15.01.2013

Аёллар саломатлиги маркази

Олтиариқ тумани Тинчлик шаҳрида аёллар саломатлиги маркази иш бошлади. Марказда спорт билан шуғулланиш ва умуман саломатликни мустаҳкамлаш учун барча шароитлар яратишга хизмат қилувчи маиший хизмат пунктлари фаолият кўрсатади.

Мамлакатимизда Президентимиз И.Каримов раҳнамолигида аёлларни касбга йўналтириш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятларига кўмаклашиш, шунингдек оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни ҳимоялашга катта эътибор қаратилган. Обод турмуш йилида Фарғона вилоятида ушбу йўналишларни ривожлантириш ишлари кўриб чиқилмоқда. Олтиариқ туманида бунёд этилган аёллар саломатлиги маркази аёлларга зарурий шарт-шароитлар яратиш борасида қўйилган яна бир қадам бўлди.

-Бугун олдимизда турган асосий вазифалардан бири-аёлларнинг уй юмушларига озгина бўлсада енгиллик киритиш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширувчи хизмат турларини ошириш,-дейди ушбу марказ раҳбари Манзура Файзиматова.-Шунинг учун бизнинг марказимизда аёллар учун барча зарурий шароитларни яратишга хизмат қилмоқдамиз. Бу ерда гўзаллик салонлари, туй маросимлари учун кийим салонлари, фитобарлар, спорт билан шуғулланиш заллари аёлларимизга хизмат кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, турли касбларни нозик сирларини ўрганиш учун керакли тўгараклар ташкил этилган.

Манба: uza.uz