21.07.2012
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
2012 йил “___10 ”_______07________
_______199 - сонли буйруғига 1- илова
Касб-ҳунар коллежининг Васийлик кенгаши тўғрисида
Намунавий низом
Умумий қоидалар
1. Касб-ҳунар коллежининг Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунига, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади ва касб-ҳунар коллежини жамоатчилик томонидан бошқаришнинг доимий ишлайдиган органи ҳисобланади.
2. Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг хар бир касб-ҳунар коллежида, юридик шахс ташкил этмасдан ташкил қилинади ва жамоатчилик асосида ишлайди.
3. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
4. Таълим жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими сифатини яхшилаш, касб-ҳунар коллежининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва таълим жараёнини такомиллаштириш Кенгашни ташкил этишнинг асосий мақсади ҳисобланади.
5. Кенгаш таркибига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирликлар, идоралар. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси. “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, вояга етмаганлар ишлари комиссиялар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, ҳайр-эҳсон қилувчилар (ҳомийлар), шунингдек, касб-ҳунар коллежи фаолиятини такомиллаштириш ва изчил ривожлантиришдан манфаатдор бўлган бошқа юридик ва жисмоний шахслар кириши мумкин.
6. Кенгашнинг таркиби ва Кенгаш тўғрисидаги Низом ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси томонидан тасдиқланади.
Кенгашнинг вазифалари ва ваколатлари
7. Қуйидагиларга:
Касб-ҳунар коллежининг моддий-техника ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлашга, уларнинг бинолари ва ҳудудини ободонлаштиришга;
Таълим жараёни, ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амлиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштиришга, шунингдек кейинчалик касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини “коллеж-корхона” боғламасида ишга жойлаштиришга;
Ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги малакали ва тажрибали мутахассисларни таълим жараёнига жалб этишга;
Касб-ҳунар коллежлари педагог ва муҳандис-педагог кадрларнинг иш шароитларини ташкил этиш ва яхшилашга, уларнинг малака ошириш ва қайта тайёргарликдан ўтишига;
Касб-ҳунар коллежларининг фаолиятини таъминлаш ва уларни изчил ривожлантириш учун хайр-эҳсон қилувчилар (ҳомийлар) маблағларини, техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар)ни ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этишга;
Ўқувчилар ва битирувчиларни, айниқса етим болалар бўлган ўқувчилар ва битирувчиларни ижтимоий муҳофаза қилишга, иқтидорли ўқувчиларга стипендиялар ажратишга, ўқувчиларнинг ётоқхоналарида яшаш ва бўш вақтини фойдали ўтказиш шароитларини яхшилашга, шунингдек таътил вақтида дам олишини ташкил этишга;
Касб-ҳунар коллежи базасида рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга;
Коллежда соғлом интеллектуал, аҳлоқий-психологик муҳитни, педагоглар, ишлаб чиқрариш мураббийлари ва ўқувчилар ўртасида ўзаро бир-бирини тушуниш муҳитини шакллантиришга йўналтирилган тадбирларни ташкил этиш ва амалга оширишга, ўқувчиларда касбий, маънавий ва жисмоний камол топишга интилишни тарбиялашга кўмаклашишдир.
8.Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Вазифаларни бажариш учун зарур маълумот ва ахбортларни касб-ҳунар коллежидан белгиланган тартибда олиш;
Кенгаш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда киритиш;
Иж режаларини, тадбирлар режаларини, дастурларни ва касб-ҳунар коллежининг бошқа ҳужжатларини муҳокама қилишда қатнашиш, уларни такомиллаштииш юзасидан тавсиялар киритиш;
Касб-ҳунар коллежининг фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, шу жумладан, касб-ҳунар коллежининг раҳбар лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш бўйича таклифлар билан давлат органларига мурожаат қилиш;
Касб-ҳунар коллежи директорига касб-ҳунар коллежининг педагог ва муҳандис кадрларини, шунингдек ўқувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тўғрисида тавсиялар киритиш;
Васийлик жамғармасининг молиявий режасини тасдиқлаш;
Васийлик жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилаш;
Васийлик жамғармасининг молиявий режаси бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;
Назорат тафтиш комиссиясини тайинлаш.
Кенгаш қонун ҳужжатларига ва касб-ҳунар коллежининг Уставига мувофиқ бошқа хуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кенгаш фаолиятини ташкил этиш
9. Кенгаш қатнашишнинг ихтиёрийлиги ва Кенгаш ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда Кенгаш аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида ташкил этилади.
Кенгаш, қоидага кўра, Кенгашнинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Кенгашнинг сон таркиби регламентланмайди.Кенгашнинг шахсий таркиби ва раҳбариятидаги ўзгаришлар, қоидага кўра, бир йилда бир маротаба амалга оширилади.
Касб-ҳунар коллежи директори лавозимига кўра Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
10. Кенгашга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:
Кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;
Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этиш;
Кенгаш аъзоларига юкланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича уларнинг ишларини мувофиқлаштириш;
Давлат органларига ва бошқа ташкилотларда Кенгаш манфаатларларини ифодалаш;
Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа хатти-ҳаракатларни бажариш.
11. Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари Кенгашнинг биринчи ташкилкий мажлисида сайланади, мажлисда касб-ҳунар коллежи директори раислик қилади.
Кенгаш раиси, қоидага кўра, корхоналар ва ташкилотлар – иш берувчилар раҳбарлари ёхуд маҳаллий ижро этувчи хокимят органлари раҳбарлари орасидан сайланади.
Кенгаш раиси ва раис ўринбосарининг ваколатлари муддатлари Кенгаш аъзолари томонидан, уларни сайлаш вақтида белгиланади.
Касб-ҳунар коллежи директори ёки ходими Кенгаш раиси ёки раиснинг ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Кенгаш ўз ваколатларини касб-ҳунар коллежи директорига беришга ҳақли эмас.
12. Кенгаш аъзолари:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашадилар;
Кенгашга касб-ҳунар коллежида таълим жараёнини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича таклифлар киритадилар;
Кенгаш томонидан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича хулосалар тақдим этадилар.
Кенгаш аъзолари ўз фаолиятини Кенгаш таркибида жамоатчилик асосида амалга оширадилар.
Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашишлари керак.Кенгаш аъзоси мажлисда шахсан қатнашиш имкони бўлмаганда мажлис кун тартиби бўйича ўз фикрини Кенгашга ёзма шаклда етказиш ёки ишончномани белгиланган тартибда расмийлаштирган ҳолда мажлисга ўзининг ваколатли вакилини юбориш ҳуқуқига эга.
13. Кенгашўз ишларини ўзи тасдиқланган режалар асосида ташкил қилади ва ўз мажлисларини,заруриятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказади. Кенгаш раиси томонидан Кенгаш аъзоларининг ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин. Уларда мажлисни ўтказишнинг сабаблари ва асослари баён қилиниши керак.
Мажлислар оралиғидаги даврда раис Кенгашга раҳбарлик қилади, ташкилий ишларни касб-ҳунар коллежи маъмурияти кўмагида Кенгаш котиби юритади.
14. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси олиб боради. Раис бўлмаган тақдирда мажлисни унинг ўринбосари бошқаради.
Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда қонуний ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум мавжуд бўлмаган тақдирда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади. Янги мажлисни ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
15. Кенгаш мажлисида кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига боғлиқ ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, алоҳида жисмоний шахслар таклиф этилиши мумкин.
16. Кенгашни ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Васийлик жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
17.Кенгаш котиби:
Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
Мажлисни ўтказиш муддати ва жойини Кенгаш раиси билан келишилади;
Кун тартибидаги масалалар бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Кенгаш аъзоларининг ва таклиф этилган шахсларни Кенгаш ўтказиладиган сана, унинг кун тартиби лойиҳаси, ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади;
Кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб боради;
Кенгаш протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.
Кенгаш котиби касб-ҳунар коллежи директори томонидан тайинланади, котиб Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
Кенгаш томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш
18. Кенгаш қарори Кенгаш мажлисида қатнашаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Қуйидаги масалалар бўйича Кенгаш қарорлари Кенгашнинг мажлисда қатнашаётган аъзоларнинг учдан икки қисмининг кўпчилик овози билан қабул қилинади:
Йиллик молиявий режани тасдиқлаш;
Кириш ва аъзолик бадаллари миқдорини белгилаш.
Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма ифодалаш ҳуқуқига эга.
19. Кенгаш раиси қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш мақсадида Кенгаш аъзолари билан келишилган айрим масалалар бўйича Кенгаш қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.
20. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади. Кенгаш протоколига унинг барча аъзоларининг визалари қўйилади, у котиб томонидан имзоланади, Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Кенгаш аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.
21. Кенгаш протоколининг асл нусхаси ва унга оид материаллар касб-ҳунар коллежида сақланади.
Касб-ҳунар коллежи директори Кенгаш хужжатларини сақланиши учун шарт-шароитлар яратади.
22. Кенгаш котиби Кенгаш аъзоларининг кўмагида Кенгаш қарорлари бажарилишини мунтазам ўрганади ва кўриб чиқади, зарурият бўлганда, Кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.
Кенгаш қабул қилинган қарорлар ижросининг ҳолатини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.
23. Кенгашнинг иши тартиби Регламент билан белгиланади. Регламент Кенгаш томонидан мустақил равишда қабул қилинади.
Васийлик жамғармаси
24. Кенгашнинг мақсадларини амалга ошириш учун Кенгаш аъзоларининг кириш, аъзолик ва мақсадли бадаллари, шунингдек бошқа маблағлари, бошқа ташкилотлар ҳамда алоҳида жисмоний шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари ҳисобига Кенгаш ҳузурида Васийлик жамғармаси ташкил этилади.
Васийлик жамғармаси маблағларидан Кенгашнинг мақсадлари, вазифалари ва ҳуқуқларини амалга оширишда ва уларга эришишида фойдаланилиши мумкин.
25. Кенгаш аъзолари, бошқа ташкилотлар ва алоҳида жисмоний шахслар Жамғармага ўз маблағларини мол-мулк, мол-мулк комплекси, пул маблағлари ҳамда бошқа моддий ва номоддий активлар шаклида киритадилар.
26. Васийлик жамғармаси маблағларини ўтказиши учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли ҳудудий бўлинмаларида касб-ҳунар коллежи учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ҳисоб рақамлари очилади.
Васийлик жамғармаси даромадлари ва харажатлари сметаси Кенгаш қарори асосида касб-ҳунар коллежи директори томонидан тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказиш ва тасдиқлаш учун тегишли ҳудудий молия органларига тақдим этилади.
Зарурият бўлганда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатда Васийлик жамғармаси даромадлари ва харажатлари сметасига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
27. Сметанинг харажат қисми давлат бюджети харажатларининг иқтисодий таснифи ва улар бўйича харажатларга мувофиқ моддалар бўйича харажатлар тўлиқ ёйиб кўрсатилган илова билан биргаликда харажатлар гуруҳлари бўйича тузилади.
28. Касб-ҳунар коллежлари директорлари ва бош бугалтерлари Васийлик жамғармаси маблағларининг бухгалтерия хисоби тўғри юритилиши, расмийлаштирилиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб берадилар ва уни назорат қилиб борадилар.
Васийлик жамғармасининг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтади.
29. Васийлик жамғармаси маблағларидан касб-ҳунар коллежининг хўжалик фаолияти зарарларини қоплаш, шунингдек ходимларининг қўшимча сонини таъминлаш учун фойдаланиш тақиқланади.
30. Касб-ҳунар коллежи директори ҳар йили Кенгаш олдида Васийлик жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши бўйича ҳисобот беради.
31. Кенгаш Васийлик жамғармаси маблағларидан фойдаланилиши юзасиданмолиявийназоратниамалгаошириш ҳуқуқини йил охирида комплекс тафтиш ўтказиш йўли билан амалга оширади.
32. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ келишмовчиликлар ва баҳсли вазиятлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
33. Васийлик жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат-тафтиш комиссияси томонидан амалга оширилади. Назорат-тафтиш комиссияси раиси ва аъзолари Кенгашнинг қарори билан тайинланадилар.
34. Назорат-тафтиш комиссияси:
Бир йилда камида бир марта ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини текширади, Васийлик жамғармасининг молиявий кўрсаткичлари тафтишини ўтказади, унинг йиллик ҳисоботлари ва баланси бўйича хулосалар беради;
Ҳар йили Кенгаш мажлисида ўз фаолияти якунлари бўйича ҳисобот беради.
Кенгаш фаолиятини тугатиш
35. Кенгашни тарқатиб юбориш ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасининг қарори асосида амалга оширилади.
36. Кенгаш тарқатиб юборилган тақдирда унинг Васийлик жамғармасини бошқариш бўйича ваколатлари Кенгашнинг янги таркиби шакллантирилгунгача касб-ҳунар коллежининг педагогика кенгашига берилади.