Нажоткор қалбларга малҳам бўлайлик
Кейинги йилларда республика тиббиёт тизимида олиб борилаётган фаолиятлар янада жадаллашиб, аҳоли саломатлиги йўлида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда тиббиётнинг қайси бир йўналишига қарамайлик, уларда ўзга хос туб ўзгаришлар бўлиб, аҳолининг соғлигига эътибори ошиб бормоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти ва унинг вилоятлардаги марказларида ҳам замон талаблари даражасида фаолиятлар олиб борилмоқда. Эътироф этиш жоизки, Юртбошимиз ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги республикада аҳолига гематологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш ҳамда қон хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Ҳамкорликда гап кўп деганларидек, Осиё тараққиёт банки томонидан институт ва унинг вилоят марказларининг янги технологиялар билан таъминланиши, шунингдек, 2007 йилда институт клиникаси қошидаги "Гемофилия ва қон депрессия маркази"нинг "Меҳр нури" жамғармаси томонидан қайта қуриб жиҳозланганлиги, халқимиз саломатлиги йўлида қилинган эзгу ишлар ифодасидир. Айниқса, институтнинг вилоят қон хизмати марказларида фаолиятлар давр талаби даражасида олиб борилаётганлиги албатта қувонарли ҳолдир. Жумладан, Қашқадарё вилоят қон хизмати марказидаги фаолиятлар бундан мустасно эмас.
Ҳозирги кунда марказимиз Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолисига хизмат қиладиган ҳудудий қон маркази бўлиб фаолият юритиб келмоқда. Мазкур муассасамиз 25 та донацияга (қон тайёрлашга) мўлжалланган бўлиб, марказ биносида 2008-2009 йилларда вилоят ҳокимлиги ёрдами билан 200 миллион сўмлик қайта таъмирлаш ишлари ўтказилди ва "Саломатлик-2" дастури бўйича янги замонавий тиббий аппаратуралар билан жиҳозланди (717 миллион сўмлик). Марказимизда қуйидаги бўлимлар мурожаат этувчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда: донорлар бўлимида қон топшириш учун келганлар кўрикдан ўтказилади, яъни қон топширишга ҳеч қандай монелик бўлмаса қон топширишга рухсат этилиб, донорлик карталари тўлдирилади ва қон тайёрлаш бўлимига ўтказилади. Иккинчи қон тайёрлаш бўлими замонавий аппаратлар (биомиксер-тарози, донорлар креслоси, қоннинг пластик идишларини пайвандловчи ва қонни таркибий қисмларга ажратувчи плазма ҳамда цитоферез) билан таъминланган бўлиб, донорлардан бир маротабалик пластик идишларда қон тайёрлайди. Учинчи қонни қайта ишлаш бўлимида қонларни қисмларга ажратиш учун замонавий центрафуга аппаратлари, узоқ муддатга сақлаш учун музлаткич ва совутгичлар ҳамда тезда музлатувчи шокли музлаткич аппаратларидан фойдаланилади. Ҳозирги вақтда ушбу бўлимда эритроцитар масса, ювилган эритроцитар масса, СЗП плазма ҳамда криопреципитатлар тайёрланмоқда. Лаборатория бўлимида қонлардан олинган анализлар қон орқали юқадиган инфекцияларга, яъни ОИТС, гепатитнинг В ва С турларига, захм, қораоқсоқ ва жигар ферментларига текширилади. Сайёр бригада бўлими жойларга бориб, бадалсиз донорлар ташкил этиб, улардан қон захиралари тайёрлайди. Олиб борилаётган фаолиятлар натижасида вилоятда жорий йилнинг 4 ойи давомида 1695 нафар беғараз донордан 829 литр қон олиниб, қайта таркибий қисмларга ажратилди, шулардан 265 литр янги музлатилган плазма (СЗП), 488 литр эритроцитар масса, 30 доза криопреципитат, 20 литр стандарт зардоб тайёрланди. Вилоят қон хизмати лабораториясида қон хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2114 нафар донор қони текширувдан ўтказилиб, мусбат натижа берганлари зарарсизлантирилди.
Айтиш муҳимки, фаолиятдаги ҳар бир самара кадрлар салоҳиятига келиб боғланади. Шундай экан, кадрлар масаласига жиддий эътибор қаратиб, қон хизмати бўйича 20 нафар врач, 15 нафар ҳамшира қайта малакасини оширди. Шунингдек, вилоятда ҳозирги кунда 15 та қон қуйиш бўлими, 5 та қон сақлаш пункти мавжуд бўлиб, доимий равишда уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Марказимизда барча шароит ва имкониятлар яратилган бўлиб, янги технологияларда фаолият юритиш ишларимизни янада енгиллаштирмоқда. Бундай хизматлардан аҳоли мамнун бўлмоқда. Лекин ижобий натижалар билан бир қаторда, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, беғараз донорликни янада ривожлантириб, тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтиришимиз зарур.
Қон бу ҳаёт эканлигини яхши биламиз. Шу боис, қонга муҳтож бўлган инсон ҳаётини сақлаб қолиш ҳар биримизнинг қўлимиздан келишини ҳеч биримиз унутмаслигимиз муҳим деб биламан.
Шерали НУРМАТОВ, Қашқадарё вилоят қон хизмати маркази бош врачи.