UZ RU
16.07.2010

Аҳоли соғлиғини сақлашда ҳуқуқий асоснинг такомиллашуви

Инсон ҳаёти учун муҳим бўлган соҳалардан бири – соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бинобарин, истиқлол шарофати билан мамлакатимизда аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимояга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш учун ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизимини мамлакатда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга мос тарзда ислоҳ этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 17 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, биргина 2009 йилда барча қишлоқ туманларининг марказий шифохоналари умумий қиймати 12 миллион доллар бўлган тиббий анжомлар, 44 та "Уаз" санитария машинаси, 280 та "Дамас-амбуланс" тез ёрдам машинаси билан таъминлагани, қишлоқ врачлик пунктларига 1 миллион доллар миқдорида тиббий лаборатория анжомлари етказиб берилган. Албатта, мазкур ижобий ютуқларга эришишга хизмат қилаётган соҳага оид қонун ҳужжатлари муҳим ўрин эгаллайди. Шу мақсадда, мамлакатни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш шароитида ижтимоий соҳага, хусусан соғлиқни сақлаш соҳасини ҳуқуқий тартибга солишга устувор йўналиш сифатида эътибор бериб келинмоқда. Жумладан, ушбу соҳада ҳам босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқий жиҳатдан асослантирилган, яъни бугунги кунда яхлит тизимга эга бўлган ҳуқуқий майдонда олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунда 176 та махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан 12 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти-нинг 33 та Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 77 та қарори, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган 54 та ҳужжатлар, шунингдек, 230 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам соғлиқни сақлаш соҳасидаги у ёки бу муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, ўтган мустақиллик йилларида фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг маъно-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритганда, бу даврни иккига бўлишга тўғри келади. Ҳеч шубҳасиз, босқичма-босқич амалга оширилган бу даврларнинг ҳар бири мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини сақлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар тизимида ўзига хос ўрин эгаллади, десак муболаға бўлмайди.

Албатта, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, энг аввало соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалий натижалари билан узвий боғлиқдир. Жумладан, фуқаролар соғлиғини сақлаш тизимида ислоҳотларни амалга оширишнинг биринчи босқичида (1991-2000 йиллар) Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни (1996 й.), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107-сонли Фармони билан маъқулланган "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури", Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 14 августдаги "Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 283-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 15 февралдаги 46-сонли қарори билан тасдиқланган "Соғлом авлод" Давлат дастури каби ўнлаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Мазкур даврда қабул қилинган қонун ҳужжатлари энг аввало, фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда долзарб аҳамиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилганлигини қайд этиш лозим. Жумладан, мазкур давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ҳамда аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимояга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш учун ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизимини мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ ҳолга келтириш мақсадида, 1998-2005 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш концепцияси, бепул тиббий ёрдам кўрсатадиган ва бюджетдан молияланиши лозим бўлган даволаш-профилактика муассасалари рўйхати, босқичма-босқич пуллик тиббий хизматларга ўтказилиши лозим бўлган даволаш-профилактика муассасалари рўйхати, қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини ривожлантириш дастури каби муҳим ҳужжатлар маъқулланди ҳамда самарали амалга оширилди.

Ислоҳотларнинг иккинчи босқичи (2001 йил ва ундан кейинги йиллар)да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 январдаги "Ҳомийлар ва шифокорлар йили дастури тўғрисида"ги ПҚ-266-сонли Қарори, 2007 йил 2 октябрдаги "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-700-сонли Қарори, 2007 йил 19 сентябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги ПФ-3923-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 365-сонли қарори, 2003 йил 31 октябрдаги "Тиббий фаолиятни ва фармацевтика фаолиятини лицензия-лаш тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги 477-соли қарори, 2004 йил 8 июндаги "Соғлиқни сақлаш тизимида экспериментни тугаллаш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 264-сон қарори, 2005 йил 25 январдаги "Сиҳат-саломатлик йили Давлат дастури тўғрисида"ги 30-сонли қарори каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий асос вазифасини ўтагани ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига сифат жиҳатидан янгича маъно-мазмун бағишлаганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида республикамизда фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш; давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим асос вазифасини бажараётган махсус – "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги қонунга 4 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига кўра, унда "соғлиқни сақлаш" тушунчаси фуқаролар соғлиғини сақлашга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ва тиббий тадбирлар мажмуаси сифатида эътироф этилди, соғлиқни сақлаш тизимидаги махсус ваколатли давлат органи ваколатлари янада кучай-тирилди, хусусий ва бошқа хил соғлиқни сақлаш тизимининг молиялаштириш манбалари аниқ белгиланди, республикамизда доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларида Ўзбекистон фуқаролари билан бир қаторда тенг ҳуқуқга эга эканлиги аниқ баён этилди, соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари белгиланган тартибда тиббий ҳужжатларни юритиши ҳамда статистика маълумотларини тақдим этиши шартлиги, шунингдек, тез тиббий ёрдамнинг соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари томонидан ҳам кўрсатилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Маълумки, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши назарда тутилган. Тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари тоифасининг фаолияти эса "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10 ва 11-моддалари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Бу ўринда, статистик маълумотларга қараганда, 2009 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, мамлакатимизда 1590 та хусусий тиббиёт муассасалари ва 1187 нафар жисмоний шахслар хусусий тиббиёт амалиёти билан шуғулланиб келган. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 сентябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги ПФ-3923-сонли Фармонида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш борасидаги асосий вазифалар белгилаб берилган бўлиб, улар орасида замонавий диагностика ва даволаш ускуналарига, юқори малакали тиббиёт ходимларига эга бўлган, аҳолига даволаш жараёнининг тасдиқланган стандартларига мувофиқ равишда сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳам назарда тутилган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 2 октябрдаги "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-700-сонли Қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари зиммасига бир қатор мажбурий талаб ва шартларни бажарганлари тақдирда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга ҳақли бўлишлари белгиланиб, бу талаб ва шартлар жумласига, биринчидан, тиббиёт муассасаси даволаш фаолиятини фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга биноан муайян турдаги ихтисос йўналиши бўйича амалга ошириши; иккинчидан, диагностика ҳамда даволаш ускуналаридан иборат замонавий моддий-техник базанинг мавжудлиги; учинчидан, диагностика ва даволаш фаолиятининг муассаса штатида турадиган, тегишли мутахассислик бўйича малака тоифасига эга бўлган юқори малакали тиббиёт ходимлари томонидан мустақил равишда амалга оширилиши; тўртинчидан, тиббиёт муассасаси фаолиятининг фақат даволаш жараёни стандартларига жавоб берадиган бино ва хоналардагина ташкил этилиши киради. Аммо, ўтган давр мобайнида ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилган мониторинг натижалари хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланувчи жисмоний шахслар фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланаётган жисмоний шахсларнинг аксарияти даволаш жараёни стандартларига, санитария ва гигиена қоидаларига, асбоблар ва материалларни стерилизация қилиш, фойдаланилган тиббий буюмларни зарарсизлантириш, утилизация ва йўқ қилиш талабларига риоя қилмасдан тиббий хизматлар кўрсатишган. Бундан ташқари, санитария нормалари талабларига жавоб бермайдиган биноларда хизмат кўрсатиш, метрологик кўрикдан ўтказилмаган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш каби салбий ҳолатлар аниқланган. Шунингдек, хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган жисмоний шахслардан амалда қарийб ярмигина фаолият кўрсатаётганлиги, аксарияти эса у ёки бу сабабларга кўра ишламаётганлиги аниқланган. Бундан ташқари, 400 га яқин хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланувчи жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни 10-моддаси талабларига хилоф равишда бирламчи тиббий ҳужжатларни юритмаган ва статистик маълумотларни тақдим этмаган. Зеро, ушбу Қонуннинг мазкур моддасида ҳамда "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари белгиланган тартибда тиббий ҳужжатларни юритиши ҳамда статистика маълумотларини тақдим этиши, ўз навбатида беморларнинг малакали тиббий хизмат олишларини ҳимоя қилиш ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган суд ишларида уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, 2008 йил 1 июлдаги 0253-08-сонли Санитария қоидалари ва меъёрлари талабларига кўра тиббий фаолиятда диагностика ва даволашнинг қон билан боғлиқ усулларини қўллашни назарда тутувчи даволаш-профилактика муассасаларида марказлаштирилган стерилизация бўлимини ташкил этиш белгиланган. Мазкур талаблардан келиб чиққан ҳолда, хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланувчи 550 нафарга яқин жисмоний шахслар (соҳада фаолият олиб бораётган жисмоний шахсларнинг 93 фоизи) ҳам фаолият тури бўйича махсус таълим олган ходимга эга бўлган марказлаштирилган стерилизация бўлимига эга бўлиши лозим. Аммо, хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланувчи жисмоний шахснинг "Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда якка тартибдаги тадбиркор" мақомига эга бўлганлиги сабабли, унинг ихтиёрида махсус таълим олган ходимнинг бўлиши Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни 6-моддаси талабларига зиддир. Яъни, ушбу моддага кўра якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан ходимларни ишга ёллаш ҳуқуқисиз, мустақил равишда амалга оширилиши зарур.

Юқорида таъкидлаб ўтилганлардан кўриниб турибдики, тиббий фаолиятни лицензиялашда рухсат этилган барча тиббий ихтисосликлар бўйича хусусий врачлик (якка тадбиркорлик) фаолияти ташкил этилиши, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида давлат ва хусусий тизим тиббий муассасалар учун бирдек мажбурий бўлган даволаш ва ташҳис қўйишнинг стандартларига тўлиқ риоя этилишини кафолатлай олмайди. Яъни, хусусий тиббиёт амалиёти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар томонидан даволаш ва диагностика стандартларининг бузилиш ҳолатлари кўплаб учраётганлиги фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал даражада хавф туғдиришига олиб келади. Бу эса ўз навбатида, аҳолига кафолатланган ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш манфаатларига мос келмайди. Ушбу ҳолатлар эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонунига тегишли ўзгартишлар киритишга асос бўлиб хизмат қилди.

Шу боисдан, ушбу вазифани самарали бажариш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10 ва 11-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2009 йил 18 ноябрда қабул қилиниб, 2010 йил 7 майда Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида маъқулланди ҳамда 2010 йил 20 май куни матбуотда эълон қилиниб, кучга кирди. Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг "Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари" деб номланган 10-моддаси ҳамда "Тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини лицензиялаш" деб номланган 11-моддасига киритилган ўзгартишлар эндиликда жисмоний шахсларнинг хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини истисно этади. Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонун орқали "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддаси биринчи қисмига киритилган ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятига кўра, соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари жумласига эндиликда ўз маблағлари, жалб этилган маблағлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган даволаш-профилактика, дорихона муассасалари, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар, шунингдек, хусусий фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар кириши белгиланди. Бундан ташқари, "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддаси биринчи қисмида тиббий фаолият тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан, фармацевтика фаолияти эса тегишли лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонуннинг ижтимоий ҳаётимизга татбиқ этилиши биринчидан, якка тартибда тиббий фаолиятни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклининг юридик шахсга ўзгариши натижасида тиббий фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслар фаолиятининг такомиллашувига; иккинчидан, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг сифат жиҳатидан яхшиланишига; учинчидан, даволаш ва ташҳис қўйиш стандартлари ҳамда санитария қоидалари ва меъёрларига қатъий риоя этилишига; тўртинчидан, қўшимча тиббий ходимлар қонуний иш билан таъминланишига; бешинчидан, хусусий секторда фаолият юритаётган тиббий муассасаларда меҳнат ва солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишлари бўйича конституциявий ҳуқуқларининг таъминланишига олиб келади.

Нуриддин НАРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги Қонун ҳужжатлари мониторинги институти Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги Қонун ҳужжатлари мониторинги гуруҳи раҳбари, юридик фанлари номзоди, доцент.