UZ RU

ПҚ-2499-сон. Аҳолининг ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

Аҳолининг ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 9-сон, 86-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 22 февралдаги ПФ-4782-сонли Фармони ижросини бажариш ҳамда ногиронлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

марказий аппарат тузилмасида — бошқарув ходимлари сони 6 нафардан иборат бўлган, ногиронлар, шу жумладан ногирон болалар, уруш қатнашчилари, фахрийлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бошқармасини;

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тузилмасида — 3 нафар, ундан 1 нафари бошқарув ходимидан иборат бўлган, ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш шўъбасини;

туманлар (шаҳарлар) тиббиёт бирлашмалари тузилмасида — ишлаб чиқариш ходимларининг сони хизмат кўрсатилаётган меҳнатга лаёқатсиз ёлғиз фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ўрнатилган штат нормативларига мувофиқ белгиланган ҳолда ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлимларини ташкил этсин.

Янги ташкил этилаётган таркибий бўлинмалар зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилсин:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилаётган «Мурувват» ва «Саховат» уй-интернатлари, ногиронлар учун реабилитация марказлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун санатория муассасаларининг фаолиятини ташкил этиш;

тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлар, шу жумладан ногирон болалар ва ёлғиз кексаларни «Мурувват» ва «Саховат» уй-интернатларига, ногиронлар учун реабилитация марказлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун санатория муассасаларига юборишга кўмаклашиш;

фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ўзганинг ёрдамига муҳтож бўлган ёлғиз кекса фуқароларни аниқлаш ва уларга уйида парваришлашни инобатга олган индивидуал дастур асосида ижтимоий хизмат кўрсатишни ташкил қилиш;

ногиронлар, шу жумладан ногирон болалар, уруш қатнашчилари, фахрийлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларининг талабларига кўра уларга мос тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш турларини танлаш ва тақдим этиш, шу жумладан ортопедик буюмлар, реабилитация техник воситалари ва кресло-коляскалари билан таъминлаш мақсадида уларнинг ҳисобини олиб бориш.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

марказий аппарат тузилмасида — ҳудудий молия бош бошқармасида бошқарув ходимлари сони 3 нафардан иборат бўлган, муҳтож оилалар ва фуқароларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларни тайинлаш ва тўлаш мониторингини амалга ошириш шўъбасини;

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бўлимлари тузилмасида — бошқарув ходимлари сони 2-3 нафардан иборат бўлган, муҳтож оилалар ва фуқароларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларни тайинлаш ва тўлаш мониторингини амалга ошириш шўъбасини;

туманлар (шаҳарлар) молия бўлимлари тузилмасида — бошқарув ходимлари сони 1 нафар, ишлаб чиқариш ходимларининг сони фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш ходимига бириктириладиган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ўрнатилган штат нормативларига мувофиқ муҳтож оилалар ва фуқароларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларни тайинлаш ва тўлаш мониторингини амалга ошириш шўъбаларини ташкил этсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига аҳолининг ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича юклатилган қўшимча вазифаларга мувофиқ қуйидаги янгиланган тузилмалар:

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимининг ташкилий тузилмаси 1-иловага * мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарув ходимларининг чекланган сони 70 нафардан иборат бўлган марказий аппарати тузилмаси 2-иловага * мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги аппарати, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмалари 3 — 5-иловаларга * мувофиқ;

туманлар (шаҳарлар) тиббиёт бирлашмалари ва Тошкент шаҳар туман тиббиёт бирлашмаси тузилмалари 6 — 7-иловаларга * мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқаруви органлари аппаратининг тасдиқланган тузилмаларига ходимларнинг умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига ўтказилаётган муассасалар рўйхати 8-иловага * мувофиқ тасдиқлансин.

* 1 — 8-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидан ўтказилаётган реабилитация марказлари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш муассасаларининг кадрлар таркибини тиббиёт муассасаларини оптималлаштириш натижасида бўшаётган тиббиёт ходимлари ҳисобидан мустаҳкамлаш чораларини кўрсин.

6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 2 октябрдаги ПҚ-700-сонли қарорининг 1 — 7-иловалари ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий тузилмасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» 2009 йил 2 июндаги ПҚ-1119-сонли қарорининг 2-банди ва иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2016 йил 24 февраль,

ПҚ-2499-сон