17.10.2015

Соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича семинар

Жорий йилнинг 7-9 октябр кунлари Тошкент шаҳрида МДҲ давлатлари учун Халқаро электр алоқалар уюшмасининг ҳудудий семинари бўлиб ўтди.

“Соғлиқни сақлашда АКТ дан фойдаланиш. Хусусан, қишлоқ ва узоқ туманларда телемедицина хизмати” мавзусида ташкил этилган ушбу семинарни ўтказишдан мақсад соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда бунинг натижасида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, МДҲ давлатларида мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар ва қўлга киритилган ютуқлар билан танишиш ҳисобланади.

Тадбирнинг биринчи кунида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлардан ташриф буюрган соҳа мутахассислари ва Ўзбекистонда АКТ йўналишида фаолият юритаётган мутахассисларнинг соғлиқни сақлаш тизимида замонавий технологиялардан фойдаланиш, ушбу йўналишда биринчи вазифалар ва электрон соғлиқни сақлашга амалий ёндашув каби мавзуларга оид маърузалари тингланди.

Семинарнинг иккинчи кунида электрон соғлиқни сақлаш соҳасида мавжуд лойиҳалар атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, «UzMedInfo» Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази директори Миродил Боймуҳаммедовнинг “2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида “Электрон соғлиқни сақлаш”ни ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияси” ҳамда “Соғлиқни сақлашда Миллий интеграциялаштирилган ахборот тизими “Соғлиқни сақлаш” комплекс ахборот тизимлари Ўзбекистон Республикаси “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимининг асосий таркибий қисми сифатида” мавзуларида маърузаси тингланди.

«UzMedInfo» маркази

Ахборот хизмати