Қонуннинг Қудрати – унинг ижросида
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз ижтимоий сиёсатида асосий ўринни эгаллаб келмоқда. Чунки, ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва салоҳияти фуқароларнинг жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан соғломлик даражасига бевосита боғлиқ эканлигини бугунги кунда ҳеч ким инкор эта олмайди.
Таъкидлаш муҳимки, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб аҳолини, айниқса, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, замон талабларига мос, етук ҳамда баркамол авлодни парваришлаб вояга етказиш каби масалалар ҳукуматимиз сиёсатидаги устувор йўналишлардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият эканлиги эътироф этилганлиги ҳам юртимиздаги барча саъй-ҳаракатлар аҳолининг фаровон, соғлом ҳаёт кечиришини таъминлаш учун хизмат қилишини англатади.
Юртимиз фуқаролари соғлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инсон саломатлигига хавф соладиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, юқумли ҳамда вирусли инфекцияларга қарши кураш борасида Юртбошимиз раҳнамолигида кенг кўламли ва чуқур ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда, тизимнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимидаги муносабатларни, яъни аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита ёки билвосита дахлдор бўлган барча муносабатларни тартибга солувчи муҳим қонунларни қабул қилиш бўйича ҳам самарали ишлар бажарилмоқда. Жумладан, мустақиллик йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир қатор қонунлар (13 та), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг ўнлаб қарорлари қабул қилинди.
Айтиш жоизки, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган Ўзбекистон Республикасининг "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди ва 2007 йилнинг май ойидан кучга кирди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий йод элементи амалда деярли учрамаганлиги туфайли аҳолининг ушбу кимёвий муҳим микроэлементга бўлган талабини қондиришнинг – ягона, арзон ва энг муҳими, ҳамманинг қўлидан келадиган осон йўли – бу, озиқ-овқат маҳсулотлари билан фақат йодланган ош тузини истеъмол қилишдир. Мазкур Қонунда айнан ана шу жиҳат инобатга олинган ва унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида Қонун кучга кирганидан сўнг йодланмаган ош тузининг дўконларда сотилиши (шунингдек, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, ташилиши, Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши ҳам) мутлақо тақиқланган (Қонуннинг 15-21-моддалари).
Афсус билан қайд этиш керакки, мазкур Қонун қабул қилинганлигига қарамасдан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йод танқислиги оқибатидаги касалликлар катталар ва болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда туғилажак болалар соғлиғига жиддий зарар етказаётганлиги барчамизни ташвишга солмоқда. Ушбу тоифадаги касалликларнинг тузалиши қийинлиги, унинг асоратлари бир умрга инсон организмида ўзгартириб бўлмас из қолдириши баробарида, даволаниш жараёнида дори воситаларига кетадиган сарф-харажатлар оилаларининг моддий таъминотига путур етказаётганлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.
Қонуннинг қабул қилиниши кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолисини ташвишга солиб келаётган йод танқислиги ҳолати ва у билан боғлиқ оқибатларнинг олдини олиш ҳамда бу борадаги муаммоларни ҳал қилишнинг реал имкониятларини яратди. Аммо бу имкониятлар ўз-ўзидан самара бермайди, яъни очиғини айтадиган бўлсак, Қонун ўз-ўзидан ижро этилмайди, унинг ижросини талаб даражасига етказмасдан туриб эса, ундан кутилаётган натижага, аҳоли ўртасидаги йод танқислиги ҳолатига, унинг оқибатида келиб чиқаётган касалликлар ва уларнинг оғир асоратларини бартараф этишга тўлиқ эришиб бўлмаслиги барчамизга ойдек равшан.
Инсон ҳаёти ва соғлиги учун қабул қилинган барча Қонунларнинг ижроси асосан, соғлиқни сақлаш тизими, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутасаддилари фаолликларига, энг аввало, уларда қонун ижросига нисбатан дахлдорлик ҳисси, шунингдек, масъулиятлиликнинг қай даражада эканлигига боғлиқ. Хўш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ўта муҳим аҳамиятга молик бўлган мазкур Қонуннинг жойлардаги ижроси қай аҳволда?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш учун ишчи гуруҳи тузилиб, жорий йилнинг 11-12 июнь кунлари мазкур вилоятлар ҳудудларида Қонуннинг ижросига оид ҳолат ўрганилди ва қайд этилган натижаларга кўра, аҳолини сифатли йодланган ош тузи билан таъминлаш борасида муайян ижобий ютуқларга эришиш баробарида, ушбу ҳудудларнинг барчасида деярли бир хилдаги камчиликларга йўл қўйилаётганлиги туфайли қонун ижроси тўлиқ бажарилмаётганлиги ва унга тўлиқ риоя этилмаётганлиги, ҳаттоки, ушбу қонуннинг қатор моддалари ижроси қўпол равишда бузилаётганлиги аниқланди.
Жумладан, ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай, Чирчиқ, Оҳангарон, Янгийўл шаҳарлари, Зангиота, Тошкент, Юқоричирчиқ, Пискент, Оққўрғон, Бўка, Ўртачирчиқ туманлари, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Қумқўрғон, Шўрчи, Қизириқ, Термиз, Жарқўрғон, Денов, Бойсун, Шеробод, Сариосиё туманлари, Сирдарё вилоятининг Гулистон, Янгиер, Ширин шаҳарлари, Мирзаобод, Гулистон, Боёвут, Сирдарё, Ховос, Сайхунобод, Сардоба, Оқ олтин туманларида масалага оид ҳолат ўрганилганда мазкур ҳудудлардаги давлат санитария-эпидемиология назоратлари марказлари (ДСЭНМ) томонидан "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси бўйича ҳудудий дастурларнинг мавжудлигига, мониторинглар олиб бориш ишлари амалга ошириб келинаётганлигига қарамасдан, ишлаб чиқариш, сотув ҳамда истеъмол босқичидаги ош тузларининг йодланганлик даражасини таъминлашда жиддий камчиликлар борлиги, мониторинг олиб боришда қонуннинг моддаларида белгилаб қўйилган аниқ вазифаларни бажариш ишларига эътибор қаратилмаётганлиги кузатилди.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Оққўрғон ва Бўка туманлари, Қибрай шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан мазкур Қонун кучга кирганидан буён унинг ижроси бўйича тиббиёт кенгашида бирорта ҳам масала кўрилмаган.
Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ушбу вилоятларда аҳолини йодланган ош тузи билан таъминлаш борасидаги аҳволнинг назорат тартиби ўрганилганда уларда бир хил эканлиги кузатилди, яъни: озиқ-овқат савдо шахобчалари, бозорлар ва дўконларда сифатли йодланган, йодланганлик даражаси истеъмолга яроқсиз миқдорда бўлган, яроқлилик муддати ўтиб кетган, ташқи кўринишининг ўзиёқ истеъмолга мутлақо яроқсизлиги аниқ бўлган ёки бўлмаса мутлақо йодланмаган ош тузлари бемалол реализация қилинаётганлигининг гувоҳи бўлдилар. Шуниси ачинарлики, сифатли йодланган, қонунда белгиланган талабларга жавоб берадиган даражада истеъмолга яроқли деб топилган ош тузларининг сони яроқсизлари сонидан камроқ учрамоқда. Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги "Файз барака" номли хусусий дўконда "Идеал", "Нурафшон келажак" озиқ-овқат дўконидаги "Навоий Ўлмасбек", шу туман новвойхоналаридан бирида "Бўка Мафтункор", "Идеал" ош тузларининг йодланганлик даражаси жуда паст бўлиб, истеъмолга мутлақо яроқсиз эканлиги, Пискент тумани марказидаги озиқ-овқат дўконларидан бирида ўрганилган "Реал" ош тузида йод элементининг мутлақо мавжуд эмаслиги аниқланган бўлса, Ўртачирчиқ туманидаги "Тўйтепа нон" ишлаб чиқариш корхонасида сифат сертификати бўлмаган, яроқлилик муддати ўтган "Чарос" ош тузи ишлатилаётган экан.
Юқоричирчиқ туман ДСЭНМ томонидан 2007 йилдан 2010 йилнинг 5 ойигача бўлган даврда жами 1041 та ош тузи синамалари лаборатория текширувига олинган бўлиб, улардан 183 синамада ош тузи таркибидаги йод миқдори меъёридан кам эканлиги аниқланган. Бу ош тузлари савдодан олинган.
Паркент туманида: ДСЭНМ томонидан 2007 йилда 93 та ош тузи синамалари лаборатория текширувига олинган бўлиб, шундан 9 таси меъёрида йодланмаганлиги аниқланган ва 210 кг ош тузи сотувдан олинган бўлса, 2008 йилда 133 намунадан 21 таси талабга жавоб бермаган, 2009 йилда 140 та намунадан 16 таси, 2010 йилнинг беш ойи давомида 30 та намунадан 3 таси яроқсиз деб топилган. Худди шу аҳвол Бўстонлиқ туманида, Оҳангарон, Олмалиқ, Чирчиқ шаҳарларида ҳам мунтазам равишда такрорланиб келмоқда.
Чирчиқ шаҳар аҳолиси ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш мақсадида йодланган ош тузи ва йодланган озиқ-овқатларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан шаҳар ДСЭНМ томонидан доимий назорат ўрнатилган бўлса-да, сифатсиз йодланган ош тузини савдода учратиш қийин эмас: 2009 йил мобайнида шаҳарда фаолият кўрсатаётган умумий овқатланиш ва савдо шахобчалари – "Эден" ХФ кафесидан олинган "Феруз Ш", "Арофат-нур-А" ХФ кафесидан олинган "Орзу", халқ таълими бўлимига қарашли 34-сонли мактабгача таълим муассасасидан олинган "Колкент" тузлари таркибидаги йод миқдори камлиги туфайли истеъмолдан олиб ташланган. Шаҳар "Арбат" магазинида сотилаётган "Ара" экстра тузида йод аниқланмади, сертификати йўқ. Шунингдек, Чирчиқ нон ишлаб чиқариш корхонасида ЧФ "Тўрақулов" (Тошкент шаҳри, Жомий кўчасида ишлаб чиқарилган) ош тузининг йодланганлик даражаси талаб даражасида эмаслиги аниқланди.
Қибрай шаҳар нон ишлаб чиқариш корхонасида ош тузидаги йоднинг миқдори жуда камлиги туфайли истеъмолга яроқсиз ҳамда сифат сертификати мавжуд эмас.
Қуйичирчиқ туман "Дўстобод" деҳқон бозори ҳудудида жойлашган "Аббосхон ал-Жаҳонгир" хусусий фирмасида сотувда бўлган "УЗУДУР" ва "Файз" ош тузлари, "Диас гўзал савдо" хусусий озиқ-овқат дўконида сотувда бўлган "Хонзодабегим", "Покиза" ош тузлари таркибидаги йод миқдори истеъмолга яроқсиз даражада.
Дўстобод шаҳри, У. Юсупов кўчаси "Элдорхўжа нон" хусусий нон ишлаб чиқариш корхонасида ишлатилаётган, Тошкент вилояти, Чиноз шаҳри, Ш. Рашидов кўчаси, 44-уй манзилида жойлашган "Чиноз тузи" хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқиб қадоқланган "Соф" ош тузи "Йодтопар" индикатор ёрдамида текширилганда унинг таркибида йод миқдори талабга жавоб бермайди.
Ишчи гуруҳининг кўрсатмасига биноан, "Элдорхўжа нон" нон ишлаб чиқариш корхонасидаги 2,5 тонна ош тузи сифатсиз йодланганлиги туфайли "Чиноз тузи" хусусий корхонасига қайта ишлаш учун юборилди.
Зангиота туман марказий шифохонаси ошхонасидаги истеъмол учун қўлланилаётган "Аъло" ҳамда ушбу ҳудуддаги хусусий тадбиркор Ш. Ғафурова қолипли нон ишлаб чиқариш цехида ишлатилаётган 50 кг қопларга қадоқланган "Хонзодабегим" ош тузидан намуна олиб "Йодтопар" индикатор ёрдамида текширилганда унинг таркибидаги йод миқдори талаб даражасида эмаслиги аниқланди.
Тошкент туманидаги "Кўк-терак" ОАЖ қолипли нон ишлаб чиқариш корхонасида қўлланилаётган "Тотли" ош тузида йод миқдори паст бўлганлиги сабабли, ишчи гуруҳининг тавсиясига кўра, туман ДСЭНМнинг 2010 йил 14 июндаги 29-сонли қарорига мувофиқ 2 тонна 200 кг сифатсиз ош тузи қайта ишлаш (йодлаш) учун ош тузи ишлаб чиқарувчи корхонага юборилди.
Сурхондарё вилояти аҳолининг йод танқислиги касалликлари билан касалланишининг олдини олиш ва камайтириш, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ҳамда соғломлаштириш ишларини амалга ошириш, бу борада жойлардаги ўзини-ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг фаолияти, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида вилоят ҳокимининг 2005 йил 26 октябрда 190-сонли қарори билан "Йод танқислиги касалликларининг олдини олишни мувофиқлаштириш вилоят Кенгаши" ташкил этилган. Кенгаш томонидан Қонуннинг ижросини таъминлаш борасида вилоятда қабул қилинган йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ҳудудий дастурнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борилмоқда.
Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан туманлар ҳудудида жойлашган бозор, умумий овқатланиш шахобчалари, туз ишлаб чиқарувчи ва қадоқловчи цехлар ҳамда бошқа халқ хўжалиги объектларида 2008 йилда жами 952 та, 2009 йилнинг ўтган даври давомида 560 та ош тузи намунаси олиниб, йодланганлик даражаси лаборатория йўли билан текширилган. Шундан 2008 йилда 236 та, 2009 йилда 218 та намунада ош тузидаги йод миқдори давлат стандарт талабларига мос эмаслиги аниқланиб, 2008 йилда 2627 кг, 2009 йилда 2449 кг ош тузи истеъмолдан олиниб, ишлатилиши ва сотилиши тақиқланиб, тузни ишловчи корхоналарга қайта йодлашга топшириш бўйича кўрсатма берилган. Лаборатория текшируви натижалари бўйича 2008 йилда 11 нафар, 2009 йилда 17 нафар жавобгар шахсларга Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлдаги "Давлат санитария назорати тўғрисида"ги Қонунининг 29-моддаси ва "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодекснинг 53-моддасини қўллаб жарима чоралари кўрилган. 2008 йилда 9 нафар, 2009 йилнинг ўтган даврида 11 нафар шахс вақтинча ишдан четлаштирилган. 2009 йилда 600 та ош тузи намунаси текширилган бўлиб, шундан 278 та намунада йод элементининг миқдори истеъмол учун мўлжалланган миқдордан пастлиги, қолган 322 та ош тузи намунаси эса амалдаги давлат андозаси талабларига жавоб бериши аниқланган.
2010 йилнинг беш ойи мобайнида шаҳар ва туман ДСЭНМлари томонидан вилоятдаги туманлардан 508 та туз намунаси олиниб, калий йодга текширилган, шундан 209 та намунада калий йодит миқдори мўлжалдаги меъёрдан паст бўлиб, истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланган.
Ишчи гуруҳи томонидан назорат-таҳлил жараёнида Сариосиё тумани ҳудудида жойлашган "Содиқ" нон цехида, туман тиббиёт бирлашмаси марказий ошхонасида, "Қуёшча" болалар боғчасида ишлатилаётган ош тузларининг таркибида йод миқдори белгиланганидан кам эканлиги, айрим савдо шахобчаларида сотилаётган ош тузларининг сифат сертификатлари мавжуд эмаслиги аниқланди. Мониторинг натижаларига кўра, вилоят бўйича эндемик буқоқ касаллиги кўрсаткичлари кейинги 3 йил давомида пасайиш тенденциясига эга бўлса-да, ҳали-ҳануз ушбу касалликка чалинганлар кўпчиликни ташкил қилиши ташвишлидир.
Сурхондарё вилояти бўйича 2010 йилнинг беш ойи мобайнида жами эндокрин хасталиклари билан 59516 нафар бемор рўйхатдан ўтказилган, шундан 20106 нафар беморда йод етишмаслиги оқибатида келиб чиққан эндемик бўқоқ аниқланган.
Сирдарё вилоятида ўтказилган назорат-таҳлил натижалари вилоятда аҳолининг йод танқислиги оқибатида келиб чиқадиган касалликларга чалинишининг олдини олиш ва камайтириш, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ҳамда соғломлаштириш ишларини амалга ошириш, жойлардаги ўзини-ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида вилоят ҳокимининг 2009 йил 26 сентябрда 150-сонли қарори билан "Йод танқислиги касалликларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказиш тўғрисида" қарор қабул қилинганлигини, "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги қонуннинг ижросини таъминлаш борасида вилоятда қабул қилинган йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ҳудудий дастурнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борилаётганлигини, аммо, амалдаги ҳолат мутлақо "бошқача" тарзда эканлигини кўрсатди:
ишчи гуруҳи, Сирдарё вилояти ҳудудида ўрганилган ош тузларининг деярли барчасида йод элементининг етарли даражада ёки мавжуд эмаслиги ва бу ош тузлари асосан Тошкент шаҳридан олиб келинаётганлигини аниқлади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Қонунининг ижро этилишига оид назорат-таҳлил ишлари натижалари қонун ижроси ўрганилган ушбу ҳудудлар – Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида деярли бир хилдаги камчиликларга йўл қўйилаётганлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур қонуннинг 9-моддасида белгиланган талабга кўра, йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида ўз ваколатларига кирадиган йодланган ош тузи ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назоратини лозим даражада амалга оширмаётганликлари, бу вилоятлар ҳудудида қонун ижроси турли шакл ва даражада оқсаётганлиги, қонунга тўлиқ риоя этилмаётганлигини ва унинг қатор моддалари ижроси қўпол равишда бузилаётганлигини кўрсатди.
Қўмита томонидан ўтказилган назорат-таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Қонунининг ижросини талаб даражасига етказиш учун қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайман:
- фуқароларни Ўзбекистон Республикасининг "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Қонунининг мазмун ва моҳияти, йод етишмаслиги касалликларининг олдини олишга қаратилган ишончли, кафолатли профилактик чоралар билан таништиришга мўлжалланган тадбирларни мунтазам равишда олиб бориш;
- республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббий Маркази томонидан "Ўзбекистонда 2005-2009 йилларда йод танқислиги касалликларининг олдини олиш ва камайтириш бўйича Давлат дастури"да кўрсатилган мамлакат аҳолиси орасида йод танқислиги касалликларининг тарқалишини аниқлаш юзасидан эпидемиологик изланишларни изчил давом эттириш;
- Республика саломатлик ва тиббий статистика институти ва унинг жойлардаги филиаллари томонидан мамлакат аҳолисининг йодланган ош тузига бўлган талабини тўлиқ таъминлаш йод танқислиги оқибатида келиб чиқадиган касалликларни бартараф этишнинг асосий воситаси эканлигини, уни харид қилиш, ишлатиш ва сақлаш қоидаларини аҳоли эътиборига етказиш;
- республика ва маъмурий ҳудудлардаги Давлат санитария-эпидемиология назорати Марказлари томонидан жойлардаги нон ёпадиган корхоналарни уларнинг мулкчилик туридан қатъи назар, рўйхатга олиш ва ушбу корхоналарда ишлатилаётган ош тузлари сифати ва йодланганлик даражасини қонунда белгиланган талаб даражасига етказишни таъминлаш мақсадида қатъий назоратни олиб бориш;
- Ўзбекистон туз ишлаб чиқарувчилар уюшмаси томонидан республика ҳудудидаги тузни қайта ишлаш корхоналарида қонунда белгиланган талабга мувофиқ туз хом ашёсидан юқори сифатли йодланган ош тузи ишлаб чиқарилиши учун зарур бўлган замонавий технологияларни (туз хом ашёсини ювиш, қуритиш, қадоқлаш қурилмалари) жорий этиш ва таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудуддаги тегишли давлат органларининг аҳолини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги фаолиятини мунтазам равишда мувофиқлаштириб бориш ҳамда аҳолининг ҳақиқий йодланган ош тузига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида нодавлат ташкилотлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари имкониятларидан унумли фойдаланиш (улар томонидан жамоатчилик мониторинглари ўтказилишига кўмаклашиш);
- Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси томонидан республика бўйича (барча ҳудудларда) туз ишлаб чиқарувчи ва тузни қайта ишлаш корхоналарида қонунда белгиланган талабга мувофиқ инвентаризация ўтказиш ҳамда қонунга зид равишда ёки бўлмаса қонун талабларини лозим даражада бажармаган ҳолда ушбу фаолият билан шуғулланаётган корхоналар фаолиятига чек қўйиш чораларини кўриш;
- Ўзбекистон Республикасининг "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Қонунининг ижроси билан боғлиқ тадбирларнинг марказий ва маҳаллий ОАВ орқали кенг ёритилишини йўлга қўйиш.
Умидли томони шундаки, йод танқислиги муаммосининг узил-кесил ечими бор: бутун республикамиз ҳудудида аҳолини сифатли ва меъёрида йодланган ош тузи билан таъминлашни амалга оширсак бўлгани, масала осон ва арзон ҳал бўлади. Бошқача усулда бу муаммони ҳал этиш мумкин эмас. Республикамиздаги йодланган ош тузини ишлаб чиқарувчи ва қадоқловчи мавжуд корхоналардан замон талабларига мос келадиган, янги техника ва технологиялар билан жиҳозланган ҳамда фақат сифатли йодланган ош тузини ишлаб чиқараётганларинигина қолдириб, қолганларини тугатиш керак.
Афсуски, сотувда йодланган ош тузи баробарида йодланмаган ош тузи мавжудлиги ҳақиқатдир. Шундай вазиятда, биз фақат йодланган ош тузини истеъмол қилишга эътиборни кучайтирсак, бу ишда ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйсак, йодланмаган ош тузидан ўзимизни, ўз оиламиз ва яқинларимизни ҳимоя қилсак, жойларда жамоатчилик назорати имкониятларидан фойдалансак, агар керак бўлса, мазкур масалада тезкор чораларни қўлласак, йодланмаган ош тузига эҳтиёж қолмайди, йодланмаган ош тузи истеъмол бозоридан ўз-ўзидан сиқиб чиқарилади ва йўқолиб кетиши аниқ. Фақат фуқароларимиз онгига ана шуни аниқ ва равшан етказишимиз, бу ишни зудлик билан бажаришимиз лозим. Шу йўл билан биз насл-насабимиз, келажакдаги ворисларимизни ҳар томонлама асраб-авайлаган бўламиз, ортимиздан қоладиган фарзандларимизни ҳар томонлама етук ва баркамол, юқори интеллектуал салоҳият эгалари қилиб тарбиялашга эриша оламиз. Ҳар қандай қонуннинг қудрати – унинг ижросида. Қонун ижроси учун барчамиз масъулмиз.
Зуҳра Ботирова,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор,
ишчи гуруҳи раҳбари.