23.02.2015

Юқумли касалликларга қарши мустаҳкам девор

Фавқулодда вазиятлар вазирлигида Қрим-конго геморрогик иситмасига қарши курашиш чора-тадбирларига бағишланган конференция ўтказилди. Конференцияда уни юқтириш йўллари, симптомлари ва ушбу хавфли касалликларни профилактикаси бўйича барча масалалар муҳокама қилинди.

Юқумли касалликларга, жумладан қрим-коного геморрогик иситмасига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган мақсадли чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 24 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда ҳолатлар бўйича огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини истиқболда такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори асосида тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг бўлим бошлиғи Х. Сапарованинг айтишича, ушбу касаллик ўзида геморрагик вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўллар кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади. Касалликнинг юқиш эҳтимоли апрел, май, июн ойларида, яъни қорамолларни юнгини олиш вақтида катта бўлади. Шунинг учун ҳар бир инсон ўзини ва ўз яқинларини ушбу касалликнинг юқишидан қутқариши лозим.

Ушбу касаллик ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлигида бир қатор тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Фақатгина ўтган йилда Фавқулодда ишлар вазирлиги томонидан 200 га яқин учрашувлар, муҳокамалар, лекция, семинарлар, тренинглар ва 100 га яқин ОАВ лойиҳалари ташкил қилинди.

Шунингдек вазирлик ходимлари ушбу касалликнинг юзага келиши ва унинг профилактикаси жараёнларини ўрганиб чиқиб, вирус қўзғатадиган ўта хавфли юқумли касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича бир қанча тадбирлар режасини ишлаб чиқдилар.