UZ RU

Буйруқ №24 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Илмий-изланиш натижаларини тиббиёт амалиётига тадбиқ этиш тўғрисида

Герб Республики Узбекистан

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

БУЙРУҚ
2014 йил ”27” январ № 24
Тошкент ш.

Илмий-изланиш натижаларини тиббиёт
амалиётига тадбиқ этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси хузуридаги Олий Аттестация комиссияси Раёсатининг 2013 йил 30 декабрдаги 201/2-сонли қарори билан тасдиқланган “Диссертация ишлари илмий натижаларини амалиётга жорий қилишга тақдим этиш ва самарасини баҳолаш бўйича Вақтинчалик Йўриқнома” да кўрсатилган вазифаларни бажариш, ҳамда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиғини тартибга солиш, салоҳиятини ошириш, изчиллиги ва кўламини таъминлаш мақсадида

БУЮРАМАН:

1. Вазирлик тизимидаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, илмий марказлар раҳбарларига:

Олий Аттестация комиссияси Раёсатининг 2013 йил 30 декабрдаги “Диссертация ишлари илмий натижаларини амалиётга жорий қилишга тақдим этиш ва самарасини баҳолаш бўйича Вақтинчалик Йўриқнома”сини маълумот учун қабул қилиш;

докторлик диссертацияси бажарилаётган муассасаларга докторлик диссертациялари илмий натижаларини оммалаштириш, тажриба-синов ишларини ташкиллаштириш учун масъуллик даражасини ошириш;

докторлик диссертациялари илмий натижаларини амалиётга жорий этилиши тиббиёт фани ва амалиётини ривожлантиришга ҳамда соҳа тармоқларини модернизация қилишга қўшган ҳиссасини аниқлаш кесимида баҳоланишини таъминлаш;

докторлик диссертациялари илмий натижаларини тиббиёт фани соҳалари ёки амалиётига жорий қилишга тақдим этиш учун тавсия этилаётган натижалар иш бажарилган муассасанинг тегишли семинарларида атрофлича кўриб чиқилиши, асосланган тавсиялар шакллантирилиши, ташкилот кенгаши (ОТМ кенгаши, ИТМ илмий кенгаши, илмий-техникавий кенгашлар) томонидан муҳокама қилиниши ҳамда асосланган тавсияларни хулоса ёки далолотнома шаклида Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилишини таъминлаш;

илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиқ этишда 1-иловада келтирилган намунавий йўналишларни эътиборга олиш;

илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиғи натижадорлиги тиббий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан баҳоланишига эътиборни кучайтириш;

катта илмий ходимлар-изланувчилар диссертацияни ҳимоя қилишгача таълим муассасаларида ўқишнинг бутун даврида камида 300 соат ҳажмида педагогик иш тажрибасини эгаллаши илмий ва илмий-педагог кадрлаш тайёрлаш жараёнининг ажралмас қисми эканлигини эътиборга олган ҳолда, олий таълим ёки лмий тадқиқот муассасаларига катта илмий ходим-изланувчиларни ўрнатилган тартибда (0,25 ставка ўриндош ёки соатбай педогог мақомида) ўқув соатлари билан таъминлаш вазифаси топширилсин.

2. Илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиғини баҳолаш бўйича Ишчи гуруҳи таркиби 2- иловага, илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиғи бўйича вазирлик “хулосаси” шакли 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси (У.С.Исмаилов) тассаруфида катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчилар институти мавжуд бўлган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари аттестацияси ва рейтингини аниқлаш учун катта илмий ходим ва мустақил изланувчиларга илмий изланишлар олиб бориш, изланиш натижаларини амалиётга тадбиғи, уларни оммалаштириш ҳамда педагогик жараён билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар даражаси кеcимида мезонлар киритилишини таъминласин.

3. Вазирлик илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими (И.Р.Мавлянов) диссертация натижаларини амалиётга тадбиқ этиш бўйича тавсиялар докторлик диссертацияси дастлабки экспертизаси барча босқичларида алоҳида ўрганилиб, атрофлича муҳокама қилинишини йўлга қўйсин.

4. “UZMEDINFO” маркази раҳбари М.В.Баймухамедов ушбу буйруқ ва унинг иловалари тўлиқ матнини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайтида эълон қилинишини таъминласин.

5. Мазкур буйруқ ижросининг назорати вазирнинг биринчи ўринбосари А.А. Худаяров зиммасига юклатилсин.

Вазир А.В. Алимов
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни
сақлаш вазирининг 2014 йил
“____”_________ даги _____сонли
буйруғига 1 -илова

Илмий изланиш натижаларининг амалиётга тадбиғи намунавий
ЙЎНАЛИШЛАРИ:


Фундаментал йўналишда бажарилган илмий ишлар учун:

1.Илмий изланишлар натижаси бўйича янги концепция (назария, ғоя) яратиш, илм –фанда янги илмий йўналиш очиш ва касалликларнинг келиб чиқиши, ривожланиши механизмларини очиш, исботлаб бериш ва улар негизида янги диагностика ва даво принципларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш:

ихтиро.

2.Илмий изланишлар натижаси бўйича яратилган янги концепция (назария, ғоя)ни ўзида акс эттирган монография чоп этиш.

Амалий йўналишда бажарилган илмий ишлар учун:

1. Илмий изланиш бўйича касалликлар диагностикаси, давоси, кайта тикланиши ва профилактикаси бўйича яратилган “ишланмани” амалиётга тадбиқ этиш:

Механизми: яратилган “ишланмани” илмий изланиш ўтказилган муассаса қарамоғида бўлмаган бошқа даволаш профилактика муассасалар амалиётига тадбиқ этиш;

Кутилаётган натижа: яратилган “ишланманинг” тиббий, ижтимоий ва иқтисодий (конкрет иқтисодий кўрсатгичлар асосида) жиҳатдан амалиётда мавжуд бўлган аналоглардан устивор эканлигини асослаш;

Тақдим этилиш шакли:

Услубий тавсиянома (ССВ нинг 2013йил 18 февралидаги 48 сонли буйруғига мувофиқ);

Яратилган “ишланмани” амалиётга тадбиқ этган муассаса хисоботи (ССВ нинг 2013йил 18 февралидаги 48 сонли буйруғига мувофиқ).

2. Илмий изланиш бўйича яратилган “ишланма”ни касалликлар диагностикаси ва даволаш стандартлари рўйхатига киритилиши;

Механизми: яратилган “ишланмани” диагностика ва даво стандарлари рўйхатига киритиш бўйича асоснома тайёрлаш (соҳа бўйича илмий жамиятлар ёки ассоциациялар тавсияномаси, конгресс ёки бошқа илмий анжуманлар резолюциясига киритиш ва бошқалар);

Кутилаётган натижа: касалликлар диагностикаси, давоси қайта тиббий тикланиш ва профилактикаси бўйича янги рақобатбардош технологияларнинг жорий этилиши;

Тақдим этилиш шакли:

ССВ нинг буйруғ ва фармойишлари;

ССВ даволаш Кенгаши қарори.

Илмий изланиш натижаларини таълим соҳасига тадбиғи:

1.Илмий изланишлар натижаларини фан соҳалари бўйича дарслик матнига киритилиши.

2.Илмий изланишлар натижаларини фан соҳалари бўйича маъруза матнига киритилиши.

3.Илмий изланишлар натижаларини фан соҳалари бўйича амалиёт дарслари матнига киритилиши.

Механизми: ўқув жараёнига тадбиқ этиш учун илмий изланиш натижалари бўйича янги материаллар матнини тайёрлаш, уларни асослаш ва Монотематик Кенгашлар ва ОТМ Марказий услубий кенгашга тақдим этиш;

Кутилаётган натижа: Ўқув жараёни учун янги маълумотлар базасини кенгайтириш;

Тақдим этилиш шакли:

Монотематик Кенгашлар ва ОТМ Марказий услубий Кенгашлар қарори;

Материаллар киритилган уқув услубий мажмуа, дарслик ёки ўқув услубий қўлланмалар.

Бошқа турдаги тадбиқлар (асосийга қўшимча):

1.Фан, янги ғоялар ва технологиялар инновацион ярмаркаларида яратилган ишланмалар билан иштирок этиш.

2.Ярмарка давомида яратилган ишланмалар , доривор моддалларга ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар тузиш ва уларни амалга ошириш.

3.Соғлиқни сақлаш тизими даволаш профилактика муассасаларида илмий-изланиш натижалари бўйича яратилган тиббий ёндашувларни (диагностика, даво ва профилактика усуллари) шифокорлар томонидан ўзлаштирилишини таъминлаш (кўргазмали чиқишлар- “мастер-класс”лар ўтказиш).

Механизми: кўргазмаларга тақдим этилиши режалаштирилган ишланмаларни ўрнатилган тартибда хужжатларини, жумладан паспортини тайёрлаш, соҳа ва идоралараро танловига тақдим этиш; илмий-изланиш натижалари бўйича яратилган тиббий ёндашувларни (диагностика, даво ва профилактика усуллари) шифокорлар томонидан ўзлаштирилишини таъминловчи дастур ва протоколларни тайёрлаш;

Кутилаётган натижа: соҳа учун талаб этилаётган янги технологияларни истеъмолчиларга намойиш этиш ва ўзлаштирилишини таъминлаш, шифокорларни билим ва кўникмаларини янги технологиялар билан бойитиш;

Тақдим этилиш шакли:

Фан ва янги технологиялар инновацион ярмаркалар каталоги;

Кўргазмали чиқишлар протоколлари (янги технологияларни ўзлаштирган шифокорлар рўйхати).

Эслатма: Изланувчилар томонидан Ишчи гуруҳга диссертация ва автореферат нусхаси, иш бажарилган ташкилот илмий кенгаши ёки илмий-техник кенгашининг диссертация иши назарий ва амалий натижаларини тадбиғи бўйича асосланган хулосаси (ОАК Раёсатининг 2013 йил 30 декабрдаги 201/2-сонли қарорига 18-ИЛОВАсига биноан) ва амалиётга тадбиғи бўйича 1-иловада келтирилган (йўналишларга мувофиқ) расмий ҳужжатлар тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни
сақлаш вазирининг 2013 йил
“____”_________ даги _____сонли
буйруғига 2 -илова

Илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиғини баҳолаш бўйича
Ишчи гуруҳи
ТАРКИБИ

1. Гулямов Т.Д. – вазирлик Илмий текшириш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи муовини, т.ф.д., ишчи гуруҳ раиси.

2. А.Х. Аширметов - Гематология ва Қон қуйиш илмий-тадқиқот институти, грант лойиҳа раҳбари, т.ф.д., ишчи гуруҳ аъзоси.

3. А.С. Худойбердиев – ССВ бош мутахассиси, т.ф.д. , ишчи гуруҳ аъзоси.

4. И.В. Ливерко – Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, т.ф.д , ишчи гуруҳ аъзоси.

5. Ш.Ш. Шатурсунов – Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти, грант лойиҳа раҳбари, т.ф.д., ишчи гуруҳ аъзоси.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни
сақлаш вазирининг 2014 йил
“____”_________ даги _____сонли
буйруғига 3 -илова

Илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиғи бўйича Соғлиқни
сақлаш вазирлиги
ХУЛОСАСИ

“КЕЛИШИЛДИ”
ССВ илмий текшириш фаолиятни
мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи
_______________И.Р.Мавлянов
“____”_________2014 йил
“ТАСДИҚЛАЙМАН”
Фан ва ўқув юртлари бош
бошқармаси бошлиғи
______________ У.С.Исмаилов
“____” ___________2014 йил

1. Изланувчининг исми, фамилияси

2. Диссертация мавзуси

3. Ихтисослик шифри (номи)

4. Тадбиқ объекти

5. Тадбиқ йўналиши

6. Тадбиқ кўлами

7. Олинган натижа:

а) тиббий самарадорлик

б) ижтимоий ахамияти

в) иқтисодий самарадорлик (млн. сўм)

ХУЛОСА:

Раис Имзо

Эслатма: Ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган материаллар диссертация бўйича олинган натижалар кесимида кўриб чиқилади ва баҳоланади. Хулоса докторлик диссертацияси дастлабки экспертизаси босқичларида (кафедралараро апробация, илмий семинар ва бошқалар) мутахасислар томонидан кўриб чиқилади ва муҳокама қилиниб баҳоланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси
ҳузуридаги ОАК Раёсатининг 2013 йил
30 декабрдаги 201/2-сонли қарорига
18-ИЛОВА

Диссертация ишлари илмий натижаларини амалиётга жорий қилишга
тақдим этиш ва самарасини баҳолаш бўйича
ВАҚТИНЧАЛИК ЙЎРИҚНОМА

1. Мазкур йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) «Фан доктори илмий даражасини бериш тартиби тўғрисидаги низом»и асосида ишлаб чиқилган.

2. Фан доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган докторлик диссертациялари илмий натижаларини амалиётга жорий этилиши фан, техникани ривожлантиришга ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳани ва иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга ҳисса қўшадиган илмий асосланган ечимлар ўз ифодасини топган юқори малакавий илмий асар бўлиши керак.

3. Фан доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация иши натижалари фанга ёки амалиётга татбиқ этилган бўлиши лозим.

4. Докторлик диссертацияси бажарилаётган ташкилот докторлик диссертациялари илмий натижаларини оммалаштириш, тажриба-синов ишларини ташкиллаштириш учун масъулдир.

5. Докторлик диссертацияси бажарилаётган ташкилот талабгор томонидан бажарилган назарий аҳамиятга молик диссертация иши натижалари тегишли фан соҳасининг жаҳон илмий жамоатчиликиги томонидан қай даражада эътироф этилганлиги ва фанда фойдаланилаётганлигини талабгорнинг диссертация тадқиқоти бўйича чоп этилган илмий ишлари рўйхати, улар ривожланган хорижий мамлакатларнинг илмий марказлари томонидан эътироф этилганлиги, хорижий олим ва мутахассислар томонидан хаволалар қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар дастлабки муҳокамадан ўтказиши лозим.

6. Докторлик диссертацияси бажарилаётган ташкилот талабгор томонидан бажарилган амалий аҳамиятга молик ишлар асосида тажриба-синов учун ишлаб чиқилган методика, тажриба объекти ва бошқа материалларни дастлабки экспертизадан ва тажриба-синов натижаларини диссертация тадқиқотининг узвий бўлаги сифатида дастлабки муҳокамадан ўтказиши лозим.

7. Агар олинган илмий натижалар муаллифлар жамоасига тегишли бўлса, фан доктори илмий даражасини олишга талабгорнинг мазкур ишдаги хиссаси аниқ кўрсатилади.

8. Докторлик диссертациялари илмий натижаларини фанга ёки амалиётга жорий қилишга тақдим этиш учун тавсия этилаётган натижалар иш бажарилган ташкилотнинг тегишли семинарида атрофлича мухокама қилиниб, тегишли тавсияларни кўриб чиқиш учун ташкилотнинг тегишли кенгаши (ОТМ кенгаши, ИТМ илмий кенгаши, бошқа ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашлари) муҳокамасига киритилади.

9. Назарий аҳамиятга молик диссертациялар натижалари ва олинган илмий хулосаларидан фанда фойдаланилганлиги иш бажарилган ташкилотнинг тегишли кенгаши (ОТМ кенгаши, ИТМ илмий кенгаши, бошқа ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашлари) ва бошқа шу соҳада етакчи бўлган ОТМ кенгашлари, ИТМ илмий кенгашлари томонида муҳокама қилиниб тегишли хулоса сифатида расмийлаштирилади. Хулосада, талабгорнинг фанга қўшган ҳиссаси, диссертация мавзусига оид илмий ишлари ривожланган хорижий мамлакатларнинг илмий марказлари томонидан эътироф этилганлиги, хорижий олим ва мутахассислар томонидан уларга хаволалар қилинганлиги тўғрисида маълумотлар аниқ ва лўнда келтирилади, уларга нуфузли ихтисослашган хорижий илмий журналлар саҳифаларида билдирилган муносабатлар ва бошқаларга баҳо берилади.

10. Назарий аҳамиятга молик диссертациялар натижалари ОТМ кенгашида, ИТМ илмий кенгашида, бошқа ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашида муҳокама қилиниб талабгор ўтказган тадқиқотлар асосида муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик долзарб илмий муаммо ҳал қилинганлиги ёки олинган натижалар тегишли фан соҳасининг истиқболли йўналишини ривожлантиришда маълум бир ютуқ деб баҳолаш мумкин бўлган янги назарий қоидалар мажмуи ишлаб чиқилганлиги аниқ асослаб кўрсатилса тегишли кенгашнинг (илмий кенгашнинг, илмий-техникавий кенгашнинг) қарори билан расмийлаштирилади.

11. Назарий аҳамиятга молик диссертация иши натижалари тўғрисидаги тегишли ОТМ кенгашининг, ИТМ илмий кенгашининг, бошқа ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашининг қарори ўзи тасарруфида бўлган давлат бошқарув органининг тегишли хужжатлари билан мазкур илмий натижа(лар)нинг фан учун аҳамиятига баҳо берилиб, диссертация иши натижаларидан фанда кенг фойдаланиш бўйича тавсиялар кўрсатилган ҳолда расмийлаштирилади.

12. Амалий аҳамиятга молик диссертациялар бўйича ташкилотнинг тегишли кенгаши мажлисида талабгор докторлик диссертацияси илмий натижалари асосида амалиётга жорий этиш учун тайёрланган объект ва унинг дастлабки натижалари бўйича ахборот беради. Кенгаш муҳокамаси асосида диссертация натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича хужжатлар амалдаги талабларга жавоб берса, иш бажарилган ташкилотнинг тавсияси, диссертация тадқиқоти бўйича чоп этилган илмий ишлар рўйхати, тажриба-синов жараёнига татбиқ қилинадиган объект (қурилма, асбоб, механизм, машина, дастур, методика, технология, нав, тавсияномалар ва бошқалар) таҳлил қилинган ҳолда фан доктори илмий даражасини олишга талабгорнинг исми шарифи ва диссертация иши мавзуси келтирилган ҳолда ташкилотнинг кенгаши қарори сифатида унинг раҳбарияти томонидан тасдиқланади ҳамда жорий этиш учун тегишли ташкилотга юборилади.

13. Амалий аҳамиятга молик диссертация натижаларини жорий этиш иқтисодиёт тармоғининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ташкилотларда ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади. Унда тажриба-синов ишлари мақсади, вазифалари, кутиладиган натижаларни баҳолаш (самарадорлик) мезонлари, тажриба-синов ишлари объекти (предмети), босқичлари белгилаб олинади. Тажриба-синов методлари, тажриба-синов дастурини ишлаб чиқилади. Тегишли ҳолларда, тажриба-синов ишлари методик ва ташкилий таъминотини ишлаб чиқиш, тажриба-синов машғулотларини ташкил қилиш мезонларини белгилаб олиш, тажриба-синов натижаларини қайд этиш усулларини белгилаш, тажриба-синов ишларини натижалаш алгоритмини ишлаб чиқиш, олинган эмпирик маълумотларни миқдор ва сифат кўрсаткичлари асосида таҳлил қилиш ҳамда назарий асосда умумлаштириш ва бошқаларга алоҳида аҳамият қаратилади.

14. Диссертация натижаларини амалиётга жорий этилганлиги тўғрисидаги хужжатлар (амалиётга жорий этилганлиги тўғрисида асосланган далолатнома, тегишли вазирлик ёки идорада амал қилинаётган илмий тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этишдан олинган иқтисодий ёки ижтимоий самарадорликни ҳисоблаш усуллари асосида ҳисобланган реал самарадорлик, диссертация тадқиқоти муаллифи, мавзуси ва ихтисослиги, тажриба-синов ишлари олиб борилган ташкилот(лар), тадқиқот ишининг мақсади, тажриба-синов ишларининг босқичлари бўйича амалга оширилган ишлар, тажриба-синов ишлари натижаларининг апробацияси сифатида чоп этилган илмий ишлар тўғрисида маълумот, тажриба-синов ишлари натижаларининг қўлланилиши тўғрисида маълумот, тажриба-синов натижаларини амалиётга татбиқ этилиши ва миқёси тўғрисида якуний хулоса) диссертация натижаларини жорий этган ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашлари ёки бошқа тегишли кенгашлари томонидан муҳокама қилинади, олинган натижалар жорий этган ташкилот талабларига жавоб берган тақдирда, маъқулланади ва уларнинг раҳбарияти томонидан тасдиқланади.

15. Диссертация натижаларини амалиётга жорий этган ташкилотнинг жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси ўзи тасарруфида бўлган давлат бошқарув органининг тегишли хужжатлари билан мазкур илмий натижа(лар)нинг тармоқ учун аҳамиятига баҳо берилиб, диссертация иши натижаларини амалиётга кенг жорий этиш бўйича тавсиялар кўрсатилган ҳолда тасдиқланади.

16. Амалий аҳамиятга молик диссертацияда тажриба-синов ишлари тадқиқотнинг ажралмас қисми бўлиб, у соҳага оид ҳар қандай изланишлар натижаларининг ҳаққонийлиги, амалий аҳамияти ҳамда татбиқийлигини тасдиқлашнинг бош мезони ҳисобланади.

17. Талабгорлар тажриба-синов ишлари натижаларига кўра тегишли тармоқ ёки соҳанинг аниқ муаммолари ечимига, тааълуқли соҳага оид методик тавсиялар, инновациялар сифатини оширишга оид илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқадилар.

18. Тажриба-синов ишлари – диссертацияда илмий асосланган ғояларни бошқариладиган ва назорат қилинадиган, реал ёки махсус лойиҳалаштириладиган шароитларда синовдан ўтказилиб, тадқиқ этилаётган фаолият турига таъсир этувчи омилларни ўзида мужассамлаштирган янги натижаларни олишга қаратилган жараён.

19. Фан соҳалари бўйича тажриба-синов ишларининг мақсади – ҳар бир тадқиқот мазмуни ва моҳиятига кўра аниқ ўлчанадиган мезон ва кўрсаткичларга асосан белгиланиши лозим.

20. Тажриба-синов ўтказилаётган ташкилот тадқиқот бажарилаётган ташкилот мурожаатига биноан тажриба-синов майдонларини белгилайди, амалга ошириладиган тажриба-синов ишларини ўрнатилган тартибда расмийлаштиради, тажриба-синов ишлари юзасидан олинган илмий натижаларни амалиётга татбиқ этилганлиги ҳақидаги тасдиқлаган далолатномаларни беради.

21. Амалий аҳамиятга молик диссертацияда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг долзарб муаммоларининг ечими асослаб берилганлиги ва илмий натижалардан (илмий асосланган техник, агротехник, технологик ва бошқа ечимлар, янги педагогик технологиялар, тиббий усуллар, янги дорилар ва бошқалар) амалиётда фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотлар (амалиётга жорий этилганлиги тўғрисида асосланган далолатномалар ва амалиётга жорий этишдан олинган иқтисодий ёки ижтимоий самарадорлик хисоби) акс эттирилиши лозим.

22. Диссертация натижаларини фанга, амалиётга жорий этилганлиги тўғрисидаги асосли ҳужжатлар фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш қошидаги илмий семинарда ва илмий кенгашда атрофлича муҳокама этилиб, жорий этилган натижалар бўйича тегишли хулосалар аттестация ишига илова қилинади.

23. Илмий натижаларни жорий қилинишини баҳолаш “Диссертация ишларини баҳолаш мезонлари” асосида амалга оширилади.

24. ОАК ҳимоя қилинган диссертация ишларини таҳлил қилади ва республика вазирликларига, идораларига натижалари диссертация ишларида баён қилинган илмий тадқиқотлар бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг диссертация ишлари натижаларини амалиётга жорий этиш мумкинлиги тўғрисидаги тегишли тавсиялар билан биргаликда юборилишини таъминлайди.