UZ RU

Буйруқ №237. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қуйи бошқарув органларида ташкил этилган "ишонч телефонлари" фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 30 майдаги 237-сонли буйруғи

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қуйи бошқарув органларида ташкил этилган "ишонч телефонлари" фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни ижроси ни таъминлаш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қуйи бошқарув органларида ташкил этилган "ишонч телефонлари" фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг "ишонч телефонлари"га бўлаётган мурожаатларини холисона кўриб чиқиш ва уларга белгиланган муддатларда ва тартибда жавоб берилишини таъминлаш мақсадида

БУЮРАМАН:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қуйи бошқарув органларида "ишонч телефонлари" фаолиятини ташкил этиш бўйича Йўриқнома иловага асосан тасдиқлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари:

"ишонч телефонлари" фаолиятини ушбу буйруқнинг иловаси билан тасдиқланган Йўриқнома асосида ташкил этилишини;

мазкур буйруқниетарли миқдорда кўпайтириб, барча тиббиёт муассасаларига етказилишини таъминласин.

3. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Назорат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари "ишонч телефони"га бўлаётган мурожаатларга ўз вақтида ва ўрнатилган тартибда жавоб берилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

4. Ушбу буйруқ билан тасдиқланган Йўриқнома талабларига амал қилиниши учун жавобгарлик биринчи раҳбарлар зиммасига юклатилади ва улар мурожаатларни кўриб чиқиш тартибининг бузилишида шахсан жавоб берадилар.

5. Ушбу буйруқ қабул қилиниши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 15 июлдаги 210-сонли буйруғи ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ушбу буйруқ ижро назоратини ўз зиммамда қолдираман.

Вазир

А. Алимов

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2016 йил 30майдаги

237-сонли буйруғига илова

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қуйи бошқарув органларида "ишонч телефонлари" фаолиятини ташкил этиш бўйича

Йўриқнома

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қуйи бошқарув органларида ташкил этилган "ишонч телефонлари" орқали тушадиган мурожаатларини қабул қилиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

2. Қуйидагилар:

соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларидаги мансабдор шахсларнинг ва соғлиқни сақлаш ташкилоти ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан;

мумкин қадар аниқ пайтда ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишда аҳоли ёки бемор билан ўзаро келишмовчиликлар юзага келганда;

жисмоний шахслар, юридик шахслар вакиллари, жамоат ташкилотлари билан ўзаро муносабатлар юзасидан;

давлат соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича;

тадбиркорлик субъектларига соғлиқни сақлаш соҳасида рухсат берувчи ҳужжатлар беришнинг белгиланган муддатлари ва тартибига риоя қилинмаслиги,вазирлик тизими ходимлари томонидан берилиши лозим бўлган лицензиялар, турли рухсатномалар ва мурожаатларига жавоблар беришни ноқонуний рад этилиши ёки бериш тартиб-қоидаларининг асоссиз чўзиб юборилиши юзасидан;

соғлиқни сақлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳолига ёки беморларга салбий таъсири, соҳага оид бошқа масалалар бўйича мурожаатларини олиш, умумлаштириш ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш "ишонч телефони"нинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

3. «Ишонч телефони» орқали мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

4. Кўп каналли «ишонч телефони» Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармасида ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларида, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида (кейинги ўринларда соғлиқни сақлаш органлари деб юритилади) ўрнатилади.

5. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатлар душанба кунидан жума кунигача (жума куни ҳам) (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

6. Мурожаатларни кўриб чиқишда соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан олинган маълумотлар, мурожаат этувчининг тегишли розилигисиз, шунингдек давлат сири бўлган маълумотларни, тижорат сирини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларнинг ошкор этилмаслигига ҳамда мурожаат қилган шахснинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини камситилишига йўл қўйилмайди.

7. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатлар соғлиқни сақлаш органлари томонидан улар тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш ва текширишни талаб қилмайдиган мурожаатлар эса — ўн беш кундан кечикмай кўриб чиқилади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун қўшимча текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни талаб қилиш ёхуд бошқа чораларни кўриш зарур бўлган ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари соғлиқни сақлаш органи раҳбари томонидан истисно тариқасида, бироқ бу ҳақда ариза берган ёки шикоят қилган шахсга хабар қилинган ҳолда бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

II. «Ишонч телефони» орқали тушадиган мурожаатларни қабул қилиш ва расмийлаштириш тартиби

8. «Ишонч телефони» орқали мурожаатлар бутун республика ҳудудида "1003" телефон рақамига қўнғироқ қилиш йўли билан амалга оширилади. Қўнғироқ бепул қабул қилинади. Соғлиқни сақлаш органлари томонидан қўшимча телефон рақамлари ҳам жорий этилиши мумкин.

9. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни қабул қилиш учун соғлиқни сақлаш органи раҳбарининг буйруғи билан масъул шахс бириктирилади.

"Ишонч телефон" орқали мурожаатлар биринчи учта чақирув туман ёки шаҳар тиббиёт бирлашмаларига, улар жавоб бермаса, кейинги учта чақирув мурожаат этувчининг ҳудудига қараб Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармасига ва вилоятлар бошқармаларига, улар жавоб бермаса тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига уланиш тартибида жорий қилинади.

10. «Ишонч телефони» қўнғироқларига жавоб беришда соғлиқни сақлаш органининг масъул ходими:

фамилиясини, исмини, отасининг исмини, эгаллаб турган лавозимини айтиши;

қўнғироқ қилган шахсга «ишонч телефони» фақат реал ҳолат бўйича соғлиқни сақлаш соҳасига оид масалаларда аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш учун ишлашини тушунтириши, шунингдек қасддан ёлғон маълумот тақдим этилиши қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилиши;

қўнғироқ қилган шахсга ушбу Йўриқноманинг 13-бандида кўрсатилган ахборот ва маълумотларни маълум қилишини таклиф этиши шарт.

11. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни тўплаш ва умумлаштириш учун телефондаги сўзлашувларни ёзиш функцияси билан жиҳозланган телефон аппаратидан фойдаланилади.

12. Барча мурожаатлар электрон манбага ёзилади ва икки йил мобайнида сақланади.

13. «Ишонч телефони» орқали мурожаат қилганда субъектлар ўз фамилияси, исми, отасининг исмини, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни (юридик шахс - номи ва почта манзилини), қайта боғланиш учун телефон рақамини маълум қилиши, шунингдек мурожаатнинг моҳияти ва мазмунини баён қилиши шарт.

14. «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлар соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан 1-иловага мувофиқ шаклда Соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтарида рўйхатдан ўтказилади ва 2-иловага мувофиқ шаклда карточка расмийлаштирилиб,тегишли соғлиқни сақлаш органи раҳбариятига киритилади.

15. Ушбу Йўриқноманинг 13-бандида кўрсатилган маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда, мурожаатлар рўйхатдан ўтказилмайди ва кўриб чиқилмайди.

16. Қабул қилинган мурожаат бўйича расмийлаштирилган топшириқ бир кун муддатда соғлиқни сақлаш органининг масъул ходими томонидан раҳбарнинг топшириғига кўра ижросини таъминлаш учун ижрочига юборилади.

III. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни

кўриб чиқиш тартиби

17. «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлар мурожаатни қабул қилган соғлиқни сақлаш органи томонидан кўриб чиқилади, зарур ҳолларда мурожаатда кўрсатилган важлар мурожаат этувчи субъектнинг иштирокида, уни жалб этган ҳолда жойига чиқиб ўрганилиши мумкин.Ўрганиш давомида бошқа (бегона) шахсларнинг шахсий ҳаётига (соғлиғига) оид маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

18. Соғлиқни сақлаш органлари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши аниқланган ҳолларда тегишли қуйи бошқарув органларига аниқланган қонун бузилишларини, уларнинг сабабларини ва қонун бузилишига олиб келаётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида уларда кўрсатилган муддатларда бажарилиши керак бўлган кўрсатмалар юборилади.

19. Соғлиқни сақлаш органларининг мурожаатларни кўриб чиқиш вазифаси зиммасига юкланган масъул ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатлар тушган тақдирда, ушбу мурожаатларни мазкур шахсларнинг бевосита кўриб чиқиши тақиқланади.

20. Кўриб чиқилиши соғлиқни сақлаш органларининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича «ишонч телефони» орқали мурожаатлар тушган тақдирда, соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан белгиланган тартибда тушунтириш берилади ва тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш тавсия қилинади.

21. Мурожаатни кўриб чиққан соғлиқни сақлаш органи мурожаат қилган субъектга кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ёзма шаклда хабар бериши шарт.

Жавоб субъектга юборилгандан кейин мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган шахснинг имзоси билан назоратдан чиқарилади, бу ҳақда соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтарига тегишли ёзув қайд этилади. Берилган ёзма жавобнинг бир нусхаси соғлиқни сақлаш органларида сақланади.

22. Мазкур Йўриқноматалаблари бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда ташкилотларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

23. Соғлиқни сақлаш органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабабларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида "ишонч телефони" орқали келаётган мурожаатларни белгиланган тартибда умумлаштиради, таҳлил қилади ва бир йилда 2 марта бошқарув органи йиғилишида ҳисоботи муҳокама қилинади.

24. «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлартаҳлили бўйича умумлаштирилган маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириш соғлиқни сақлаш органлари томонидан таъминланади.

IV. Якунловчи қоидалар

25. Жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни асоссиз рад этилиши устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи соғлиқни сақлаш органига ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақлидирлар.

26. «Ишонч телефони» орқали олинган ахборот билан ишловчи шахслар олинган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиниши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсан жавоб берадилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва

унинг қуйи бошқарув органларида

"ишонч телефонлари" фаолиятини

ташкил этиш бўйича Йўриқномага

1-илова

Соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш

ДАФТАРИ

20__ йил «__» _________________да бошланган

20__ йил «__» ___________________да тугаган

Т/р

Мурожаатқабулқилинган сана

Мурожаатқилувчининг Ф.И.О.,манзили, телефон рақами

Мурожаатнингқисқачамазмуни

Мурожаатниқабулқилганмасъулшахснинг Ф.И.О. валавозими

Кўрилганчоралар

Мурожаатникўрибчиқишнатижалари

Изоҳ

1

2

3

4

5

6

7

8

Изоҳ: дафтар қуйидаги тартибда юритилади ва тўлдирилади:

1. Соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтари ип ўтказиб тикилган, рақамланган, муҳрланган ва имзоланган бўлиши керак.

2. Дафтарнинг тегишли бўлимларини тўлдиришда қисқартириб ёзишга йўл қўйилмайди.

3. Дафтарнинг иккинчи устунига мурожаат қабул қилинган сана тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

4. Дафтарнинг учинчи устунига мурожаат қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Мурожаат қилувчининг почта манзилини кўрсатишдан ташқари, мурожаат қилувчининг боғланиш телефони мавжуд бўлганда унинг телефон рақами ҳам учинчи устунда кўрсатилади.

5. Дафтарнинг тўртинчи устунида мурожаатнинг қисқача мазмуни, тегишли қонун бузилишлар санаси ва бошқа зарур маълумотлар акс эттирилади.

6. Дафтарнинг бешинчи устунида мурожаатни қабул қилган масъул шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади.

7. Дафтарнинг олтинчи устунида қабул қилинган мурожаат бажариш учун кимга ва қачон юборилганлиги кўрсатилади.

8. Дафтарнинг еттинчи устунида мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар, яъни мурожаатни кўриб чиқиш доирасида кўрилган чоралар, аниқланган камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар, шунингдек мурожаат қилувчига мурожаатнинг кўриб чиқилиши тўғрисида маълумотлар жўнатилганлиги ҳақидаги ахборотлар акс эттирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва

унинг қуйи бошқарув органларида

"Ишонч телефонлари" фаолиятини

ташкил этиш бўйича Йўриқномага

2-илова

Соғлиқни сақлаш органи «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатларни қайд этиш карточкаси

1.

Мурожаат тартиб рақами

 

2.

Қабул қилган масъул шахс Ф.И.Ш.

 

3.

Мурожаат тушган сана ва вақти

 

4.

Мурожаат муаллифи Ф.И.Ш.

 

5.

Туғилган йили, санаси

 

6.

Жисмоний (юридик) шахснинг манзили

 

 

7.

Телефон рақами (коди билан)

 

8.

Электрон манзили (мавжуд бўлса)

 

9.

Мурожаатнинг қисқача мазмуни:

 

 

10.

Такроран бўлса, аввалги мурожаат санаси ва тартиб рақами кўрсатилсин