15.11.2012
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ
БУЙРУҚ
2012 ЙИЛ 28 МАРТ
№80
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ОИВ ИНФЕКЦИЯСИНИ
ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ВА ТИББИЙ
ЁРДАМНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИ ЯНАДА
ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1023-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги “ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1-сонли қарорларининг ижросини таъминлаш ва ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси, ОИВ инфекцияли беморларни даволаш ва уларни парвариш қилиш ҳамда ОИВ инфекцияси ўчоғида эпидемияга қарши тадбирлар самарасини янада ошириш мақсадида
БУЮРАМАН:
1. ОИВ инфекциясини этиологияси, эпидемиологияси, патогенези, диагностикаси ва ОИВ инфекцияси аниқланганда эпидемиологик суриштирув ўтказиш қоидалари бўйича услубий қўлланма, 1-иловага;
- ОИВ инфекциясига текширишга йўналтириш бўйича маслаҳатни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича услубий қўлланма, 2-иловага;
- ОИВ инфекцияли беморларга тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш тартиблари, 3-иловага;
- ОИВ инфекцияси устидан Дозорли эпидемиологик назоратни ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари, 4-иловага;
- ОИВ инфекцияси билан боғлиқ касалликлари мавжуд беморлар ва уларнинг яқинларига руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш хоналари тўғрисида Низом, 5-иловага;
- ОИВ инфекциясига қарши кураш тадбирларининг мониторинги ва вазиятга баҳо бериш бўйича йўриқнома, 6-иловага;
- Туғруқ комплексларини экспресс тест-системалари билан таъминотининг ойлик мониторинги шакли, 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бошлиқларига, Республика миқёсидаги ДПМлар, ИИАТМ ва ИТИ, Тиббиёт ўқув юртлари раҳбарларига:
- Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур буйруғида кўрсатилган тадбирларнинг ижроси таъминлансин;
- Таъмирлашга муҳтож бўлган ОИТСга қарши кураш марказлари ва ОИВ диагностик лабораторияларида капитал таъмирлаш ишлари ўтказилиши, уларга диагностик асбоб-ускуналари ҳамда сарфланувчи материаллар (тест системалар, реактивлар ва б.) етказиб берилиши ва техник хизмат кўрсатилиши таъминлансин;
- Фуқароларни ОИВ инфекциясига текширишда ихтиёрий ёки тиббиёт ходими ташаббуси билан маслаҳат бериш ва тестдан ўтказиш устидан назорат тадбирлари кучайтирилсин;
- Даволаш-профилактика муассасаларида ОИВ инфекцияли шахсларга тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминлансин, клиник кўрсатмаларга асосан, конфиденциалликка риоя этган ҳолда маслаҳат учун бошқа мутахассислар жалб этилсин;
- ОИВ инфекцияси аниқланганлиги тўғрисидаги хабарномага асосан юқумли касалликлар хоналарида ҳамда оилавий поликлиникалар/ҚВПларда ОИВ инфекцияси аниқланган шахсларни диспансер назоратига олиниши ташкил этилсин ва таъминлансин;
- ДПМларда антиретровирус профилактика учун антиретровирус препаратларнинг заҳирада етарли миқдорда бўлиши таъминлансин;
- ОИТСга қарши кураш марказлари ва АРВ терапиясини амалга оширувчи ДПМларда беморларга психологик ёрдам кўрсатилиши таъминлансин;
- Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини фаолиятига ёшларга дўстона соғлиқни сақлаш хизматлари тамойиллари тадбиқ этилсин;
- ДПМларда санитария ва эпидемияга қарши тартибга риоя қилиниши устидан назоратни кучайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш бошқармалари қошида ССБ, ДСЭНМ ва ОИТСга қарши кураш маркази мутахассисларидан иборат фавқулодда гуруҳлар ташкил қилиниб, рейдлар ўтказилсин;
- Ҳудудий Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳайъат йиғилишларида ушбу буйруқ бажарилиши бўйича ўтказилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳисоботлар тинглансин.
- ОИВ инфекциясининг шифохона ичи шароитида ва онадан болага ўтиши ҳолатлари фавқулотда ҳолат деб қаралсин ва бундай ҳолатларнинг юзага келиш сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, уларни олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилсин;
- Туғруқ комплексларининг экспресс тест-системалари билан таъминотининг ойлик мониторинги олиб борилсин ва ушбу буйруқнинг 7-иловасидаги шаклга мувофиқ умумлаштирилиб, ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари орқали Республика ОИТСга қарши кураш марказига етказилиши таъминлансин;
- Ҳар бир ДПМда буйруқ асосида ОИВ инфекциясига қарши тадбирларни ташкиллаштириш ва ижросини назорат қилиш бўйича масъул шахслар тайинлансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ДСЭНМ бош врачларига:
- Даволаш-профилактика муассасаларида санитария-гигиена, эпидемияга қарши, дезинфекция ва стерилизация тартибларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилсин;
- Эпидемиологик суриштирув жараёнида ОИВ инфекцияли шахслар ҳақидаги маълумотларнинг конфиденциаллиги таъминлансин.
- Санитария эпидемиология Кенгашларида ОИВга қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилиш ҳолати муҳокама этилсин.
4. Лицензия бериш ва нодавлат муассасалар томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Ф. Рахимқуловга:
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ДСЭНМ ва бошқа дахлдор зарур соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда хусусий гинекологик, ЛОР, стоматологик, лаборатория ва бошқа турдаги тиббий хизмат кўрсатиш муассасаларида ОИВга қарши кураш тадбирларининг ижроси устидан назорат кучайтирилсин;
- Хусусий тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари мутахассисларини ОИВ-инфекцияси бўйича хабардорлигини, масъулиятини ва малакасини ошириш бўйича тегишли чоралар кўрилсин.
5. ССВ Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Д.Б. Миразимов, ССВ Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Д.И.Ахмедова, Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғи Л.Н. Тўйчиевга:
- ЖССТ клиник баённомалари ҳамда ОИВ инфекцияси диагностикаси, профилактикаси, беморларни даволаш, парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятни тартибга солувчи бошқа халқаро ҳужжатларни расмий тақдим этилган кунидан бошлаб уч ой муддат ичида миллий шароитларга мослаштирилиб, вазирликнинг буйруғи билан тасдиқланиши ва амалиётга тадбиқ этилиши таъминлансин;
- ДПМларда ОИВ инфекцияли шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши ва ДПМлар ходимларининг тиббий муолажалар жараёнида универсал эҳтиёт чораларига риоя қилиши устидан назорат кучайтирилсин;
6. ССВ Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Д.И.Ахмедовага:
- Соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги туғруқ муассасалари мутахассисларини ОИВ инфекциясининг онадан болага ўтишини олдини олиш масалалари бўйича мунтазам равишда малакасини оширилиши таъминлансин;
- Ҳомиладорларда ОИВни эрта аниқлаш, ОИВ инфекцияли оналар ва уларнинг болаларига, шунингдек ОИВ инфекцияси билан яшовчи болаларга миллий баённомага мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиш тадбирларининг (диагностика, даволаш ва профилактика) амалга оширилиши таъминлансин;
- Уч ой муддат ичида ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болаларни қуруқ сут аралашмалари билан таъминлаш тизими ва тартиби ишлаб чиқилсин;
- Ҳар чоракда ОИВ инфекциясининг болага шифохона ичи шароитида ва вертикал юқиши ҳолатлари ҳамда бундай ҳолатларнинг юзага келиш сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, педиатрия Кенгашларида муҳокама қилиниши, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши таъминлансин.
7. ССВ Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш Бош бошқармаси бошлиғи Б.А. Хашимовга:
- Республика ОИТСга қарши кураш маркази талабномаларига асосан, антиретровирус препаратлари, диагностикумларни давлат бюджети ҳисобидан марказлаштирилган ҳолда харид қилиниши ҳамда узлуксиз таъминланишига босқичма-босқич ўтиш учун зарур маблағлар ажратилиши кўзда тутилсин;
- ОИТСга қарши кураш марказлари штатига фармацевт, провизор ва ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар бирликларини киритиш ҳамда лаборатория мажмуалари штатига номенклатурага асосан лаборатория ходимлари бирликларини киритиш масаласи кўриб чиқилсин.
8. ОИВ инфекцияли шахсларни даволаш, парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича Марказий Осиё ўқув маркази директори Г. М. Гиясовага:
- ОИВ инфекцияли шахслар учун тиббий-ижтимоий ва руҳий хизматни амалга оширувчи мультидисциплинар жамоаларни тайёрлашга мўлжалланган ўқув дастури ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда тасдиқлансин ҳамда тиббий ходимларни малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимига тадбиқ қилинсин.
9. Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Н.С. Атабеков ва ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари бош врачларига:
- Аҳолининг касаллик юқиш ҳавфи юқори бўлган гуруҳлари орасида 2 йилда 1 марта дозорли эпидемиологик назорат ўтказилиши таъминлансин; олинган маълумотлардан профилактик дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш учун фойдаланилсин;
- ЖССТ томонидан тасдиқланган клиник баённомаларни миллий шароитларга мослаштирилишини мувофиқлаштириш, мослаштирилган баённомаларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича услубий бошқарув амалга оширилсин;
- ОИВ билан яшовчи шахсларни даволаш, қўллаб-қувватлаш ва профилактикаси бўйича ўтказилган чора-тадбирлар бажарилиши юзасидан мониторинг ва баҳолашни ўтказиш мувофиқлаштирилсин;
- ДПМларда антиретровирус профилактика ва мулоқотдан кейинги профилактика учун антиретровирус препаратларининг заҳирада етарли миқдорда бўлиши ва ўз вақтида янгиланиши мониторинги олиб борилсин;
- Туғруқ комплексларининг экспресс тест-системалари билан таъминотининг ойлик мониторинги тўғрисида жойлардан олинган маълумотлар таҳлил қилиниб, тегишли чоралар кўриш учун ССВга тақдим этилиши йўлга қўйилсин.
10. ССВ Референс-лабораторияси бошлиғи Э. И. Мусабаевга:
- Ҳар йили Референс-лаборатория томонидан Республика ОИТСга қарши кураш маркази лабораторияси билан ҳамкорликда ОИВ диагностика лабораториялари фаолиятини ташқи баҳолашни ўтказиш таъминлансин.
11. Саломатлик ва тиббий статистика институти директори З. Ж. Муталовага:
- Саломатлик ва тиббий статистика институти базасидаги ОИВ инфекцияси масалалари бўйича ахборот ресурс марказининг фаолияти кучайтирилсин;
- Саломатлик ва тиббий статистика институти ҳамда унинг ҳудудий филиаллари мутахассисларини ОИВ инфекцияси масалалари бўйича мунтазам равишда ўқитилиши таъминлансин;
- ЎзРнинг барча ҳудудларида оммавий – ахборот воситалари орқали ОИВ инфекцияси масалаларининг доимий ёритилиши учун ахборот-маърифий материалларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш таъминлансин;
- Аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшлар ўртасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ОИВ инфекцияси масалалари бўйича тушунтириш-тарғибот ишларининг кўлами кенгайтирилсин.
12. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2007 йил 30 октябрдаги “О совершенствовании профилактических мероприятий и организации медико-социальной помощи в связи с ВИЧ-инфекцией в Республике Узбекистан” номли 480-сонли буйруғи ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. В. Алимов, вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи С.С. Саидалиев ва вазир ўринбосари А. И. Камилов зиммаларига юклатилсин.
ВАЗИР А.И. ИКРАМОВ
Номер документа:
80
Дата принятия:
28.03.2012
Скачать файл :
Загрузить