UZ RU
16.07.2010

Малакали тиббий ёрдам: самарадорлик мезони

Куни кеча пойтахтимизда урологлар анжумани бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Урологлар жамияти, Республика ихтисослаштирилган урология маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда мамлакатимиз тиббий-илмий марказлари олим ва шифокорлари билан бир қаторда Россия ва Жанубий Кореядан мутахассислар ҳам иштирок этди.

Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори Ф. Оқилов мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, халқимизга тез ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу борада ишлаб чиқилган давлат дастурларида белгиланган вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари тармоғи кенгаймоқда.

Республика ихтисослаштирилган урология маркази ана шундай тиббий-илмий марказлардан биридир. Марказ урологик касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволашда юқори самара берадиган замонавий тиббий техника билан таъминланган. Бу ерда йилига ўн беш мингга яқин беморга стационар ва амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатилади. Муолажаларнинг олтмиш фоизи юқори технологиялар асосида амалга оширилади.

Анжуманда урологик касалликларни аниқлаш ва даволашда қўлланилаётган янги шифо воситалари, бу йўналишда жаҳон тиббиёти ва мамлакатимиз илм-фани эришаётган ютуқлар, илмий ихтироларни амалда қўллаш самараларига бағишланган маърузалар тингланди.

Баҳор ХИДИРОВА.