UZ RU

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ МУОМАЛАДА БЎЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ ФАОЛИЯТНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 14-сон, 114-модда; 2006 й., 20-21-сон, 181-модда, 46-47-сон, 458-модда; 2012 й., 6-сон, 57-модда, 44-сон, 507-модда; 2015 й., 1-сон, 9-модда, 46-сон, 584-модда)

«Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида» ҳамда «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги:

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш давлат комиссияси билан келишган ҳолда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензиялар бериш юзасидан хулосалар тайёрлаш бўйича эксперт комиссияларининг шахсий таркибини ва улар тўғрисидаги низомни тасдиқласинлар;

2003 йил 1 октябргача ушбу қарор талабларига мувофиқ юридик шахсларга гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензиялар берилишини таъминласинлар.

3. Белгилаб қўйилсинки, белгиланган тартибда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш) фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда белгиланган муддатларда лицензия олмаган юридик шахслар гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш) ҳуқуқидан қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳрум қилинадилар.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида» 2001 йил 29 январдаги 56-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 1-сон, 7-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири котибиятига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Ф.Ғ. Назиров ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири З.А. Алматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.СУЛТОНОВ

Тошкент ш.,

2003 йил 16 июль,

315-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 
2003 йил 16 июлдаги 
315-сон қарорига 
1-ИЛОВА

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.

3. Лицензияловчи органда лицензиялар бериш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш, уларнинг муддатларини узайтириш, улар юзасидан хулосалар тайёрлаш учун эксперт комиссияси ташкил этилади. Эксперт комиссияси тўғрисидаги низом ва унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш давлат комиссияси билан келишган ҳолда лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади. Эксперт комиссияси таркибига мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборат-таҳлил маркази вакили киритилади.

Эксперт комиссияси мажлислари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.

4. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш);

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сотиш (бериш), тақсимлаш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқиш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, шу жумладан тиббиёт ва ветеринарияда фойдаланиш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланиш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш;

гиёҳвандлик моддаларига эга бўлган ўсимликларни ўстириш.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати ва божхона органларининг экспертиза ва тезкор-қидирув фаолиятида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари фаолиятида фойдаланиш лицензиясиз амалга оширилади.

5. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятнинг бир неча турини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилганда лицензияда ушбу фаолиятнинг ҳар қайси тури кўрсатилиши керак.

6. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

7. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга лицензия 5 йил муддатга берилади. Лицензияни ёки лицензия бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

II. Лицензия талаблари ва шартлари

8. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишда қуйидагилар лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш;

юридик шахс штатида тегишли малакага эга бўлган мутахассисларнинг мавжуд бўлиши;

лицензияланадиган фаолиятнинг аниқ турини амалга ошириш бўйича, шу жумладан тегишли моддий-техник база, асбоб-ускуналар, бошқа техник воситалар бўйича белгиланган талабларга риоя этиш;

лицензияланаётган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технологик асбоб-ускуналарнинг мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан лицензия талабгорида мавжуд бўлиши;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш, олиб чиқиш ва уларнинг транзитини Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда, «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда БМТнинг тегишли конвенцияларида назарда тутилган талабларга мувофиқ амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ишлаб чиқаришнинг технология регламентларига кўра белгиланган квоталар доирасида РД Ўз-19-01-96 (Доривор воситалар ишлаб чиқаришни ва уларнинг сифатини назорат қилишни ташкил этиш қоидалари) талабларига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ишлаб чиқариш;

лицензияда ва лицензия битимида кўрсатилган фаолиятни, шунингдек лицензия битимида кўрсатилган манзиллар бўйича амалга ошириш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш, ташиш хавфсизлигига риоя этилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва ваколатли орган томонидан берилган уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сотиш.

9. Лицензия битимида мазкур Низомнинг 8-бандида санаб ўтилганлардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.

10. Юридик шахс штатида сурункали руҳий касалликлар, наркомания, токсикомания, алкоголизм бўйича диспансер ҳисобида турган, шунингдек қасддан содир этилган жинояти учун суд ҳукмини ўтамаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, ўз хизмат вазифаларига кўра гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни олиши мумкин бўлган шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.

101. Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

11. Лицензияланадиган аниқ фаолият турини амалга ошириш бўйича талаблар, шу жумладан моддий-техник базага, асбоб-ускуналарга ва бошқа техник воситаларга энг кам талаблар лицензияловчи орган томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

III. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар

12. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган ўрни (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами; лицензияланаётган фаолиятнинг юридик шахс томонидан амалга оширилиши мўлжалланаётган тури;

юридик шахснинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганини тасдиқловчи ҳужжат;

ички ишлар ҳудудий органининг бинонинг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

ички ишлар ҳудудий органининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташишга рухсатномаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш ва транзит тарзида ташиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишда);

санитария назорати органларининг биноларнинг ёки шарт-шароитларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳудудий органининг ишлаб чиқариш шароитларининг экология талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (прекурсорлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолият амалга оширилганда);

лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган муҳандислик коммуникациялари ва технология асбоб-ускуналарига мулк ҳуқуқини ёки бошқа ашёвий ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;

ер участкаларидан фойдаланишнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори-дармонлар ва тиббиёт техникаси сифатини назорат қилиш бош бошқармасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ишлаб чиқариш шароитларининг белгиланган стандартларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишда);

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ветеринария давлат бош бошқармасининг хулосаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ветеринарияда фойдаланилганда);

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг муомалада бўлиши (сақлаш, бериш, сотиш, тайёрлаш, фойдаланиш, йўқ қилиш) соҳасидаги масъул ходим учун олий фармацевтика маълумоти тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси ҳамда уни лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ нусхаси;

юридик шахс штатида сурункали руҳий касалликлар, гиёҳвандлик, токсикомания, алкоголизмга дучор бўлган диспансер ҳисобида турувчи ходимларнинг, шунингдек қасддан қилинган жиноят учун суд ҳукмини ўтамаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, ўз хизмат вазифаларига кўра гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан фойдаланиш имкониятига эга бўладиган ходимларнинг йўқлиги тўғрисидаги, тегишли тиббиёт муассасалари ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотномалари албатта илова қилинган ҳолдаги маълумотлар.

13. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

14. Ҳужжатлар лицензияловчи органнинг эксперт комиссиясига лицензия талабгори томонидан бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар лицензияловчи орган эксперт комиссияси масъул котиби томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади). Эксперт комиссияси масъул котиби жойида бўлмаганлиги сабабли ҳужжатларни қабул қилишнинг рад этилишига йўл қўйилмайди. Эксперт комиссияси масъул котиби вақтинча бўлмаган тақдирда унинг функцияларини лицензияловчи орган томонидан, белгиланган тартибда белгиланадиган шахс бажаради.

15. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

IV. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

16. Лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасининг кўриб чиқилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия бериш юзасидан аризанинг кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.

17. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

18. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

19. Лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан аризаси улар қабул қилинган кунда кўриб чиқиш учун эксперт комиссиясига киритилади.

Эксперт комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни йигирма етти кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади ва улар юзасидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

20. Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси асосида уч кун муддатда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

21. Лицензияловчи орган ҳамда лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

кўрсатиб ўтилган тур бўйича гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган манзил (шу жумладан таркибий бўлинмалар манзиллари);

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;

фаолиятнинг лицензияланадиган тури хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.

22. Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Лицензия бланкаси намунаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи орган буюртмаси бўйича «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензия бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун лицензияловчи орган раҳбари жавоб беради.

23. Лицензиялар лицензия талабгори томонидан белгиланган миқдорда давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.

24. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

25. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек унинг мансабдор шахси хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

26. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

27. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Айни вақтда қайта тақдим этилган ҳужжатлар улар қабул қилинган кунда кўриб чиқиш учун эксперт комиссиясига киритилади.

Эксперт комиссияси етти кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни қайта кўриб чиқади ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси асосида уч кун муддатда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

28. Лицензия талабгори аризаларининг қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

V. Лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, дубликат бериш

29. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

30. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

31. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

32. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

33. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликатлари беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

VI. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

34. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

35. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан уларга риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан зарур ахборотни лицензиатдан сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш.

36. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.

VII. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш

37. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли равишда 22—24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

38. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд томонидан лицензияловчи орган қарорининг асоссиз эканлиги эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.

VIII. Лицензиялар реестри

39. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида лицензиатлар тўғрисида қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.

40. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.

IХ. Давлат божини тўлаш тартиби

42. Лицензия берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

43. Давлат божи республика бюджетига ўтказилади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар 
ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан 
боғлиқ фаолиятни лицензиялаш 
тўғрисидаги низомга 
ИЛОВА

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш схемаси

Вазирлар Маҳкамасининг
2003 йил 16 июлдаги 
315-сон қарорига 
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 2002 йил 28 июндаги 236-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 6-сон, 36-модда) билан тасдиқланган Фаолиятнинг айрим турларини лицензияловчи орган рўйхатининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги» бўлимининг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш), сақлаш, сотиш (бериш), тақсимлаш, ташиш, яратиш ва ишлаб чиқариш, тайёрлаш, йўқ қилиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув, ишлаб чиқариш мақсадларида, шу жумладан тиббиёт ва ветеринарияда фойдаланиш».