+(998) 71 237 31 57 | info.rsc_kardio@minzdrav.uz
15.03.2018

Тиббиётни бутунлай ўзгартирадиган 11 та технологик инновация

Биз тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги катта ўзгаришлар остонасида турибмиз. Улар албатта рўй беради ва ҳамма уларга қизиқиш билдирмоқда: беморлар, шифокорлар, тадқиқотчилар, тиббий олий ўқув юртлари талабалари ва оддий истеъмолчилар.

«The Next Web» вакили Роберт Шерба «The Guide to the Future of Medicine: Technology and the Human Touch» китобининг муаллифи доктор Берталан Меско билан технологик инновацияларнинг тиббиёт келажагига қандай таъсир қилиши тўғрисида суҳбатлашди. Меско 11 та асосий йўналишни белгилаб берди, деб маълум қилади Хабар нашри.

1. Саломатликни геймификациялаштириш
Ўйинлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир, лекин келажакда соғлиқни сақлашни мониторинг қилиш дастурларига ўйин компонентини қўшиб қўйиш беморларни ҳар куни маълумот тўплашга ва соғлиққа ижобий таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилишга ундашга ёрдам беради. Месконинг сўзларига кўра, сурункали касалликларга чалинган беморларнинг ярмидан ортиғи шифокорларнинг кўрсатмаларига амал қилмайди. Геймификация қилиш беморнинг шифокор белгилаган курсдан четланишини қийинлаштирадиган муҳитни яратади.

2. Беморларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш
Соғлиқни сақлаш хизмати шифохоналардан ташқарига чиқиб, беморларнинг ўзларини англашларига ва ваколатларини кенгайтиришга ёрдам беради. Кўпчилик интернетдан касаллик белгиларини аниқлаб, ўз-ўзига тахминий ташхис қўйиш учун фойдаланади. Соғлом ақл малакали тиббиёт мутахассисларига мурожаат қилиш мумкин бўлган ҳолларда бундай қилишни маъқулламайди, аммо шифокорлар беморларга интернетдан маълумот олиш учун фойдаланишни ҳам тақиқлай олишмайди.

Ушбу тенденцияга қарши туришнинг ҳожати йўқ, фақат уни тўғри йўналтириш лозим. Янги технологиялар ниҳоят тиббиёт ходимларига у ёки бу ахборотни тақдим этиш ва баъзи маълумотларни тушунтиришга вақтини кеткизмасдан беморни даволашга эътиборини қаратиш имконини беради. Шифокорлар ўзлари биладиган ва яхши бажарадиган ишни қилишлари, яъни ўз билимларидан фойдаланиб беморга ёрдам беришлари мумкин бўлади. Доктор Меско таъкидлаганидек, агар тиббий ходимлар беморларга ўзларига ўзлари ёрдам беришини тақиқласа, соғлиқни сақлаш соҳаси олдинга силжий олмайди.

3. Телетиббиёт ва масофадан парваришлаш
Инновацион технологиялар асосида шифокорлар уйда ёки назорат остида даволанаётган беморлар билан мулоқотда бўлишлари мумкин. Бу нафақат вақтни, балки пулни ҳам тежаш имконини беради. Беморнинг муолажадан олдинги, муолажа вақтидаги ва муолажадан кейинги аҳволини назорат қилувчи роботлаштирилган автоном ечимлар мавжуд.

4. Тиббий таълимни қайта кўриб чиқиш
Тиббиёт институтлари шифокорларни «электрон» бемор ва юқори технологиялар билан ишлашга тайёрлашади. Мутахассисларни ўқитиш узоқ вақт талаб этади ва шунинг учун ҳам талабалар ўрганаётган тажрибалар битирув вақтига келиб эскириб қолмоқда. Дарсликларнинг ўрнини рақамли синфлар эгаллаши керак, бу ўз навбатида талабалар ва амалиётдаги шифокорлар ўртасидаги мулоқотни таъминлайди ҳамда долзарб ахборот ва ресурслардан фойдаланиш имкониятини яратади.

5. Хирургик ва одамсимон роботлар
Замонавий роботлар жарроҳларнинг имкониятини сезиларли даражада оширади, улар операцияларни юқорироқ аниқликда ва камроқ жароҳат етказган ҳолда ўтказишга қодир. Роботлар ҳеч қачон одамларнинг ўрнини босолмайди, лекин шифокорлар уларни ўз ишларида тез-тез ишлатадиган бўладилар.

6. Геномика ва персоналлаштирилган тиббиёт
Келажакда ДНК таҳлиллари ташхис қўйиш ва муолажа тайинлашда оддий процедурага айланади. Шу орқали шифокорлар бемор организмининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унга дори-дармонлар тўғри белгиланганини кафолатлашлари мумкин.

7. Кийиладиган датчиклар
Замонавий технологиялар сизга муҳим тиббий кўрсаткичларни арзон ва қулай усулларда ўлчаш имконини беради. Ихчамгина сенсорлар беморларни кундалик фаолиятидан чалғитмасдан керакли маълумотларни тўплайди. Бундай маълумотни йиғишнинг бир усули керакли датчиклар билан жиҳозланган электрон кийим кийиб юришдир.

8. Тиббий трикодерлар ва портатив ташхис
«Star Trek» илмий-фантастик сериалидаги тўқима гаджет тез орада ҳақиқатга айланади. Сиз турли хил диагностик жараёнларни амалга ошириш учун клиникаларга боришингиз шарт эмас – барчасини уйда ўтириб, ихчам қурилмалар ёрдамида амалга ошириш мумкин. «Смартфон тиббий асбоблар панели сифатида тиббиёт марказига айланади», — дейди доктор Меско.

9. DIY биотехнологиялари
Мавжуд технологиялар ва DIY руҳияти муҳандис ва олимларнинг янги авлодини яратади. Бутун дунё бўйлаб биолабораториялар пайдо бўлиб, ўзида ихтирочиларни, тажриба ва кашфиётларни яхши кўрадиганларни бирлаштиради. Биотехнологиядаги инновациялар келажак тиббиётини бутунлай ўзгартириб юборишга қодир бўлади.

10. 3D-чоп этиш инқилоби
3D-принтерлар ёрдамида тиббий асбоблар, протезлар ва ҳатто дориларни ҳам яратиш мумкин. Принтерлар, шунингдек, регенератив тиббиётда ҳам муҳим рол ўйнаб, мутахассисларга қон томирлари, суяк, юрак клапанлари, тўқималар, сунъий тери ва ҳатто органларни яратишга ёрдам беради. Мазкур амалиётлар тараққий этиб бориши сабабли 3D-чоп этиш катта фойда келтириши мумкин.

11. Механизациялашган экзоскелетлар ва эндопротезлар
Экзоскелетли кийимлар шол одамларга яна юриш имкониятини берган бўларди. Мазкур кийим сезгини қайта тиклаш, протезга реал вақтда мия билан алоқа боғлаш имконини беради. «Ҳозирча эса, — дейди доктор Меско, — бундай нарсаларни ишлаб чиқарувчилар учун катта муаммо инсон қўли ва оёқларининг мураккаб ҳаракатларини тўғри такрорлай оладиган қурилмаларни яратишдир».

 

Источник:  zamin.uz