UZ RU
22.06.2010

Қалб саховатини дариғ тутманг !

калб саховатини дариг тутманг

Инсон учун саломатлик энг олий неъмат эканлигини қачонки бошимиздан бир дард ўтсагина биламиз. Иссиқ жоннинг иситмаси бор деганларидек, фавқулодда қандайдир хасталик ҳаётимизга чанг солганда кўзимизга дунё қоронғу кўриниб кетади. Шундай касалликлар борки, дард ила азоб чекаётган хас¬та кўнгил биргина тиббиёт ходимидан эмас, балки мурувватли инсонлардан нажот кутади. Юқоридаги фикрларимизнинг мажмуи сифатида шуни айтмоқчимизки, инсон тириклиги асосан қон билан. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда юз берган ҳолларда жароҳат олган инсонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб, ҳатто кўнгилсиз ҳолатлар юз бериши табиий. Бундан беморларни малакали мутахассисларимиз жаҳон андозаларига мос равишда даволасалар, донорларимиз эса ўзларининг беминнат ёрдамлари орқали уларнинг ҳаётини сақлаб қоладилар. Демак, бугунги мавзумиз беғараз донорлик хусусида борар экан, шу ўринда Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти қошидаги "Қон хизмати" марказида олиб борилаётган фаолиятлар ва у ерда меҳнат қилаётган мутахассис ҳамда инсонлар ҳаётини сақлаб қолаётган донорлар билан суҳбатда бўлиб, иш жараёнларини кузатиб қайтдик.

Мукаррам ПЎЛАТОВА,

донорларни жамлаш

бўлими бошлиғи:

– Давлатимиз ва вазирлигимиз томонидан қон хизматига бўлган эътиборнинг ошиб бораётганлиги фаолиятда ўзининг самарали натижаларини бераяпти десам, янглишмаган бўламан. Айниқса, марказимизда замон талаблари даражасида олиб борилаётган ишлар ходимлар ҳамда мурожаат этувчилар учун кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Эътироф этишимиз жоизки, Осиё тараққиёт банки томонидан марказимиз ва унинг вилоят филиалларига берилган янги технологияларнинг фаолиятдаги ўрни ниҳоятда катта бўлмоқда. Донорлар учун креслолар, биомексир, плазмафериз, цитофериз, автоматик трубкаларни пайвандловчи аппаратлар, қонни йиғиш учун бир марталик пластик қопчалар, қон таҳлили учун бир марталик пробиркалар, тонометр ва фонендоскоплар берилди. Олти ой давомида республикамиз миқёсида халқаро экспертлар қон ислоҳотларини амалга ошириш мақсадида ҳамкорликда фаолият олиб бормоқдалар. Бунинг баробарида улар донорлик тарғиботини кучайтириш ишларига ҳам алоҳида эътибор бериб келмоқдалар. Май ойида ҳудудларда беғараз донорлик бўйича тарғибот ишлари олиб борилди. Шунингдек, марказимиздаги мобиль бригада даволаш-профилактика муассасалари, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида бўлишиб, беғараз донорлардан қон олиш ишларини ҳам бажариб келмоқдалар. Ундан ташқари, мутахассисларга марказимиздаги маълумот ҳамда янгиликлардан хабардор бўлиш учун веб-сайтимиз фаолият кўрсатиб келмоқда.

Осиё тараққиёт банки томонидан берилган плазмафериз ва цитофериз аппаратларининг афзалликлари шундаки:

плазмафериз аппарати – донор қонидан плазма тайёрлашда ишлатилади. Хом ашёлари бир марталик. Қисқа вақт ичида бир литр плазма тайёрлаш хусусиятига эга. Олдинлари 500 мл плазма 1,5 соат ичида тайёрланса, ушбу аппаратда ярим соат ичида тайёрланади.

Цитофериз аппарати – тромбоцит, қон кетганда, лейкоз ва хирургик операцияларда қўлланилади. Шунингдек, ўзак ҳужайраларини тайёрлаш, терапевтик плазмани алмаштириш ҳамда бемор қонини тозалашда асосий ўрин эгаллайди.

Бўлимимизда донорларга 14 нафар шифокор ва ҳамшира хизмат кўрсатиб келмоқда. Улар ўзларига белгиланган вазифаларни меъёрий қоидаларга риоя қилган ҳолда бажариб борадилар. Албатта, қон топшираётган ҳар бир донорга хушмуомалада бўлиш ва кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга ҳаракат қиламиз.

Валентина ЧУПРОВА,

Қон қуйиш маркази бош шифокори ўринбосари:

– Марказимиз замон талабларига мос равишда таъмирлангандан сўнг, донорлар учун керакли шароит ва имкониятлар яратилиб, Осиё тараққиёт банки томонидан янги аппаратуралар келтирилди. Айниқса, центрафуга, махсус музлаткичлар донорлар қонини сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, марказимиздаги бак лаборатория, экспедиция, қонни қайта ишлаш, гемотрансмиссив инфекциялар лаборатория¬си, клиник биохимия лаборатория¬си, иммунологик лаборатория ва бир қанча бўлимлар мавжуд бўлиб, улар ўз вазифалари бўйича мунтазам тарзда фаолият олиб борадилар. Йўналишимиз кенг қамровли бўлиб, қон ва унинг маҳсулотларини сақлаш ҳамда керакли жойларга етказиш учун меъёрий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда иш юритамиз. Истардимки, ҳар бир инсон беғараз донорликка бўлган эътиборини кучайтириб, нажоткор қалбларга мурувват кўрсатса, фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Зоир САИДВАЛИЕВ,

Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти

ташкилий-услубий

бўлим мудири:

– Қоннинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Қон ва унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим воситадир. У қон (оғир даражали камқонлик, оққон, қон ивиш системаси бузилган касалликлар) ва саратон касалликларида ҳамда туғруқхоналарда, шунингдек, турли хил фавқулодда ҳолатларда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Қон донори – ўз қони ва унинг компонентларини тиббиёт эҳтиёжлари учун тақдим этадиган жисмоний шахсдир.

Донорларнинг асосий қисмини беморларнинг қариндошлари ташкил этмоқда. Ҳо¬зирда беғараз донорликни аҳоли орасида ривожлантириш учун кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар, ўқув муассасалари ўқувчилари ва тингловчилар орасида бадалсиз донорликни ташкил қилиш, уларни раҳмдиллик ва инсонийлик руҳида тарбиялаш мақсадида "Ўзбекистон Республикасида бадалсиз донорлик фао¬лиятини ривожлантириш дас¬тури" 2008 йил 1 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган. Донорлик жа¬мия¬тимизнинг ҳар бир соғ¬лом аъзоси учун бурч бўлиб қолиши, уни кенг тарзда тар¬ғиб қилиш зарур. Тиббиёт ходимлари билан биргаликда аҳоли орасида тарғибот ишларини амалга оширишда барча жамоат, нодавлат, хайрия ташкилотлари, турли хил фондлар иштирок этишлари муҳимдир. Донорликка тарғибот доимий, кенг миқёсли ва оммавий ахборот воситалари иштирокида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти қон қуйиш станцияси Тошкент шаҳар олий ўқув юртлари талабалари орасида бадалсиз донорликни ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказиб келмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 980-сонли фармойиши асосида бундай ишлар вазирлик тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари коллективлари орасида ҳам олиб борилмоқда. Бу тадбирларда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабалари ва Нейрохирургия ИТИ жамоаси фаол иштирок этиб келмоқда. Ўйлаймизки улар қаторига бошқа корхона ва ташкилотлар ҳам қўшилади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерацияси, Қон донорлари ташкилоти халқаро федерацияси ва Қон қуйиш халқаро жамиятлари таклифларига мувофиқ Бутундунё соғлиқни сақлаш Ассамблеясининг 2005 йил 23 майдаги 58-сессиясида (WHA58.13) 14 июнь "Бутундунё донорлар куни" деб эълон қилинган ва ҳар йили байрамона нишонланади. ЖССТ тавсияларига кўра хавфсиз қон фақатгина беғараз донордан тайёрланади. Буларни ҳисобга олиб Ўзбекистонда беғараз донорлик фаолиятини ривожлантириш, ёшларни раҳмдиллик ва инсонийлик руҳида тарбиялаш, аҳолини етарли миқдорда хавфсиз таъминлаш мақсадида Донорлар кунига бағишлаб, республика миқёсида донорлик ойлигини ўтказиш режалаштирилган.

Вазирликлар, жамоатчилик ташкилотлари, жумладан "Соғлом авлод учун", "Маҳалла" жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Қизил ярим ой жамия¬ти, оммавий ахборот воситаларининг бу тадбирларда ўз ҳиссаларини қўшишларини истаб қолардик.

Марказ фаолияти билан танишар эканмиз, донорлар учун яратилган барча шароитларни кўриб, қон хизмати йўлида самарали ишлар амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Айниқса, замон талаблари даражасидаги янги технологияларда тезкорлик билан олиб борилаётган амалиётдаги ишларни биргина марказ мисолида эмас, балки Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳам кузатдик. Шунингдек, замонавий аппаратураларда тиббиёт ходимларининг тезкорлик ҳамда ҳушёрлик билан ишлаётганликлари ҳам бизни бефарқ қолдирмади. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, хаста бир кўнгилни шод этмоқ, олий неъматдир. Айниқса, бемор қалбларга нажот бахш этиш ва беғараз донор номига эга бўлишнинг ўзи ҳам фахр саналиб, бу албатта, инсонийликка хос бўлган ноёб фазилатлардан биридир.

Суҳбатдош Ибодат СОАТОВА.