UZ RU

Буйруқ № 21 Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг

Герб Республики Узбекистан

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ БЎЙРУҒИ

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги
тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 9-сон, 93-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 26 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2089-1]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги 18-сон «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2010 йил 27 февралдаги 56-сон буйруғи (рўйхат рақами 2089, 2010 йил 23 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 12-сон, 87-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.

2. Мазкур буйруқ 2014 йилнинг 1 июль кунидан эътиборан кучга киради.

Вазир А. АЛИМОВ

2014 йил ”27” январ 21-сон
Тошкент ш.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 27
январдаги 21-сонли буйруғига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби
тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча

1. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«9. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома туғруқ содир бўлган тиббий муассасалар томонидан барча тирик туғилиш ҳолларида берилади. Тирик туғилганлик мезонларидан (нафас, юрак уриши, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёрий қисқариши) бири мавжуд бўлса ҳам бола тирик туғилган ҳисобланади. Бунда онанинг ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, боланинг бўйи 25 см ва ундан ортиқ, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлиши лозим.

Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома ушбу тиббий муассаса шифокори, бир нафар шифокор ишлайдиган ёки тиббий муассасада шифокор бўлмаган (меҳнат таътили, касаллик туфайли ва бошқа сабаблар) ҳолларда туғруқни қабул қилган фельдшер ёки акушер томонидан берилади.».

2. 16-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи жумла билан тўлдирилсин:

«Бунда онанинг ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, боланинг бўйи 25 см ва ундан ортиқ, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлиб, мазкур Йўриқноманинг 9-бандида назарда тутилган тирик туғилганлик мезонларидан ҳеч бири мавжуд бўлмаса, бола ўлик туғилган ҳисобланади.».

3. Мазкур ўзгартириш ва қўшимча Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан келишилган.

Давлат статистика қўмитаси раиси Б. ТЎРАЕВ

2014 йил 27 январь