UZ RU
16.07.2010

Эмлаш ҳафталиги давом этмоқда

Маълумки, болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш бўйича Миллий иммунизация кампаниясининг 17-23 май ҳамда 7-13 июнь кунлари республика бўйлаб оммавий эмлаш ҳафталиги ўтказилган эди. Мазкур тадбирлар самарадорлигини янада кенгайтириш мақсадида 5-9 июль кунлари эмлашнинг учинчи босқичи тиббиёт муассасаларида давом эттирилди.

Тадбирлар давомида беш ёшгача бўлган болаларни оммавий равишда эмлаш тадбирларини самарали ўтказиш, бу жараёнда аҳоли хабардорлигини ошириш, ота-оналар масъуллигини кучайтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Таъкидлаш жоизки, полиомиелитга қарши Миллий иммунизация кампанияси ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан республикадаги тиббиёт муассасалари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда болалар оғиз йўли орқали юбориладиган полиомиелит вакцинаси билан эмланмоқдалар.

– Эмлаш – болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилишнинг ягона самарали усулидир, – дейди Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 24-оилавий поликлиника бош шифокори Ёқутхон Содиқова. – Ўтказилаётган иммунизация тадбирлари давомида беш ёшгача бўлган болаларни эмлаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Учинчи босқичдаги оммавий эмлаш ҳафталиги уюшқоқлик ва фаоллик руҳида ўтмоқда. Бу албатта болаларимиз мазкур касалликдан ҳоли бўлишларида муҳим аҳамият касб этади.

Яқинда таҳририят ходимлари мазкур ҳолат бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятининг Булунғур, Каттақўрғон ва Иштихон туманларида бўлганларида, мазкур оммавий эмлаш ҳафталиги ўзига хос кайфият ва бирдамлик руҳида ўтганлигининг гувоҳи бўлиб қайтдилар.

Намоз ТОЛИПОВ.