02.10.2015

Болалар саломатлиги – доимий эътиборда

Қорақалпоғистон Республикасида Жанубий Кореянинг “Friends” нодавлат ташкилоти томонидан хайрия акцияси ўтказилмоқда. Акция давомида тажрибали шифокорлар аҳоли, айниқса, болаларни тиббий кўрикдан ўтказади, жарроҳлик операцияларини амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жанубий Кореянинг “Friends” нодавлат ташкилоти ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра, 2009 йилдан буён юз-жағ касалликлари бор болалар жарроҳлик йўли билан даволанди.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирликлари билан мазкур ташкилот ўртасида 2012 йилда имзоланган меморандумга мувофиқ, хорижлик мутахассислар ҳар йили Қорақалпоғистонда бўлиб, болалар ўртасида эмлаш-профилактика ишларини амалга оширмоқда.

– Бу гал асосий эътиборни болаларнинг тиш ва милкларини мустаҳкамлаш, юз-жағида туғма нуқсони бор болаларни жарроҳлик йўли билан даволашга қаратганмиз, – дейди Жанубий кореялик стоматолог Ким Мёнг Дин. – Мутахассисларимиз маҳаллий шифокорлар билан ўзаро тажриба алмашади, янгиликлар билан танишади. Кўрик давомида тиббиёт муассасаларига замонавий ташхис қўйиш ва эмлаш асбоб-ускуналари тақдим этилади.

Айни пайтда шифокорлар Қорақалпоғистон Республикаси кўптармоқли болалар шифохонасида даволаш ишларини ҳам олиб бормоқда. Мактабларда бўлиб, болаларнинг тишларини кўрикдан ўтказаётир. Аниқлаган касалликларни ўз вақтида даволаш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА

Манба: uza.uz