UZ RU

Буйруқ № 323.СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ВА УНИНГ ТИЗИМИДА МАХСУС «ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ» ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ БУЙРУҒИ

2015 йил “14” август                                             № 323

Тошкент ш.

  СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ВА УНИНГ ТИЗИМИДА МАХСУС
«ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ» ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ижроси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар назоратини янада кучайтириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг соғлиғини сақлашда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий хизмат кўрсатишда йўл қўйилаётган ҳато ва камчиликлардан хабардор бўлиб, уларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда “Ишонч телефони” тизими фаолиятини такомиллаштириш мақсадида

БУЮРАМАН:

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар устидан назоратни янада кучайтириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг соғлиғини сақлашда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича муржаатларни қабул қилиш учун 2015 йил 20 августдан бошлаб телефон алоқасининг махсус линияси (кейинги ўринларда «Ишонч телефони» деб аталади) ташкил этилсин.

2.  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимида махсус «Ишонч телефони», телефон алоқасининг махсус линияси тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  3. Вазирликнинг Назорат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда “Ўзмединфо” маркази раҳбарлари:

  «Ишонч телефони» ташкил этилганлигини аҳоли эътиборига етказилишини ҳамда «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатлар ва шикоятлар бўйича уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни
таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни кенг ёритилишини таъминласин.

4. Мазкур буйруқ чиқарилиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 15 июлдаги 210-сонли буйруғи ва 2013 йил 20 сентябрдаги 317-сонли буйруғининг 1 банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари А.А.Худаяров зиммасига юклансин.

Вазир                                            А.Алимов

 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

2015 йил 14 августдаги 323-сон буйруғига

ИЛОВА


Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимида махсус
«Ишонч телефони» телефон алоқасининг махсус линияси тўғрисидаги

НИЗОМ

  I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ жисмоний шахсларнинг, юридик шахслар вакилларининг, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан уларнинг соғлиги ва саломатлигига оид қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича телефон алоқасининг махсус линияси (кейинги ўринларда «ишонч телефони» деб аталади) орқали тушадиган аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

2.  Мазкур ишонч телефони:

соғлиқни сақлаш соҳасидаги мансабдор шахсларнинг ва соғлиқни сақлаш ташкилоти ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан;

мумкин қадар аниқ пайтда ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишда аҳоли ёки бемор билан ўзаро келишмовчиликлар юзага келганда;

жисмоний шахслар, юридик шахслар вакиллари, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, жамоат ташкилотлари билан ўзаро муносабатлар юзасидан;

соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича;

тадбиркорлик субъектларига соғлиқни сақлаш соҳасида зарур рухсат берувчи ҳужжатлар беришнинг белгиланган муддатлари ва тартибига риоя қилинмаслиги масалалари бўйича;

уларга вазирлик тизими ходимлари томонидан берилиши лозим бўлган лицензиялар, турли рухсатномалар ва мурожаатларига жавоблар беришни ноқонуний рад этилиши ёки бериш тартиб-қоидаларининг асоссиз чўзиб юборилиши юзасидан;

соғлиқни сақлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳолига ёки беморларга, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсири, соҳага оид бошқа масалалар бўйича мурожаатларини олиш, умумлаштириш ва белгиланган тартибда кўриб чиқишни ташкил этиш асосий мақсади ҳисобланади.

3. «Ишонч телефони» орқали мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

4. Кўп каналли «ишонч телефони» Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасида ва вилоятлар бошқармаларида, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида (кейинги ўринларда соғлиқни сақлаш органлари деб аталади) ўрнатилади. 

5. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатлар душанба кунидан жума кунигача (жума куни ҳам) (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан қабул қилинади. Соғлиқни сақлаш органлари томонидан хизматлар асосий иш вақтидан ташқари ҳолатларда ҳам бажарилишини эътиборга олиб, яъни соат 18.00 дан 24.00 гача, дам олиш ва байрам кунларида ҳам навбатчилик ташкил этилганлигини инобатга олиб, “Ишонч телефон”ларига асосий иш вақтидан ташқари вақтларда ва дам олиш ҳамда байрам кунлари бўладиган мурожаатларни қабул қилиш раҳбарият қабулида ташкил этилган навбатчилар томонидан қабул қилинади ва навбатчи ҳар кун эрталаб соат 09.30 дан кечиктирмай иш берувчининг буйруғи билан “Ишонч телефони”га бириктирилган алоҳида масъул шахсга мурожаатни етказади.

  6. Мурожаатларни кўриб чиқишда соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан олинган маълумотлар, унинг тегишли розилигисиз, шунингдек давлат сири бўлган маълумотларни, тижорат сирини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни ҳамда мурожаат қилган шахснинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини камситишга йўл қўйилмайди.

Қўнғироқ қилувчи шахс тўғрисида мурожаат қилиш мавзусига тегишли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

  7. Таклифлар соғлиқни сақлаш органлари томонидан улар тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш талаб қилинадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кун муддатда оғзаки маълум қилинади.

  8. Мурожаатлар соғлиқни сақлаш органлари томонидан тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади ва мурожаат муаллифига ахборот берилади.

II. «Ишонч телефони» орқали тушадиган мурожаатларни қабул қилиш ва расмийлаштириш тартиби

9. «Ишонч телефони» орқали мурожаатлар бутун Ўзбекистон ҳудудида “1003” телефон рақамига қўнғироқ қилиш йўли билан амалга оширилади. Қўнғироқ бепул қабул қилинади. Соғлиқни сақлаш органлари томонидан қўшимча телефон рақамлари ҳам жорий этилиши мумкин.

 10. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни қабул қилиш учун соғлиқни сақлаш органи раҳбарнинг буйруғи билан масъул шахс бириктирилиши шарт.

  “Ишонч телефон” орқали мурожаатлар биринчи учта гудок туман ёки шаҳар тиббиёт бирлашмаларига, улар жавоб бермаса, кейинги учта гудок мурожаат этувчининг ҳудудига қараб Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига ва вилоятлар бошқармаларига, улар жавоб бермаса тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига уланиш тартибида ёки кетма-кетликда жорий қилинади.

11. «Ишонч телефони» орқали телефон қўнғироқларига жавоб беришда соғлиқни сақлаш органининг қўнғироқни қабул қилувчи масъул ходими:

фамилиясини, исмини, отасининг исмини, эгаллаб турган лавозимини айтишга;

  қўнғироқ қилган шахсга «ишонч телефони» фақат реал ҳолат бўйича соғлиқни сақлаш соҳасига оид масалаларда аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш учун ишлашини тушунтириши, шунингдек қасддан ёлғон маълумот тақдим этилиши қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилиши;

қўнғироқ қилган шахсга ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ахборот ва маълумотларни маълум қилишни таклиф этиши шарт.

  12. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни тўплаш ва умумлаштириш учун телефондаги сўзлашувларни ёзиш функцияси билан жиҳозланган телефон аппаратларидан фойдаланилади.

13. Барча мурожаатлар электрон манбага ёзилади ва икки йил мобайнида сақланади.

  14. «Ишонч телефони» орқали мурожаат қилишда субъектлар фамилияси, исми, отасининг исмини, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни, юридик шахс бўлса ўзлари ифодалайдиган тадбиркорлик субъектининг номини, жавоб юборилиши керак бўлган почта манзилини, қайта боғланиш учун телефон рақамини маълум қилиши, шунингдек мурожаатнинг моҳияти ва мазмунини баён қилиши шарт.

15. «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлар соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан иловага мувофиқ шаклда Соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтарида рўйхатдан ўтказилади ҳамда тегишли соғлиқни сақлаш органи раҳбариятига киритилади.

16. Ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ахборот ва маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда, ушбу мурожаатлар рўйхатдан ўтказилмайди ва кўриб чиқилмайди.

17. Қабул қилинган мурожаат бўйича ўша куннинг ўзида соғлиқни сақлаш органининг масъул ходими томонидан раҳбарнинг топшириғига кўра ижросини таъминлаш учун ижрочига юборилади.

III. «Ишонч телефони» орқали тушаётган

мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

18. «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлар масъул ходими мурожаатни қабул қилган соғлиқни сақлаш органи томонидан кўриб чиқилади,  зарур ҳолларда мурожаатда кўрсатилган важлар мурожаат этувчи субъектнинг иштирокида, уни жалб этган ҳолда жойнинг ўзига чиқиб ўрганилиши мумкин. Бошқа (бегона) шахсларнинг шахсий ҳаётига (соғлиғига) оид маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

  19. Соғлиқни сақлаш органлари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши аниқланган ҳолларда тегишли ташкилотларга аниқланган қонун бузилишларини, уларнинг сабабларини ва қонун бузилишига олиб келаётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида уларда кўрсатилган муддатларда бажарилиши керак бўлган кўрсатмалар юборилади.

  20. Агар мурожаатда тайёрланаётган, содир этилаётган ёки содир этилган ҳуқуққа зид қилмиш тўғрисидаги, шунингдек уни тайёрлаётган, содир этаётган ёки содир этган шахс ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлса, мурожаатлар дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига уларнинг ваколатларига мувофиқ хат орқали юборилиши керак.

  21. Соғлиқни сақлаш органларининг мурожаатларни кўриб чиқиш вазифаси зиммасига юкланган масъул ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатлар тушган тақдирда, ушбу мурожаатларни мазкур шахсларнинг бевосита кўриб чиқиши тақиқланади.

  23. Кўриб чиқилиши соғлиқни сақлаш органларининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича «ишонч телефони» орқали мурожаатлар тушган тақдирда, соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан белгиланган тартибда тушунтириш берилади ва тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш тавсия қилинади.

  24. Мурожаатни кўриб чиққан соғлиқни сақлаш органи мурожаат қилган субъектга кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ёзма шаклда хабар бериши шарт.

  Жавоб субъектга юборилгандан кейин мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган шахснинг имзоси билан назоратдан чиқарилади, бу ҳақда соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтарига тегишли ёзув қайд этилади.

Берилган ёзма жавобнинг бир нусхаси соғлиқни сақлаш органларида сақланади.

  25. Мазкур Низомни бажарилмаган ва зарур даражада бажарилмаган тақдирда ташкилотларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

  26. Соғлиқни сақлаш органлари субъектларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабабларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида умумлаштирилган аризалар, таклифлар ва шикоятларни белгиланган тартибда таҳлил қилади ҳамда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобот тайёрлайди.

  27. «Ишонч телефони» орқали тушган аризалар, таклифлар ва шикоятларни, шунингдек улар бўйича тегишли ташкилотларнинг қарорларини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилган ҳолда ҳар ҳафталик асосда соғлиқни сақлаш органлари томонидан таъминланади.

IV. Якунловчи қоидалар

  28. Жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни асоссиз рад этилиши устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи соғлиқни сақлаш органига ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақлидирлар.

  29. «Ишонч телефони» орқали олинган ахборот билан ишловчи шахслар олинган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиниши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсан жавоб берадилар.

30. Ушбу Низом бузилишида шахсан биринчи раҳбарлар жавобгарлиги белгиланган бўлиб, уни бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимида

махсус «Ишонч телефони» телефон

алоқасининг махсус линияси тўғрисидаги

Низомга

ИЛОВА


Соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш

ДАФТАРИ

 



20__ йил «__» _________________да бошланган





20__ йил «__» ___________________да тугаган

Т/р

Мурожаат қабул қилинган сана

Мурожаат қилувчининг Ф.И.О. ва манзили

Мурожаатнинг қисқача мазмуни

Мурожаатни қабул қилган масъул шахснинг Ф.И.О. ва лавозими

Кўрилган чоралар

Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари

Изоҳ

1

2

3

4

5

6

7

8










Соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтарини юритиш тартиби

  1. Соғлиқни сақлаш органларининг «ишонч телефони» орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтари ип ўтказиб тикилган, рақамланган, муҳрланган ва имзоланган бўлиши керак.

2. Дафтарнинг иккинчи устунига мурожаат қабул қилинган сана тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

3 . Дафтарнинг учинчи устунига мурожаат қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Мурожаат қилувчининг почта манзилини кўрсатишдан ташқари, мурожаат қилувчининг боғланиш телефони мавжуд бўлганда унинг телефон рақами ҳам учинчи устунда кўрсатилади.

  4. Дафтарнинг тўртинчи устунида мурожаатнинг қисқача мазмуни, тегишли қонун бузилишлар санаси ва бошқа зарур маълумотлар акс эттирилади.

5 . Дафтарнинг бешинчи устунида мурожаатни қабул қилган масъул шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади.

6 . Дафтарнинг олтинчи устунида қабул қилинган мурожаат бажариш учун кимга ва қачон юборилганлиги кўрсатилади.

  7. Дафтарнинг еттинчи устунида мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар, яъни мурожаатни кўриб чиқиш доирасида кўрилган чоралар, аниқланган камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар, шунингдек мурожаат қилувчига мурожаатнинг кўриб чиқилиши тўғрисида маълумотлар жўнатилганлиги ҳақидаги ахборотлар акс эттирилади.