UZ RU

Буйруқ №336 Cоғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш профилактика муассасаларда “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Давлат ёнғин назорати тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ва амалга тадбиқ этиш тўғрисида

Герб Республики Узбекистан

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI SOG’LIQNI SAQLASH VAZIRLIGI

B U Y R U Q

«8» октрябрь 2013 г. № 336
Ташкент ш.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги
даволаш профилактика муассасаларда
“Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида“ги
Ўзбекистон Республикаси Қонунига
мувофиқ Давлат ёнғин назорати
тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ва
амалга тадбиқ этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2013 йил 4 октябрдаги №272-сонли Давлат ёнғин назорати тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги Қарорига асосан “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда республикада ёнғин назоратини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида:

Б У Ю Р А М А Н

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2013 йил 4 октябрдаги №272-сонли Давлат ёнғин назорати тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги Қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, барча вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари, тизимдаги олий, ўрта-махсус билим юртлари ва Республика тасарруфидаги барча соғлиқни сақлаш муассасаларининг раҳбарларига:
    Давлат ёнғин назорати тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
    Инвестиция дастурига асосан янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва мукаммал таъмирланаётган даволаш профилактика муассасалари биноларида ёнғин хавфсизлиги талаблари бажарилиши таъминлансин;
    Тизимдаги барча муассасаларда ёнғин хавфсизлиги техникаси, асбоб ускуналар, ўт ўчириш воситалари, йўриқномалар, меъёрий хужжатлар билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилсин;
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Ўзбекистон Республикасида давлат ёнғин назорати тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида” 1993 йил 17 майдаги 227-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  3. Вазирликнинг Тиббиёт муассасаларидан комплекс фойдала- ниш бошқармаси бошлиғи Б.Т. Эргашевга:
    Тизимдаги барча даволаш профилактика муассасаларда ёнғин ҳавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар доимий мониторинг қилиб борилсин.
  4. Мазкур буйруқ ижроси назорати вазир ўринбосари Ш.Х.Тиллаев зиммасига юклатилади.
Вазир А.В.АЛИМОВ

 

Киритилди:
КФБ бошлиғи Б.Т.Эргашев
Келишилди:
Вазир ўринбосари Ш.Х. Тиллаев
Назорат инспекцияси бошлиғи А.А.Содиқов
Иқтисодиёт ва маблағ билан
таъминлаш бошқармаси бошлиғи
Б.О.Хошимов
Юридик хизмат бошлиғи Б.Г.Хажиханов
 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2013 йил 4 октябрдаги
272-сон қарорига
1-илова

 

 

 

Давлат ёнғин назорати тўғрисида
НИЗОМ

I. Умумий қоидалар 

  1. Ушбу Низом «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ёнғин назорати органлари ва мансабдор шахсларининг рўйхатини, уларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
  2. Давлат ёнғин назорати давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини текшириш ва текширув натижалари бўйича чора-тадбирлар кўриш мақсадида амалга оширилади.
  3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
    ёнғин назорати бўйича давлат инспектори - давлат ёнғин назоратини амалга ошириш ваколатига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тегишли бўлинмасининг мансабдор шахси;
    ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини текшириш – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларини бажаришлари устидан давлат ёнғин назорати органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган назорат қилиш шакли ва аниқланган қоида бузишларни бартараф этиш ва (ёки) уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилиши.
    ёзма кўрсатма - ёнғин назорати бўйича давлат инспекторининг ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишини бартараф этиш, шу жумладан қурилаётган корхоналар ва объектларнинг, шунингдек товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш)да ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг белгиланган муддатларда тегишли мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма фармойиши;
    объект – юридик ёки жисмоний шахснинг мулкий комплекси (ёки унинг бир қисми), шу жумладан улар учун ёнғин хавфсизлиги талаблари белгиланган бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, технологик қурилмалар, асбоб-ускуна, агрегатлар, буюмлар ва бошқа мол-мулк;
    тадбиркорлик субъектига тегишли бўлган объектнинг ёнғин-профилактик кўриги – кейинчалик тадбиркорлик субъектига ёнғин келиб чиқиши кучайишининг (тарқалишининг) олдини олишга қаратилган ёзма тавсиялар бериш учун объектнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбир.
  4. Давлат ёнғин назорати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги бўлинмалари томонидан амалга оширилади:
    Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан;
    Транспортдаги ички ишлар бошқармаси томонидан – ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан фақат темир йўл транспорти учун махсус мўлжалланган ҳамда станциялар ва перегонлар чегарасида темир йўлга қарашли ҳудудларда жойлашган темир йўл объектларида, бошқа ташкилотлар томонидан ушбу объектларда ижарага олинган биноларда, шунингдек станция ва перегонларнинг темир йўлларида ҳаракатланадиган таркибда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан;
    Жазони ижро этиш бош бошқармаси  томонидан – жазони ижро этиш муассасаларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш.
  5. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати давлат ёнғин назорати  органларининг фаолиятига методик раҳбарлик қилишни, уни мувофиқлаштириш ва назорат қилишни таъминлайди.
  6. Давлат ёнғин назорати органлари ва уларнинг мансабдор шахслари назорат бўйича функцияларни амалга оширишда  ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар мавжуд бўлган қонунларга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда норматив ҳужжатларга, шунингдек ушбу Низомга амал қиладилар.
  7. Давлат ёнғин назорати органлари белгиланган намунадаги ўз номи ёзилган муҳрлар, штамплар ва бланкаларга эга бўладилар.

II. Давлат ёнғин назорати органларининг тизими

  1. Қуйидагилар Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг давлат ёнғин назорати органлари ҳисобланади:
    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси  (кейинги ўринларда  – Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси деб аталади);
    Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасига бевосита бўйсунувчи ёнғин хавфсизлиги бошқармалари (кейинги ўринларда – ёнғин хавфсизлиги бошқармалари деб аталади);
    туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ёнғин хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари);
    ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин хавфсизлиги бошқармаларига бевосита бўйсунувчи ёнғин хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалар, гуруҳлар);
    Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг туманлар (шаҳарлар) ва ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги ҳарбийлаштирилган ва касбий отрядлари (қисмлари, алоҳида постлари).
  2. Қуйидагилар Транспортдаги ички ишлар бошқармаси давлат ёнғин назорати органлари ҳисобланади:
    транспортдаги ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бўлими;
    транспортдаги тармоқ ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ёнғин хавфсизлиги гуруҳлари.
  3. Қуйидагилар Жазони ижро этиш бош бошқармаси давлат ёнғин назорати органлари ҳисобланади:
    Жазони ижро этиш бош бошқармасининг ёнғин хавфсизлиги гурурҳи;
    Жазони ижро этиш бош бошқармаси хузуридаги жазони ижро этиш муассасаларининг бирлашган (ҳарбийлаштирилган) ёнғин хавфсизлиги командалари, ёнғин хавфсизлиги (ҳарбийлаштирилган) командаларининг алоҳида постлари.

III. Давлат ёнғин назорати органларининг мансабдор шахслари

  1. Давлат ёнғин назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга қуйидагилар тегишлидир:
    Ўзбекистон Республикаси ёнғин назорати бўйича бош давлат инспектори – Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи;
    Ўзбекистон Республикаси ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторининг ўринбосарлари – Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари;
    Ўзбекистон Республикаси ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторининг катта ёрдамчилари – Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари;
    Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари – тегишли равишда Ёнғин хавфсизлиги бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари;
    транспортдаги ёнғин назорати бўйича бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари – тегишли равишда транспортдаги ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосарлари;
    Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторининг катта ёрдамчилари  –  ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ходимлари;
    транспортдаги бош давлат инспекторининг катта ёрдамчилари –транспортдаги ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари;
    туманлар (шаҳарлар), ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин назорати бўйича катта давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари – тегишли равишда туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ва ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги ёнғин хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқлари (ёнғин хавфсизлиги гуруҳларининг катта иснпекторлари), туманлар (шаҳарлар) Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги отрядлари  командирлари, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги  ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги отрядлари  командирлари ва ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари;
    транспортдаги ёнғин назорати бўйича катта давлат инспекторлари –транспортдаги ички ишлар тармоқ бошқармалари (бўлимлари) ёнғин хавфсизлиги гуруҳларининг катта инспекторлари;
    жазони ижро этиш  муассасаларининг ёнғин назорати бўйича катта давлат инспекторлари – Жазони ижро этиш бош бошқармаси ёнғин хавфсизлиги гуруҳининг муҳим топшириқлар бўйича катта инспекторлари;
    туманлар (шаҳарлар)нинг ёнғин назорати бўйича давлат инспекторлари – туманлар (шаҳарлар)нинг ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ёнғин хавфсизлиги бўлимлари, бўлинмалари ва гуруҳларининг катта муҳандислари, катта инспекторлари, муҳандислари, инспекторлари, кичик инспекторлари;
    ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги  ёнғин назорати бўйича давлат инспекторлари – ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги касбий ёнғин хавфсизлиги отрядлари (қисмлари) бошлиқлари, ёнғин хавфсизлиги алоҳида постлари бошлиқлари, ёнғин хавфсизлиги бўлимлари, бўлинмалари ва гуруҳларнинг (алоҳида постларнинг) катта муҳандислари, катта инспекторлари, муҳандислари, инспекторлари, кичик инспекторлари;
    транспортдаги ёнғин назорати бўйича давлат инспекторлари – транспортдаги ички ишлар тармоқ бошқармалари (бўлимлари)нинг ёнғин хавфсизлиги гуруҳларининг инспекторлари;
    жазони ижро этиш муассасаларининг ёнғин назорати бўйича давлат инспекторлари – Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ёнғин хавфсизлиги бирлашган (ҳарбийлаштирилган) командалари, ёнғин хавфсизлиги (ҳарбийлаштирилган) командаларининг алоҳида постлари бошлиқлари, профилактика катта йўриқчилари ва йўриқчилари.

IV. Давлат ёнғин назорати органларининг асосий вазифалари

  1. Қуйидагилар давлат ёнғин назорати органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
    ёнғинлар профилактикасини ўтказиш;
    қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёнғинлар ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишига оид ишлар юзасидан суриштирув ўтказиш;
    қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёнғинларни ва уларнинг оқибатларини ҳисобга олиш, шунингдек ёнғинларга доир ахборотларни тўплаш ҳамда ўзаро алмашиш ишларини олиб бориш;
    давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорликни амалга ошириш;
    барча турдаги ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларининг ёнғинларни ўчиришга шайлиги ҳолати ва ёнғинлар профилактикаси ўтказилишига доир ишларнинг бажарилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;
    ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
    қурилиш учун майдонлар (трассалар) танлаш (ажратиш) комиссиялари, шунингдек қурилиши (реконструкцияси) тугалланган объектларни ва ёнғинга қарши ҳимоя тизимларини қабул қилиб олиш комиссиялари таркибида иштирок этиш;
    ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
    ташкилотларнинг ходимларига, суғурталанган шахсларга, мактабгача таълим муассасаларида болаларга ва бошқа таълим муассасаларида таълим олаётган шахсларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш сифати ва ташкил этилишини назорат қилиш;
    ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш сифатини назорат қилиш;
    фуқаролар ва ташкилотларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш.

    V. Давлат ёнғин назорати органлари мансабдор шахсларининг
    ҳуқуқ ва мажбуриятлари

    13. Туманлар (шаҳарлар), ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги, транспортдаги  ва жазони ижро этиш муассасаларидаги ёнғин назорати бўйича давлат инспекторлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
    ўз ваколатлари доирасида ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши бўйича назоратни амалга ошириш, ёнғин назорати бўйича юқори давлат инспекторлари томонидан назорат амалга ошириладиган ташкилотлар ва мансабдор шахслар бундан мустасно;
    ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда уларнинг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида ташкилотлар ва бошқа объектларнинг ҳудудларида, биноларида, иншоотларида, хоналарида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш;
    ташкилотлардан, ёнғин хавфсизлиги ҳолатини тавсифловчи ҳужжатларни, ёнғинлар тўғрисидаги маълумотларни, ёнғин чиқиш хавфи бўлган материаллар ва маҳсулотлар ҳақидаги техник ҳужжатларни (агарда улар текширувга алоқадор бўлса) сўраб олиш;
    ёнғин келиб чиқишига, тарқалишига олиб келувчи ёки уни бартараф этишни қийинлаштирувчи ва (ёки) одамларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилиши аниқланган ҳолларда, агар улар бино (иншоот)нинг ёки умуман ишлаб чиқаришнинг ишини тўхтатишга олиб келмаса, ишлаб чиқариш участкаларининг ишини, алоҳида хоналардан, асбоб-ускуналардан ва бошқа агрегатлардан фойдаланишни, айрим ёнғин хавфига қарши ишларни олиб боришни белгиланган тартибда қисман ёки бутунлай тўхтатиб қўйиш. Назарда тутилган чора-тадбир фақат ёнғин хавфизлиги талабларига риоя қилиниши бўйича ўтказиладиган текширишларда қўлланилади;
    баённомалар тузиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилганлиги учун қонунга мувофиқ маъмурий чоралар қўллаш;
    тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни, шу жумладан объектлар, иншоотларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш, кенгайтириш, техник жиҳозлаш даврида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини ўрганиш мақсадида ёнғин-профилактика кўригидан ўтказиш, шунингдек уларга ёнғинлар келиб чиқиши ва кучайиши (тарқалиши)нинг олдини олишга қаратилган тавсияллар бериш;
    хусусий мулк эгалари (улар йўқлигида - вояга етган оила аъзолари) ёки ёлловчилар (ижарачилар)нинг розилиги билан уларга тегишли бўлган яшаш хоналарини ёки бошқа хўжалик қурилмаларининг ёнғинга қарши ҳолатини текшириш ва кўрикдан ўтказиш;
    исталган вақтда маъмурият вакиллари ёки объектларнинг масъул шахслари билан биргаликда тунги вақтда одамлар оммавий бўладиган объектларда навбатчи ходимлар ёнғин содир бўлганда ҳаракат қилишга тайёргарликлари, эвакуация йўлларининг ҳолатини ҳамда ёнғин сигнализацияси ва ёнғин ҳақида одамларга хабар берадиган мосламаларнинг созлигини аниқлаш бўйича ёнғин профилактика кўриклари ўтказиш;
    ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши бўйича ўтказилган ёнғин-профилактика кўриклари натижалари бўйича ташкилотлар раҳбарларига ва фуқароларга ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилишини бартараф этиш учун маълумотнома-тавсиялар ёки бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;
    тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ўтказилган ёнғин-профилактик кўриклар давомида аниқланган ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида текширишлар йиллик режа-жадвалига, шунингдек режадан ташқари текширишларга киритиш учун тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларнинг рўйхати бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритиш.
    14. Туманлар (шаҳарлар)нинг, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги, транспортдаги ва жазони ижро этиш муассасаларидаги ёнғин назорати бўйича катта давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ҳуқуқлар билан биргаликда қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар: 
    ёнғин хавфсизлиги талабларига мос келмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқришдан олиб ташланиши, ишлаб чиқаришдан тўхтатилиши ва сотилиши тўхтатилиши бўйича ташкилотлар раҳбарларига ва фуқароларга товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган,  бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;
    назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига тадбиркорлик субъектларини режали ва режадан ташқари текшириш учун рухсатнома олиш ва текширишларни ўтказиш учун буюртманомалар киритиш;
    тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига муайян ҳудудларда ёнғинга қарши алоҳида режим ўрнатиш ҳақида таклифлар киритиш;
    қонун ҳужжатларига мувофиқ ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларининг бажарилиши ҳақида  маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш;
    давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарларига доимий равишда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузувчи ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмасини бажармаётган шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритиш;
    ёнғин назорати бўйича қуйи давлат инспекторлари томонидан ноқонуний ва (ёки) асосланмаган ҳолда чиқарилган қарорларни бекор қилиш (ўзгартириш);
    бинолар ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини, технологик жараённинг ёнғин-портлаш хавфини,  фойдаланилаётган ва ишлаб чиқарилаётган саноат асбоб-ускуналари, буюмлар, моддалар ва материалларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини, шунингдек ишчи ва атроф муҳитнинг ҳолатини баҳолаш,  ёнғинларнинг сабабларини аниқлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизалар ўтказишни тайинлаш.
    15. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги ҳамда транспортдаги ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторининг катта ёрдамчилари ушбу Низомнинг 13 ва 14-бандларида кўрсатилган ҳуқуқлар билан биргаликда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри даражасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ёнғин хавфизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини ташкил этиш устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
    16. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган  объектлардаги ҳамда транспортдаги ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Низомнинг 13–15-бандларида кўрсатилган ҳуқуқлар билан биргаликда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёнғин келиб чиқишига ва (ёки) одамларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи бинолар, иншоотлар, алоҳида ишлаб чиқаришларни тўлиқ ёки қисман фойдаланишни тўхтатиб қўйиш, ёнғин чиқиши хавфи бўлган моддалар, материаллар ва буюмлар тайёрлаш ва ишлаб чиқаришни тақиқилаш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
    17. Ўзбекистон Республикасининг ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторининг катта ёрдамчилари ушбу Низомнинг 13–16-бандларида кўрсатилган ҳуқуқлар билан биргаликда қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эгадирлар: 
    республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёнғин хавфизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини ташкил этиш устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилиш;
    амалдаги ёнғин хавфсизлиги талабларидан асосли равишда четга чиқилган ёки бундай талаблар мавжуд бўлмаган тақдирда бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва уларни техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир шаҳарсозлик ҳужжатларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишига тааллуқли қисмини кўриб чиқиш.
    18. Ўзбекистон Республикасининг ёнғин назорати бўйича бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари ушбу Низомнинг 13-17-бандларида  кўрсатилган ҳуқуқлар билан биргаликда қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эгадирлар: 
    аҳоли пунктлари, ҳудудлар, бинолар, иншоотлар учун ёнғин хавфсизлигининг умумий талабларини белгилаш;
    ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги, шу жумладан ёнғин-техник маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа норматив ҳужжатларни мустақил равишда ёки давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ишлаб чиқишни ташкил этиш;
    ёнғин хавфсизлиги талабларидан асосли равишда четга чиқилган ёки бундай талаблар мавжуд бўлмаган тақдирда бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш, бинони кенгайтириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир лойиҳа ҳужжатларини келишиш;
    ёнғин хавфсизлиги талаблари мавжуд бўлган техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларни келишиш.
    19. Давлат ёнғин назорати органларининг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириш йиллик режа ёхуд режадан ташқари текшириш ўтказиш тўғрисида назорат қилувчи органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарори асосида ўтказилади.
    20. Корхона, ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш участкаси, агрегат ишини тўхтатиш ҳақидаги қарор объект раҳбарига тақдим этилади ҳамда у бундай қарор қабул қилиниши учун асос бўлган бузилишлар тўлиқ бартараф этилгунгача амалда бўлади.
    21. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан уларнинг фаолияти тўхтатиб турилишига ёки тўхтатилишига сабаб бўладиган ушбу Низомнинг 13, 14 ва
    16-бандларида назарда тутилган чоралар суд тартибида қўлланилади, фавқулодда вазиятларнинг ва аҳоли ҳаёти ҳамда саломатлигига бошқача тарзда муқаррар хавф пайдо бўлишининг олдини олиш муносабати билан фаолиятни ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно.
    22. Давлат ёнғин назорати органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш мақсадида материалларни судга бериш ушбу Низомнинг 13, 14, 16 ва 20-бандларида назарда тутилган тегишли чоралар (фаолиятни тўхтатиб туришга тегишли) қўлланилгандан кейин амалга оширилади. Юқорида кўрсатиб ўтилган чоралар фақат йиллик режа ёхуд режадан ташқари текшириш ўтказиш тўғрисида назорат қилувчи органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарори асосида ўтказилади.
    23. Тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни ёнғин-профилактика кўригидан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
    24. Тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлмаган объектлар  давлат ёнғин назорати органлари томонидан йилига камида икки маротаба текширилиши керак.
    Уй-жой сектори объектлари ёнғинлар ва уларнинг келиб чиқиши сабаблари тахлилидан келиб чиқиб текширилади. 
    25. Давлат ёнғин назорати органларининг мансабдор шахслари қуйидагиларга мажбурдирлар:
    ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ваколатларини ўз вақтида ва тўлиқ бажаришга;
    ёнғинга қарши тарғибот ўтказиш, ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллашни ўргатиш ва умумий ўрта, ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасаларида ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарини ташкил этишга кўмаклашиш;
    ташкилотларда ва аҳоли пунктларида ёнғин-техник комиссиялари ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати ташкил этилишига кўмаклашиш;
    қонун ҳужжатларига, фуқаролар ва ташкилотларнинг хуқуқларига риоя қилиш;
    ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш тадбирларини ўтказиш мақсадида фақат хизмат вазифаларини бажариш вақтида хизмат гувоҳномасини ҳамда давлат ёнғин назорати томонидан текширув ва ёнғин-профилактика кўригидан ўтказиш учун тасдиқланган буйруқ ва бошқа ҳужжатларни кўрсатган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкилотлар (ҳудудлари ва хоналари) объектларига бориш;
    назорат тадбирларини ўтказиш вақтида ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар вакилларининг қатнашишига тўсқинлик қилмаслик, текширувларга дахлдор бўлган саволлар бўйича тушунтиришлар бериш;
    назорат бўйича тадбирлар ўтказиш вақтида иштирок этаётган ташкилотлар раҳбарларига ва якка тартибдаги тадбиркорлар ёхуд уларнинг вакилларига текшириш натижалари бўйича материаллар нусхаларини ва зарур маълумотларни тақдим этиш;
    ташкилотлар раҳбарларини ва якка тартибдаги тадбиркорлар ёхуд уларнинг вакилларини назорат тадбирлари натижалари билан таништириш;
    аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича қўлланиладиган чораларни белгилашда кўрсатилган чораларнинг қоидабузарликнинг оғирлигига мувофиқлилигини, уларнинг одамлар ҳаёти ва соғлиғига, мол-мулкига ва атроф муҳитга хавф солишини инобатга олиш, шунингдек фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини асоссиз чеклашга йўл қўймаслик;
    норози бўлиб шикоят аризалари берилганда ўз хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда исботлаш;
    давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларини ёнғин хавфи пайдо бўлишига олиб келадиган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чора-тадбирлар кўриш мақсадида ўзига қарашли объектларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати тўғрисида хабардор қилиш;
    ёнғинлар профилактикасини ва давлат ёнғин назорати ишини такомиллаштириш.
    26. Давлат ёнғин назорати органларининг мансабдор шахслари ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
    27. Давлат ёнғин назорати органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ёнғин назоратининг юқори органига ёхуд судга шикоят қилиш мумкин.

    VI. Алоҳида объектларда ва худудларда ёнғин хавфсизлиги
    талабларига риоя қилиниши юзасидан давлат ёнғин
    назоратини амалга ошириш

    28. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Миллий хавфсизлик хизматининг объектларида, ўрмон хўжалиги ҳудудларида, кон қазилмалари ва шахта иншоотларида, портловчи материаллар ишлаб чиқарилаётганда, ташилаётганда, сақланаётганда, улардан фойдаланилаётганда ва утилизация қилинаётганда, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллардан фойдаланган ҳолда портлатиш ишларини олиб борувчи ташкилотларда, ҳаво, сув, темир йўл, автомобиль транспорти ҳамда электр транспортидан фойдаланилаётганда давлат ёнғин назоратини амалга ошириш тартиби Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўртасидаги келишувлар билан белгиланади.
    29. Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ва бошқа чет эл ваколатхоналари эгаллаб турган объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан давлат ёнғин назорати ушбу муассасалар расмий вакилининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали қилган ёзма мурожаати асосида давлат ёнғин назорати органлари томонидан амалга оширилади.
    30. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан давлат ёнғин назорати Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
    31. Қурилиш, реконструкция қилиш, кенгайтириш, модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва мукаммал таъмирлаш объектларида ёнғинга қарши лойиҳа тадбирлари бажарилишини назорат қилиш шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг
2013 йил 4 октябрдаги
272-сон қарорига
2-илова

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган қарорлари рўйхати

  1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида давлат ёнғин назорати тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида» 1993 йил 17 майдаги 227-сон қарори.
  2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» («Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш  тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-59-сон Қонуни) 2006 йил 10 ноябрдаги 235-сон қарорига
    1-илованинг 3-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 11-сон, 86-модда).