UZ RU

Буйруқ №50 мҳ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг

Герб Республики Узбекистан

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан
келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 9-сон, 100-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 28 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2562]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 329-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 35-36-сон, 355-модда) асосан буюраман:

1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.

3. Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси (М. Ишбеков) ҳамда Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (С. Нуриев) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.

4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

5. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари М. Икрамов зиммасига юклансин.

Вазир Н. ЙЎЛДОШЕВ

2014 йил ”28” феврал 50-мҳ-сон
Тошкент ш.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги
50-мҳ-сонли буйруғига
ИЛОВА

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 329-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 35-36-сон, 355-модда) мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (бундан буён матнда ҳокимлик деб юритилади) юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Ҳокимликларнинг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этилган номзодларни (бундан буён матнда номзод деб юритилади) адлия органлари билан келишиш уларни тавсия этилган лавозимга лаёқатлилиги ва касбига муносиб ёки муносиб эмаслигини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомнинг 5-бандига мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий адлия органлари деб юритилади) билан келишилган ҳолда тайинланадилар.

3. Ҳокимликлар томонидан юридик хизмат лавозимига келишиш учун бир ва ундан ортиқ номзодлар тавсия этилиши мумкин.

4. Ҳокимликлар номзодни келишиш учун тегишли адлия органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

- ҳокимнинг номзодни лавозимга тавсия этиш тўғрисидаги тақдимномаси;

- номзоднинг ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ шаклдаги анкетаси ва яқин қариндошлари ҳақидаги маълумот;

- олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси ёки олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун. Агар номзод хорижда таълим олган бўлса, хорижда ўқишни тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжат ва ушбу ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикасидаги ҳужжатга эквивалент деб топилганлиги тўғрисида ваколатли давлат органи томонидан берилган гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхалари;

- меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма, агар мавжуд бўлса.

Ҳокимлик томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.

II боб. Номзодлар билан суҳбат ўтказиш

5. Номзодни келишиш у билан суҳбат ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

6. Суҳбат адлия органларида ташкил этиладиган ҳокимликларнинг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш бўйича комиссиялар (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) томонидан ўтказилади.

7. Комиссиялар таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан камида беш кишидан, яъни раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида вазирнинг тегишли ўринбосари, ҳудудий адлия органларида эса, ҳудудий адлия органи раҳбари комиссия раиси ҳисобланади.

8. Комиссия фаолиятини ташкил қилиш бўйича ташкилий масалалар унинг ишчи органи томонидан амалга оширилади. Бунда адлия органларининг тегишли таркибий бўлинмаси комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

9. Суҳбат ҳужжатлар тегишли адлия органига келиб тушган санадан бошлаб бир ой ичида ўтказилади.

10. Ишчи орган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида уларда камчиликлар борлиги аниқланмаса, номзодни тавсия этган ҳокимликка суҳбат ўтказилишидан камида беш кун олдин суҳбат ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақида ёзма равишда хабар беради.

11. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар борлиги аниқланган тақдирда, ишчи орган томонидан уч иш куни ичида номзодни суҳбатга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва номзодни тавсия этган ҳокимликка ёзма равишда хабар берилади.

12. Суҳбатга қўйишни рад этиш учун асос бўлган камчиликлар бартараф этилган тақдирда, ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун тақдим қилиниши мумкин.

13. Комиссия ишида аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

14. Номзод билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган қонунчилик соҳалари, шу жумладан конституциявий ҳуқуқ, фуқаролик ҳуқуқи ва меҳнат ҳуқуқи соҳалари, шартномавий-ҳуқуқий фаолият ва суд ишларини юритиш асослари бўйича суҳбат ўтказилади.

15. Суҳбат натижалари мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги суҳбат варақасида акс эттирилади. Суҳбат варақасида комиссия аъзолари томонидан берилган саволларнинг жавоби «тўғри», «нотўғри», «тўлиқ эмас» ёки «жавоб берилмади» шаклида баҳоланади.

16. Комиссия аъзолари номзоднинг билими, шунингдек иш тажрибасини ҳисобга олиб, уни суҳбатдан ўтган ёки ўтмаган деб топиш ҳақида қарор қабул қилади. Мазкур қарор комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Узрсиз сабабларга кўра суҳбатга келмаган номзодлар комиссия томонидан суҳбатдан ўтмаган деб топилади.

17. Суҳбат натижаларига кўра номзоднинг суҳбатдан ўтганлиги ёки ўтмаганлиги ҳолати бўйича тегишли ишчи органи уч иш куни ичида номзодни тавсия этган ҳокимликка ёзма равишда жавоб бериши лозим.

18. Суҳбатдан ўтган деб топилган номзодлар икки ҳафта давомида тегишли адлия органларида стажировка ўтайди.

19. Суҳбатдан ўта олмаган номзодлар уч ойдан сўнг, умумий асосларда ушбу лавозимга қайта тавсия этилиши мумкин.

III боб. Якуний қоидалар

20. Номзодларни келишиш билан боғлиқ тўпланган барча ҳужжатлар тегишли комиссиянинг ишчи органида сақланади.

21. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими
лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан
келишиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

рисунок 1

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими
лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан
келишиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

рисунок 2

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими
лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан
келишиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

рисунок 3