08.09.2015

Инсон саломатлигини асраш – муҳим вазифа

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида халқимиз саломатлигини асраш, имконияти чекланган кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасига жўнатилган Саломатлик поезди ана шундай эзгу ишлардан биридир.

Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларига ташкил этилган шундай поездлар таркибидаги мутахассислар томонидан етти минг нафардан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бирга, аҳолига ҳамда ҳудудлардаги тиббий-ижтимоий муассасаларга озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, тиббий жиҳозлар, санитария-гигиена воситалари, витаминлар етказиб берилди.

Навбатдаги Саломатлик поезди «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, “Baxtteks-Farm”, “Diyor biznes” масъулияти чекланган жамиятлари, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, АҚШнинг “Ameri Cares” ва “Toms Shoes” ташкилотларининг тиббий-ижтимоий анжомлардан иборат мурувват юклари асосида шакллантирилган.

Мазкур акцияни ташкил этишдан кўзланган мақсад экологик ноқулай ҳудудлар аҳолисини тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишдир.

Малакали шифокорлар 11 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор туманларида бўлиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказади. Шу билан бирга, “Соғлом авлод учун” фондининг ҳудудий филиалига қарашли тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси томонидан Оролбўйидаги марказий ва болалар шифохоналари, туғруқ мажмуалари, болалар махсус мактаб-интернатларига хайрия ёрдами кўрсатиш режалаштирилган.

Ҳафталик давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни юксалтиришга оид тарғибот ишлари ҳам ташкил этилади.

Барно Мелиқулова, ЎзА

Манба: uza.uz