ФАОЛИЯТЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ
Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Икрамов кириш сўзи билан очиб, соҳада олиб борилаётган ишларга алоҳида урғу бериб, ислоҳотлар жараёнида босқичма-босқич амалга оширилаётган фаолиятлар янада изчиллик билан давом этаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар бўйича вазирликнинг мутасадди раҳбарлари маъруза қилдилар. Биринчи масала бўйича маърузачи бугунги кунда бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган одам савдоси, шунингдек, мазкур муаммо туфайли ОИТС касалликларининг келиб чиқаётганлиги ва унинг натижасида оилалар азоб чекаётганлигини алоҳида эътироз билан айт¬ди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг "Никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўригини ташкил қилиш, эрта туғруқларнинг олдини олиш, никоҳи бекор бўлган ва боқувчисини йўқотган оила фарзандларини соғ¬лом ва баркамол қилиб тарбиялашга оид қонунлар ижроси" ҳамда одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро комиссия йиғилишининг баённомаси асосида вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги тақдимномаси ўқиб эшиттирилди. Мазкур масала бўйича маърузачи вазирлик томонидан амалга оширилган муайян ишлар қаторида лоқайдлик ва эътиборсизлик туфайли учраётган хато ва камчиликлар боис кўнгилсиз ҳолатлар оилалар осойишталигини бузаётганлигини ўз фикрларида баён этди. Иккинчи масала юзасидан вазирликнинг мутасадди раҳбари болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳларида 2012 йил мавсумида санитария ва тиббий хизмат ташкил этиш тўғрисида гапириб, айни кунда болалар оромгоҳларида 165 нафар шифокор ва 185 нафар ҳамширалар фаолият олиб бораётганлигини таъкидлади. Шунингдек, айрим вилоятлардаги дам олиш масканларида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилинмаётганлиги, ҳатто, тиббий асбоблардан термометр, шпателларнинг йўқлигига эътироз билдирди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятидаги дам олиш оромгоҳларидаги болаларнинг айримлари тиббий кўрикдан ўтказилмаган ҳолда қабул қилинганлигини, яна шу ўринда тарбиячилар билан телефонда мулоқот қилиш қийин кечаётганлигини айтиб ўтди. Учинчи масала бўйича қишлоқ врачлик пунктларида ташкил этилган "Дори-дармон" акциядорлик компанияси дорихоналарининг фаолияти ҳақида маърузачи ўз фикрларини билдириб, бу борада ижобий ишлар амалга оширилаётганлигини, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари олдидаги ҳамда кўчма дорихоналарнинг аҳоли учун қулай имкониятлар яратаётганлигин эътироф этди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар тўғрисида"ги қонун ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ўз фикрларини билдириб, тиббиёт муассасаларида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда ҳужжатларнинг нотўғри юритилаётганлиги, бунда раҳбар ходимларнинг масъулиятсизлигини айтиб, мазкур йўналишда хатоликларга йўл қўймаслик ва фаолиятга жиддий ёндошиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси йиғилишининг 2012 йил 10 февралдаги 1-195-сонли баёнида белгиланган вазифаларни бажарилиш ҳолати, вазирлик тизимидаги муассасаларнинг 2012-2013 йиллар кузги-қишки мавсумга тайёргарлиги, информацион технология ва телекоммуникация масалалари ҳамда 2012 йил тиббий чақирув комиссияларининг фаолияти ва чақирилувчилар билан олиб борилаётган даволаш-соғломлаштириш ишлари бўйича маърузачилар ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Кун тартибида кўриб чиқилган асосий масалалар бўйича учраётган камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган ишлар бўйича видеоселектор орқали савол-жавоблар бўлиб, келгусидаги режалар хусусида фикрлашиб олинди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан вазирликнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Источник: http://uzssgzt.uz