик хасталикларни даволаш, соғлом наслни дунёга келтиришда тўсқинлик қилувчи омиллардан бири — инфекцияларга қарши курашиш учун етарли имконият ва шарт-шароитлар мавжуд. Марказнинг Перинатал бўлимида эса гинекологик хасталикларга ультратовуш диагностикаси ёрдамида ташхис қўйилади. Йилига жами эллик минг нафардан зиёд беморга хизмат кўрсатяпмиз, улар орасида нафақат мамлакатимиз, шу билан бирга қўшни давлатлардан келиб, мурожаат қилаётганлар ҳам бор.

Бугунги кунда марказнинг Жиззах, Наманган, Қарши ва Нукус филиаллари замонавий техник жиҳозлар, тиббий ташхис ускуналари билан тўлиқ таъминланган бўлиб, яқин орада барча вилоятларда ҳам ана шундай мукаммал шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган.

Шифо масканида ҳомиладорлик даври ва ундан кейинги асоратларнинг олдини олишга хизмат қиладиган махсус лаборатория мавжуд. Шу ўринда, айтиш жоизки, бўлғуси оналар соғлиғига хавф солувчи бу сингари асоратлар туғуруқ пайтида кўп қон йўқотиш, ҳомиладорликда қон босимининг ошиши каби нохуш ҳолатлар туфайли ҳам келиб чиқади. Негаки, соматик, гинекологик хасталиклар, доимий стресслар, нотўғри овқатланиш каби носоғлом турмуш тарзи она организмининг иммун тизими издан чиқишига сабаб бўлиб, оқибатда туғуруқ асоратли кечишига олиб келиши мумкин. Шу боис ёшларимизда рисоладагидек ҳаёт кечириш, ўз саломатлигига эътиборли бўлиш, зарарли иллатларга ён бермасликка интилиш ҳиссини кучайтиришга эришишимиз лозим. Чунки фақат соғлом ота-онадангина соғлом, баркамол ва бақувват фарзанд дунёга келади.

Аслида ҳам, бўлғуси ота-она ўз саломатлигига жиддий эътибор қаратсагина, ундан соғлом фарзанд дунёга келади. Бу барчамизга аён ҳақиқат. Шу боис ёш оилалар туғиш ёши 20 дан 35 ёшгача бўлиши лозимлиги, туғуруқ оралиғи эса энг камида 3-3,5 йил бўлиши кераклиги хусусида етарли тушунчага эга бўлишлари, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, саломатлиги ва туғилажак фарзандининг соғлиғига хавф солиши мумкин бўлган хасталиклардан ўз вақтида фориғ бўлишга эътибор қаратишлари лозим. Бундан ташқари, эрта ёшдаги туғуруқ, қариндошлар ўртасидаги никоҳ сингари ўз тақдирига лоқайдлик билан муносабатда бўлиш ҳолатлари носоғлом гўдак туғилишига сабаб бўлади. Бу тушунчаларни ёшларимиз онгига ўсмирлик давриданоқ сингдириб бориш даркорлигини унутмаслик лозим. Келажакда она бўлгувчи қиз тўққиз-ўн ёшидан бошлаб, йилига икки маротаба болалар гинекологи кўригидан ўтиб туриши, вояга етиш даврида унинг саломатлиги шифокорнинг доимий назоратида бўлиши даркор. Бундай ёндашув келгусида жиддий муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш, ҳар жиҳатдан соғлом авлодни шакллантиришнинг муҳим омилидир.

Саидазим СУЛТОНОВ,

Республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори.