Тиббиёт муассасалари замонавий биноларда
Кейинги пайтларда тиббиёт тизимидаги фаолиятларнинг такомиллашуви натижасида замонавий шифо масканларининг бунёд этилаётганлиги ҳеч биримизни бефарқ қолдираётгани йўқ. Айниқса, Юртбошимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган ҳар бир фармон ва қарорларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати оширилиши ҳамда тиббиёт муассасалари замон талаблари даражасида бунёд этилиши, янги технологиялар билан таъминланиши кўзда тутилган. Шундай экан, бу борада Наманган шаҳрида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хўш, ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда қандай ишлар амалга оширилди? Бу борада қилинаётган ишлар хусусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қурилиш бўлими бош мутахассиси Боситхон Котибов қуйидагиларни гапириб берди:
– Дарҳақиқат, эл соғлиғи йўлидаги эзгу ишлардан бири аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишдан иборат. Бунинг учун аввало даволаш-профилактика муассасалари ҳар томонлама замонавий жиҳозланган бўлиши лозим. Шу маънода вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тизимдаги объектларда қурилиш-таъмирлаш ишларига эътибор кучайтирилди.
Жумладан, 2008 йил бошида Республика ихтисослаштирилган кардиохирургия марказининг Наманган минтақавий филиали 1-босқич қурилишини мукаммал таъмирлаш учун ўтказилган тендер савдосида "Чинобод махсус қурилиш" МЧЖ ғолиб чиқиб, иш бошланган эди. Аммо айрим сабабларга кўра, 2009 йилда маблағлар тўла ўзлаштирилмаганлиги боис, ишлар охиригача бажарилмади. 2010 йилда молиялаштирилган 4 миллиард 258 миллион сўм маблағнинг ҳозирга қадар 890 миллион сўми ишлатилиб, бу ерда таъмирлаш ишларининг 2-босқичи давом этмоқда. "Чинобод махсус қурилиш" МЧЖ жамоасига вилоятимиздан кунига 160-180 нафар ишчи-хизматчилар ёрдам беришмоқда. Мақсад, иншоотни 15 сентябргача фойдаланишга топшириш.
Шунингдек, вилоят қон қуйиш марказида ҳам реконструкция ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. "Истиқлол Жавоҳир" хусусий корхонаси ишчилари томонидан қисқа вақт ичида ички муҳандислик тармоқларида демонтаж ва монтаж, бинонинг олд кўринишлари, ички хоналарда сувоқ каби жами 257 миллион сўмлик иш бажарилди. Дераза ва ромлар замонавийларига алмаштирилиб, том қисмини ёпиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Бундан ташқари, 2010 йил инвестиция лойиҳаси асосида 2-, 3-, 5-катталар, 3-, 5-болалар поликлиникалари ва 6-оилавий поликлиника ҳамда унинг оромгоҳ филиалида ҳам биноларнинг ташқи, йўлак ва ички хоналарини таъмирлаш, томга шифер қоплаш ишлари бажарилмоқда. Бунда "Муштарий" КТХФ, "Наманган ХҲМТКТ", "Маржон ЮЗМ", "Мадат СКАТ", "Озод" хусусий кичик корхонаси, "Олмос-Уйчи" хусусий ва "Нафиса" кўп тармоқли хусусий фирмалари жамоаларининг хизмати катта бўлмоқда. Шу қатори, йил охиригача вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, 1-шаҳар туғруқхонаси ҳамда бир қатор тиббиёт муассасалари биноларини реконструкциялаш ва мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ ёзиб олди. Наманган вилояти.