UZ RU

Буйруқ №28. Асосий дори воситалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

2016 йил 11 01

28

Toshkent sh.

Асосий дори воситалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (янги таҳрири) 6-моддаси ижросини таъминлаш, шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини харид қилишда бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда даволаш-профилактика ёрдамининг сифатини янада яхшилаш мақсадида

БУЮРАМАН:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимда қўлланиладиган Асосий дори воситалари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Даволаш - профилактика ёрдами ташкиллаштириш Бош бошқармаси (Ш.Нишонов), Оналик ва болаликни мухофаза қилиш Бош бошқармаси (М.Содиқов), Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси (Х.Джалилов)ларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мутахассислари билан биргаликда бир ой муддатда стационар ва амбулатор даволаш-профилактика муассасалари учун дори воситалари формулярларини Асосий дори воситалари рўйхати асосида қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этиш вазифаси топширилсин.

3. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарларига:

бир ой муддатда ўз муассасалари фаолиятида қўллаш учун дори воситалари формулярларини мазкур Асосий дори воситалари рўйхати ҳамда Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситалари асосида қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;

пуллик тиббий хизмат олувчи беморларга, ҳамда истисно тариқасида бюджет хисобидан даволанадиган беморларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига дори воситаларини харид қилиш Доимий фаолиятдаги ҳайъат қарори асосида, Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситалари доирасида амалга оширилсин;

ташкил этилган фитобарларда фитоичимликлар тайёрлашда Асосий дори воситалари рўйхатидаги доривор ўсимликлар сақловчи дори воситаларидан фойдаланилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари, республика миқёсидаги даволаш-профилактика муассасалари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари раҳбарларига:

ушбу буйруқ билан тасдиқланган Асосий дори воситалари рўйхати ҳамда даволаш–профилактика муассасалари учун дори воситалари формулярлари зарур миқдорларда кўпайтирилиб, ўз тасарруфларидаги даволаш-профилактика муассасаларига етказилишини таъминласин;

даволаш-профилактика муассасалари томонидан бюджет маблағлари ҳисобига дори воситаларини харид қилиш Доимий фаолиятдаги ҳайъат қарори асосида муассасалар учун тасдиқланган формулярларга қатъиян риоя қилган ҳолда амалга оширилсин;

даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган фитобарларда фитоичимликлар тайёрлашда Асосий дори воситалари рўйхатидаги доривор ўсимликлар сақловчи дори воситаларидан фойдаланилсин;

тасдиқланган Асосий дори воситалари рўйхатларига киритилмаган, 2016 йилнинг 1 январгача сотиб олинган ва даволаш-профилактика муассасалари ҳамда иккинчи гуруҳ ашёлари заҳираларида мавжуд бўлган дори воситаларини яроқлилик муддатлари тугагунга қадар тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат берилсин;

бунда барча даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарларини ушбу буйруқнинг ижросига бевосита масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.

5. Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси (Х.Джалилов) Асосий дори воситалари рўйхатини ҳамда даволаш-профилактика муассасалари, сиҳатгоҳлар учун дори воситалари формулярларини электрон ва босма шаклларда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармаларига, республика миқёсидаги даволаш-профилактика муассасаларига, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари, марказлари ҳамда сиҳатгоҳларга етказишни таъминласин.

6. Назорат инспекцияси (А.Агзамов) барча даволаш-профилактика муассасалари, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва сиҳатгоҳларда ажратилган бюджет маблағлари хисобига дори воситаларининг формулярлари асосида хариди бўйича доимий назорат амалга оширилсин.

7. Иккинчи бошқарма (С.Юлдашев) ушбу буйруқда ўрнатилган талабларни ўз тасарруфидаги тегишли қисмлар томонидан бажарилишини назоратга олсин.

8. Матбуот хизмати (Ф.Санаев), Соғлиқни сақлашни электрон ривожлантириш “UZMEDINFO” Маркази (М.Боймухамедов) ва Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси (Х.Джалилов) ушбу буйруқ матнини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ва Бош бошқарманинг веб-сайтларига жойлаштирсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 27 декабрдаги 443-сонли, 2014 йил 22 декабрдаги 482-сонли ва 2015 йил 15 июлдаги 293-сонли буйруқлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Ушбу буйруқ ижросининг назорати вазирнинг биринчи ўринбосари А.Худаяров зиммасига юклатилсин.

Вазир                                                                                       А.Алимов


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг  2016 йил "11" январдаги 28- сон буйруғига илова