UZ RU

Буйруқ №207. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилаш Тартибни тасдиқлаш

Герб Республики Узбекистан

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

БУЙРУҚ

«28» июнь 2013 г. № 207
г. Ташкент

“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни
сақлаш вазирлиги тизимидаги
муассасалар молия-иқтисодиёт ва
юридик хизмат бошлиқлари ва
мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш
бўйича разрядлар ва лавозим маошига
10 фоизгача устама белгилаш
Тартибни тасдиқлаш тўғрисида”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 февралдаги 33-сонли “Айрим бюджет ташкилотлари ходимлари баъзи тоифаларининг лавозим разрядларини белгилаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилашни ягона тартибини киритиш мақсадида,

БУЮРАМАН:

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилаш Тартиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш Бош бошқармаси бошлиғи Б.А.Хашимовга, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига:
    • муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига устамалар белгилашда иловада кўрсатилган тартибга риоя этилиши устидан қатъий назорат ва мониторинг ўрнатилсин.
  3. Эътиборга олинсинки, 1 тоифали бухгалтерлар сони умумий киритилган бухгалтерлар сонининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
  4. Мазкур буйруқ ижросини назорати вазир ўринбосари Ш.Х. Тиллаев зиммасига юклатилсин.
ВазирА.В.Алимов
Киритилди:
Иқтисодиёт, молиялаштириш ва
истиқболни аниқлаш Бош
бошқармаси бошлиғи
____________ Б.А. Хашимов
Келишилди:
Вазирнинг биринчи ўринбосари ____________ А.А. Худаяров
Вазир ўринбосари ____________ Ш.Х. Тиллаев
Назорат инспекцияси бошлиғи ____________ А.А. Содиков
Юридик хизмат бошлиғи ____________ Б.Г. Хажиханов

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил « 28 » июндаги 207 - сонли буйруғига илова

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилаш
ТАРТИБИ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 февралдаги 33-сонли “Айрим бюджет ташкилотлари ходимлари баъзи тоифаларининг лавозим разрядларини белгилаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилаш тартибини белгилаб беради.

  1. I. Умумий қоидалар
  2. 1. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча даволаш-профилактика ва хўжалик-хизмат кўрсатиш муассасаларида амал қилади.
    Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги, ўз ходимларига иш ҳақи белгилашда Ягона тариф ставкасидан асос сифатида фойдаланадиган хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар, молиявий имкониятларидан ва хўжалик фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда Ягона тариф ставкасинининг оширилган тариф коэффицентларини белгилаш ҳуқуқига эга.
  3. 2. Соғлиқни сақлаш тизими муассасалари молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва уларнинг лавозим маошларига 10 фоизгача устама белгилашнинг тўғрилиги учун жавобгарлик бевосита муассаса раҳбарлари зиммасига юкланади.
  4. II. Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар белгилаш тартиби
  5. 3. Бош бухгалтерлар ва бош бухгалтер ҳуқуқидаги қишлоқ врачлик пунктлари менеджерлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар 2013 йил 1 апрелдан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2013 йил 29 мартда 06-3/200-1-сон билан тасдиқланган ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимининг бюджет ташкилотлари бош бухгалтерлари ва молиявий менеджерлари (бош бухгалтер ҳуқуқидаги) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядларига асосан белгиланади.
  6. 4. Молия-иқтисодиёт хизмати мутахассисларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича малакавий тоифалари муассаса раҳбари томонидан тегишли лавозим бўйича малакавий талабларга асосан унга юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган махсус тайёргарлик даражаси, профили ва иш стажини эътиборга олган ҳолда белгиланади.
  7. Мутахассисларга эгаллаб турган лавозими бўйича малакавий талаблар 1-2-иловаларда берилган тегишли лавозимлар малакавий характеристикасида белгиланган.
  8. 5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларининг юридик хизмат мутахассисларига малакавий характеристика ва талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 35-36-сон, 355-модда; 2012 й., 37-сон, 429-модда) ва 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 46-47-сон, 472-модда) қарорларига мувофиқ белгиланади.
  9. 6. Юридик хизмати мутахассисларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича малакавий тоифалари муассаса раҳбари томонидан тегишли лавозим бўйича малакавий талабларга асосан унга юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган махсус тайёргарлик даражаси, профили ва иш стажини эътиборга олган ҳолда 3-иловага асосан белгиланади.
  10. 7. Белгилансинки, 2013 йил 1 майдан бошлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалари молия-иқтисодиёт хизмати мутахассислари лавозимига малакавий талабларга асосан тегишли касбий маълумотга ва (ёки) иш стажига эга шахслар қабул қилинади.
  11. Юқорида қайд этилган мезонлар, 2013 йил 1 майгача юқорида кўрсатиб ўтилган лавозимларга қабул қилинган ходимларга нисбатан қўлланилмайди.
  12. Шу билан бирга, муассаса раҳбарига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100 моддасига мувофиқ малакавий талабларга жавоб бермайдиган ходимлар билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқи берилган ва бўшаган лавозимга тегишли касбий маълумотга ва (ёки) зарур иш стажига эга шахсни ишга қабул қилиши мумкин.
  13. 8. Барча номдаги иқтисодчилар, бухгалтерлар ва юрист-маслаҳатчилар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 февралдаги 33-сонли қарорига мувофиқ тегишли лавозимлар бўйича малакавий талабларга асосан малака тоифаларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
  14. 9. 2013 йил 1 апрелгача иқтисодчи ва бухгалтер лавозимига қабул қилинган тегишли олий ёки ўрта махсус касбий маълумотга эга бўлмаган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар қуйидаги тартибда белгиланади:
  15. иш стажи 6 йилгача – 6 разряд (иқтисодчи, бухгалтер);
  16. иш стажи 6 йилдан 10 йилгача – 7 разряд (2-тоифали иқтисодчи, бухгалтер);
  17. иш стажи 10 йилдан юқори – 8 разряд (1-тоифали иқтисодчи, бухгалтер).
  18. 10. Малакавий талаблар билан белгиланган тегишли касбий маълумотга ёки иш стажига эга бўлмаган, аммо етарли амалий тажрибага эга ва юклатилган лавозим мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда ҳамда сифатли бажараётган ходимлар, соғлиқни сақлаш тизими муассасаси рахбарининг ихтиёри билан истисно тариқасида махсус тайёргарликка ва иш стажига эга ходимлар каби тегишли лавозимга тайинланиши мумкин. Бунда иш берувчи томонидан ушбу ходимларни касбий тайёргарлиги бўйича тегишли чора-тадбирларни кўрилиши лозим бўлади.
  19. III. Раҳбар ва мутахассисларга устама белгилаш тартиби
  20. 11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларида ҳар ойлик устамаларни белгилаш тартиби муассасаларнинг молия-иқтисодиёт ва юридик хизматлари раҳбарлари ва мутахассислари лавозим маошларига (тариф ставкаларига) ҳар ойлик устама белгилашда уларнинг ушбу лавозимда узлуксиз иш стажи ҳамда юклатилган функционал вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишидан келиб чиқиб, ягона ёндашувга амал қилишни ҳисобга олган ҳолда таъминланади.
  21. 12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалари молия-иқтисодиёт ва юридик хизматлари раҳбарлари ва мутахассислари лавозим маошларига (тариф ставкаларига) ҳар ойлик устама тегишли лавозим бўйича тариф ставкасига 10 фоиз миқдорида белгиланади.
  22. 13. Ҳар ойлик устамалар ушбу лавозимларда узлуксиз иш стажига асосан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
  23. 1 йилдан 3 йилгача (қўшилган ҳолда) – 5 фоиз;
  24. 3 йилдан 5 йилгача (қўшилган ҳолда) – 7 фоиз;
  25. 5 йилдан ортиқ – 10 фоиз.
  26. 14. Аниқ ходимларга устамалар белгилаш қуйидаги кўрсатгичларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:
    лавозим мажбуриятларини ўз вақтида бажариш;
    ўз вазифаларини виждонан ва сифатли бажариш ҳамда фаолиятда юқори кўрсатгичларга эришиш;
    шахсий интизомий жазонинг йўқлиги.
  27. 15. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалари молия-иқтисодиёт ва юридик хизматлари раҳбарлари ва мутахассислари лавозим маошларига (тариф ставкаларига) ҳар ойлик устамалар иқтисодиёт ва умумий масалалар бўйича раҳбар ўринбосари, бош бухгалтер ёки молия-иқтисодиёт бўлими бошлиғининг тақдимотига кўра раҳбар буйруғи билан белгиланади.
  28. 16. Иқтисодиёт ва умумий масалалар бўйича раҳбар ўринбосари, бош бухгалтер ва юрист-маслаҳатчи лавозим маошларига устамалар белгилаш муассаса раҳбари томонидан уларнинг ушбу лавозимдаги иш стажи ва функционал вазифаларининг белгиланган кўрсатгичларини бажарилиши даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
  29. 17. Устамаларни тўлаш иш ҳақи билан бир вақтда амалга оширилади.
  30. 18. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалари молия-иқтисодиёт ва юридик хизматлари раҳбарлари ва мутахассислари лавозим маошларига (тариф ставкаларига) ҳар ойлик устамалар қоида тариқасида 1 йилга белгиланади. Бажарилаётган ишларни сифатини ёмонлашган, лавозим мажбуриятлари ижросини таъминлашда камчилик ва хатолар аниқланган тақдирда иш берувчи устама тўлашни тўхтатиш ҳуқуқига эга. Интизомий жазо турлари қўлланилган тақдирда, устама тўлаш соғлиқни сақлаш муассасаси, юқори бошқарув органи, назорат қилувчи органлар томонидан ходим айби билан йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланиши натижасида интизомий жазо тури қўлланиши тўғрисидаги қарор чиққан кундан бошлаб тўхтатилади.
  31. 19. Устама белгилашда ҳолислик, ҳаққонийлик ва тартибга риоя қилиш учун жавобгарлик шахсан соғлиқни сақлаш муассасаси раҳбари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилаш тартиби тўғрисида НИЗОМга 1-илова

Иқтисодчининг малакавий характеристикаси

Лавозим мажбуриятлари.

Муассасанинг хом-ашё, меҳнат ва молиявий ресурсларидан оптимал фойдаланиш орқали юқори пировард натижаларга эришишга йўналтирилган иқтисодий фаолият ошириши бўйича ишларни бажаради (амбулатор-поликлиника ва стационар ёрдам турлари ва ҳажмларини, янги тиббий технологияларни тадбиқ этиш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, тиббий ходимлар малакасини ошириш, уни сертификациялаш ва аттестациялаш муассасанинг зарур санитария-эпидемиологик ҳолатини таъминлаш режасини ишлаб чиқади). Муассасанинг ҳаражатлар сметаси лойиҳасини тузиш учун иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш кўрсатгичлари ва қатъий иқтисодий тежамкорликни инобатга олган ҳолда дастлабки маълумотларни тайёрлайди, уларга асосли ҳисоб-китобларни ишлаб чиқади. Режали топшириқларни муассаса бўлинмаларига етказади. Муассаса ва унинг бўлинмалари фаолиятининг иқтисодий натижалари ҳисобини олиб боради. Тиббий хизматлар нарҳларини белгилаш бўйича материал, меҳнат ва молиявий ҳаражатлар ҳисоб-китобини ишлаб чиқади. Тарификация комиссияси баённомалари асосида муассаса ходимларининг тарификацион рўйхатини, белгиланган тартибда муассаса турлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари (базавий ставкалари) бўйича тасдиқланган намунавий штатларга мувофиқ штатлар жадвалини тузади. Амалдаги тартибларга асосан мукофот тўловлари миқдорини белгилайди. Муассасада штатлар интизомига риоя қилиниши, иш ҳақи ва моддий рағбатлантириш фондлари ҳаражатлари, иш ҳақи белгилаш шакллари ва тизимини, тариф ставкалари ва устамаларни тўғри қўлланиши, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва маошларини белгиланиши, малакавий маълумотномаларга (справочник) мувофиқ ишчиларга разрядлар, мутахассисларга тоифалар белгилаш ҳамда меҳнат қонунчилигига амал қилинишини назорат қилади. Амалдаги иш ҳақи, моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими ва формаларининг самарадорлигини ўрганади ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди. Жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлашда иштирок этади ва қабул қилинган мажбурияларни бажарилишини назорат қилади. Тиббий-иқтисодий стандартлар, сифат стандартлари, меҳнат сифатини баҳолаш критерияларини ишлаб чиқишда қатнашади. Шартномалар тузиш учун хужжатлар тайёрлайди ва шартномавий мажбуриятларни бажарилиши муддатларини назорат қилади. Муассасага тушиши лозим бўлган барча маблағларни ўз вақтида келишини ва етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблар ҳисобини олиб боради ва назорат қилади. Муассаса ва унинг бўлинмалари хўжалик фаолиятини иқтисодий таҳлил қилади ва иқтисодий режимни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади. Молиявий фаолият бўйича смета ижроси, тезкор ва бухгалтерия ҳисоботларини таҳлил қилади. Даврий ҳисоботларни белгиланган муддатларда тайёрлайди. Иқтисодий ахборотлар базасини шакллантириш, юритиш ва сақлаш бўйича ишларни бажаради, маълумотларни тайёрлаш даврида маълумотларга ва меъёрий ахборотларга ўзгартиришлар киритади. Ҳисоблаш техникаси ёрдамида ечиладиган вазифалар ёки уларнинг алоҳида этапларини иқтисодий томонини шакллантиришда иштирок этади, иқтисодий ахборотни тежамли асосланган тизимни яратиш имконини берадиган амалий дастурлар пакетлари, тайёр лойиҳалардан фойдаланиш имкониятини белгилайди.

Билиши лозим.

Муассаса фаолиятини режалаштириш, ҳисоби ва таҳлили бўйича қонуний ва меъёрий ҳуқуқий хужжатлар, услубий материалларни; тежадаги ишларни ташкил қилишни; муассасанинг йиллик ва келгуси хўжалик-молиявий ва ишлаб чиқариш режаларини ишлаб чиқиш тартибини; бизнес-режа ишлаб чиқариш тартибини; режа-ҳисоб хужжатларини; хом-ашё, меҳнат ва молиявий ҳаражатлар меъёрларини ишлаб чиқиш тартибини; муассаса ва унинг бўлинмалари кўрсатгичларини иқтисодий таҳлил ва ҳисоби услубларини; янги техника ва технологиялар тадбиқ этиш, меҳнатни ташкил этиш, рационализаторлик таклифлар ва ихтиролар иқтисодий самарадорлигини аниқлашни; ҳисоблаш ишларини олиб бориш йўллари ва усулларини; шартномалар тузиш учун хужжатларни расмийлаштириш тартибини; тезкор ва статистик ҳисоботни ташкил этишни; ҳисоботларни тайёрлаш муддатлари ва тартибини; бозор иқтисодиёти шароитида муассасанинг иқтисодий фаолиятини рационал ташкил қилишнинг маҳаллий ва чет эл тажрибаларини; иқтисодиётни, ишлаб чиқаришни, меҳнат ва бошқарувни ташкил қилишни; ишлаб чиқариш технологиялари асосларини; хўжалик юритишнинг услубларини; муассасанинг хўжалик фаолияти таҳлил қилиш ва техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни амалга оширишда ҳисоблаш техникаларидан фойдаланиш имкониятларини, улардан фойдаланиш қоидаларини; меҳнат қонунчилигини; меҳнатни муҳофаза қилиш нормалари ва тартибини, бухгалтерлик ҳисоб ва ҳисоботларини автоматлаштириш бўйича махсус дастурли компьютерда ишлашни.

Малакавий талаблар.

Етакчи иқтисодчи: олий касбий (иқтисодий, молиявий) маълумот ва I тоифали иқтисодчи лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажи.

I тоифали иқтисодчи: олий касбий (иқтисодий, молиявий) маълумот ва II тоифали иқтисодчи лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажи, магистрлик даражаси мавжуд бўлган тақдирда иш стажи талаб қилинмайди.

II тоифали иқтисодчи: олий касбий (иқтисодий, молиявий) маълумот ва иқтисодчи лавозимида иш стажи ёки олий касбий маълумотли мутахассислар эгаллаши мумкин бўлган бошқа инженер-техник лавозимларда 3 йилдан кам бўлмаган иш стажи.

Иқтисодчи: олий касбий (иқтисодий, молиявий) маълумот, иш стажи талаб қилимайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилаш тартиби тўғрисида НИЗОМга 2-илова

Бухгалтернинг малакавий характеристикаси

Лавозим мажбуриятлари.

Мулк, мажбуриятлар ва хўжалик операцияларининг (асосий воситалар, товар-моддий қимматликлари, иш ҳақи фонди, хўжалик-молия фаолияти натижалари, етказиб берувчилар ва буютмачилар ҳамда хизмат кўрсатувчилар билан ҳисоб-китоблар ва бошқалар) бухгалтерлик ҳисобини олиб бориш бўйича ишларни бажаради.

Ресурслардан рационал фойдаланиш ва молия интизомига риоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади. Бухгалтерия ҳисобининг тегишли участкаларидан бирламчи хужжатларни қабул ва назорат қилади ҳамда улар билан ишлашга тайёрлайди. Асосий воситалар, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатлари билан боғлиқ жараёнларни бухгалтерия счётларида акс эттиради. Ишчи ва хизматчилари иш ҳақларини, бошқа турли тўловларни, иқтисодий рағбатлантириш ва бошқа фондларга ажратмаларни ҳисоблайди, давлат бюджетига солиқлар ва йиғимларни, давлатнинг бюджетдан ташқари ижтимоий фондлари суғурта взносларини, банк муассасаларига тўловларни ҳисоблайди ва ўтказади. Раҳбарларни, назорат қилувчи органларни, кредиторларни, аудиторларни ва бухгалтерия ҳисоботидан бошқа фойдаланувчиларни ҳисоботларни тегишли йўналиши (участкалари) бўйича солиштирма ва ишончли бухгалтерлик маълумотлари билан таъминлайди. Бухгалтерия счётлари иш режасини, хўжалик юритиш жараёнида фойдаланиладиган, аммо намунавий шакллари кўзда тутилмаган бирламчи хужжатлар шаклларини ҳамда ички бухгалтерия ҳисоботлари шаклларини ишлаб чиқади. Бухгалтерия маълумотлари билан ишлаш ва ҳисоботини юритишнинг асосий усул ва услубиётини белгилашда иштирок этади. Ички хўжалик резервларни аиқлаш бўйича муассасанинг хўжалик-молиявий фаолиятини бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи маълумотлари ёрдамида иқтисодий таҳлил қилишда, иқтисодий режим ва хужжат алмашинувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда, пул маблағлари ва товар-моддий бойликларни инвентаризация қилишда қатнашади. Ҳисобот тайёрлаш учун бухгалтерлик ҳисобининг тегишли участкалари бўйича маълумотлар тайёрлайди, бухгалтерлик хужжатлари бутлигини кузатиб боради, уларни архивга топшириш учун белгиланган тартибда расмийштиради. Ишлар (хизматлар) ҳисобот таннарҳини тузади, мақсадсиз ҳаражатлар манбасини аниқлайди, изчил иқтисодий режимни амалга ошириш юзасидан маблағлар ҳаражатидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди. Бухгалтерия ахборотлар базасини шакллантириш, юритиш ва сақлаш бўйича ишларни бажаради, маълумотларни тайёрлаш даврида маълумотларга ва меъёрий ахборотларга ўзгартиришлар киритади. Замонавий ахборот технологияларини қўллаш асосида бухгалтерия ҳисобини юритишнинг прогрессив шакл ва услубларини, рационал режа ва ҳисоб хужжатларини ишлаб чиқишда ва тадбиқ этишда иштирок этади. Муассасанинг бошқа бўлинмалари ходимларига бухгалтерия ҳисоби, назорат, ҳисобот ва таҳлил масалаларида услубий ёрдам кўрсатади. Бевосита раҳбарининг алоҳида хизмат топшириқларини бажаради. Бухгалтерия ҳисоби бўйича ўз касбий малакасини ўқув курслари ва семинарларда мунтазам равишда ошириб боради.

Билиши лозим.

Мулк, мажбуриятлар, хўжалик операциялари ҳисобини юритиш ва ҳисоботларни тузиш бўйича бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш юзасидан қонунчилик хужжатларини, қарорлар, фармойишлар, буйруқлар, бошқарув, услубий ва меъёрий материалларни; муассасада бухгалтерия ҳисобининг шакли ва услубларини; счётлар режаси ва корреспонденциясини; бухгалтерия ҳисоби участкалари бўйича хужжат алмашинувини; асосий воситалар, товар-моддй бойликлар ва пул маблағлари ҳаракати билан боғлиқ жараёнларни хужжатли расмийлаштириш ва бухгалтерия счётларида акс эттириш тартибини; муассаса хўжалик-молия фаолиятини иқтисодий таҳлил қилиш услубларини; иқтисодиёт, меҳнатни ташкил қилиш ва бошқариш асосларини; Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилиги ва ички меҳнат тартиби қоидаларини; меҳнатни муҳофаза қилиш тартиби ва нормаларини, бухгалтерлик ҳисоб ва ҳисоботларини автоматлаштириш бўйича махсус дастурли компьютерда ишлашни.

Малакавий талаблар.

Етакчи бухгалтер: олий касбий (молиявий, иқтисодий) маълумот ва I тоифали бухгалтер лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажи.

I тоифали бухгалтер: олий касбий (молиявий, иқтисодий) маълумот ва II тоифали бухгалтер лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажи, магистрлик даражаси мавжуд бўлган тақдирда иш стажи талаб қилинмайди. Ўрта махсус касбий (молиявий, иқтисодий) маълумот ва II тоифали бухгалтер лавозимида 6 йилдан кам бўлмаган иш стажи.

II тоифали бухгалтер: иш стажи талаб қилинмаган ҳолда олий касбий (молиявий, иқтисодий) маълумот ёки ўрта махсус касбий (молиявий, иқтисодий) маълумот ва бухгалтер лавозимида 5 йилдан кам бўлмаган иш стажи.

Бухгалтер: иш стажи талаб қилинмаган ҳолда ўрта махсус касбий (молиявий, иқтисодий) маълумот ёки белгиланган дастур бўйича махсус тайёргарлик ва ҳисоб ва назорат бўйича 3 йиллик иш стажи.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар молия-иқтисодиёт ва юридик хизмат бошлиқлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва лавозим маошига 10 фоизгача устама белгилаш тартиби тўғрисида НИЗОМга 3-илова

Юрист-маслаҳатчи (юрист) малакавий тоифаларига талаблар

Тоифа Малакавий талаблар
1. Етакчи юрист-маслаҳатчи (юрист) Олий касбий (юридик) маълумот ва катта юрист-маслаҳатчи (юрист) лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажи
2. Катта юрист-маслаҳатчи (юрист) Олий касбий (юридик) маълумот ва юрист-маслаҳатчи (юрист) лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажи, магистрлик даражаси мавжуд бўлган тақдирда иш стажи талаб қилинмайди
3. Юрист-маслаҳатчи (юрист) Иш стажи талаб қилинмаган ҳолда олий касбий (юридик) маълумот