UZ RU
16.07.2010

Муҳими: Она ва бола ҳамда аҳоли саломатлигига эътиборни кучайтириш

Давлатимиз эртаси бўлмиш болажонлар ва аёлларга яратилаётган барча имкониятлар ҳеч бир тиббиёт ходимини бефарқ қолдираётгани йўқ. Айниқса, ўтган ва мазкур йилимизнинг ярим йиллигини сарҳисоб қилар эканмиз, мамлакатимизда бу борада жуда салмоқли ишлар бажарилганлигини фахр билан айтиш мумкин. Қишлоқларда замонавий тиббиёт биноларининг барпо этилганлиги ва улардаги шарт-шароитлар ҳамда малакали кадрларнинг аҳолига кўрсатаётган хизматларини таъкидлаш муҳимдир. 2010 йилнинг 30 июнида Юртбошимиз томонидан "Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўн тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Қарорининг қабул қилиниши соҳа мутахассисларини янада катта куч ҳамда шижоат билан ишлашга ундамоқда.

Шундай экан, Қарордаги "Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон", деган эзгу ғоянинг тилга олиниши фаолиятимиздаги мезонларнинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини белгилаб берди. Дарҳақиқат, 2009 йил 13 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1096-сонли ҳамда жорий йилнинг 1 июлдаги ПҚ-1144-сонли "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги Қарорларининг қабул қилиниши соҳа фаолиятини янада шакллантириб, аҳолига кўрсатилаётган сифатли тиббий хизмат даражасини оширишга катта имкон яратди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саломатлик-1-2" ва "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳалари борасида ҳам қишлоқдаги тиббий муассасаларни қайта қуриш ва аҳоли саломатлигини тиклаш ҳамда болаларнинг жисмоний ривожланишига баҳо бериш, она-бола саломатлигини яхшилаш ишларига катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи ишлаб чиқилиб, бирламчи тиббиёт бўғинидаги барча қишлоқ врачлик пунктларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида республикадаги ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтлари, олий ўқув юртларининг ўқитувчи-профессорлари бириктирилди ва бу борада самарали ютуқлар қўлга киритилди. Шу жумладан, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида юқоридаги қарорларнинг бажарилиши юзасидан ҳозиргача анча ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарори билан Хоразм вилояти туманларидаги 9 та қишлоқ врачлик пунктлари кафедралардаги профессор-ўқитувчиларга бириктирилди. Бизнинг "БКП, педиатрия ва олий ҳамширалик иши" кафедрасига ҳам Урганч туманидаги "Пахтакор" қишлоқ врачлик пунктига услубий, даволаш, ташкилий ишларда амалий ёрдам кўрсатиш белгиланган эди. Филиалимизда бу борада махсус штаб тузилиб, ҳар бир қишлоқ врачлик пунктига турли мутахассисликлардан иборат бўлган гуруҳ ташкил қилинди. Кафедрамиз томонидан Урганч туманидаги барча ҚВПларга янги даволаш, ташҳис стандартлари, касалликларнинг замонавий таснифи, болаларга стационар ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги янги ўқув дастурлари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 80-буйруғи нусхаси, демографик кўрсаткичларни ҳисоблаш бўйича услубий қўлланмалари тақдим этилди. Гуруҳдаги белгиланган профессор-ўқитувчилар томонидан жадвал асосида ҚВПда тиббий кўрик, меъёрий ҳужжатлар таҳлили, ҚВП фаолияти ўрганилди. 687 та туғиш ёшидаги аёллар кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича 118 та аёл соғломлаштирилди. ҚВП ходимлари ўртасида суҳбатлар, аҳоли ўртасида учрашувлар ва бундан ташқари Урганч туман алоқа ва саноат касб-ҳунар коллежида ўқитувчилар ва талабалар билан учрашув ҳамда суҳбатлар олиб борилди. Фертил ёшидаги аёллар ва ўсмирларда УЗИ текшируви ўтказилиб, аёлларга кўрсатма бўйича контрацептив воситалар қўлланилди. Филиал билан шартнома асосида ҳамкорлик ўрнатиб келаётган Жанубий Кореянинг "ЕВХА" аёллар тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари билан биргаликда Урганч туманидаги "Ғалаба" ва "Пахтакор", Янгибозор туманидаги "Уйғур" ҚВПларига ташриф буюриб, у ердаги аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган беморлар учун ҳар бир ҚВПга 524 минг сўмлик бепул дори-дармон тарқатилди. Бундан ташқари, юқоридаги номлари келтирилган ҚВПларга қон босимини ўлчовчи компьютерли тонометр, қондаги қанд миқдорини текширувчи гликометр тақдим этилди. Кафедрамиз томонидан Урганч туман "Пахтакор" ҚВПсига замон талабига жавоб берадиган стендлар тайёрлаб берилди. Ҳафтада икки марта қишлоқ врачлик пунктига бориш режалаштирилган. Гуруҳимиз билан Урганч туманидаги барча ҚВП мудирлари ва умумий амалиёт шифокорларига танланган мавзулар бўйича семинар ва амалий анжуманлар ўтказиб келдик.

Демак, бу фаолиятлар яна узлуксиз тарзда давом эттирилиб, ўсиб келаётган авлодни соғлом вояга етказиш, уларни маънавий етук қилиб тарбиялаш – соғлиқни сақлаш ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Баркамол авлодни вояга етказишда, аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишда биз педагог ва шифокорлар ўз меҳнатларимизни аямаймиз. М. АлимуҲамедова, С. ХудОйназарова, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали ўқитувчилари.