08.02.2011

ЯШИРИН ДАРДНИНГ ОШКОРА ХУРУЖИ

Бугун инсониятни ҳайратлантириш қийин. Ахборот технологиялари асрида қўлга киритилаётган муваффақиятлар, фан оламидаги айрим ихтиролар ҳам одатдагидек туюлмоқда. Бунинг сабабини мутахассислар икки омил билан изоҳлашади. Биринчи омил, бу ўтган асрнинг иккинчи ярми билан таққослаганда, айни пайтда яхши яшаш ва ишлаш учун яратилган шарт-шароитлар кўнгилдагидек.

Қолаверса, илгари оддий кашфиёт ҳам кишиларни ҳайратга солган бўлса, эндиликда жиддий ихтиролар ҳам шов-шувга сабаб бўлмаяпти. Иккинчи ва энг муҳим омил эса, одамларнинг дунёқараши кескин ўзгарганлигида экан. Бу ҳолат, мутахассисларнинг фикрига таянадиган бўлсак, инсон онгу тафаккурининг ривожланиб, ўсиб бораётганлиги натижасидир.

Мазкур хулосалар аслида янги аср­да инсониятнинг имкониятлари ниҳоятда кенгайиб бораётганини кўрсатади. Бу яхши, аммо бугун теграмизда авж олаётган баъзи муаммолар сизу бизни шукрона билан яшашга ундаса, айрим ҳолатлар ўта ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб этади. Гап шундаки, тараққиёт илдамлаб, тиббиёт ривожланиб бораётган бўлса-да, кейинги йилларда айрим хасталикларнинг хуруж қилиши минглаб одамлар ҳаётини барбод қилмоқда. Бундай нохуш ҳолатга, афсуски, инсоннинг ўзи сабабчи бўлаётир. Ана шундай ўта хавфли ­касаллик, бу — орттирилган ­иммунитет танқислиги синдроми — (ОИТС)дир.

Ушбу хасталик борган сари ­жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишлантираётган масалалардан бири ҳисобланади. Негаки, Жаҳон ­соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда мазкур касалликдан 40 миллион нафардан ортиқ киши азият чекаётир. Касалликнинг бедаво эканлиги ва юқиш хавфи тезлиги ҳар биримизни огоҳ бўлиш ҳамда унга қарши биргаликда курашишга чорлайди.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, республикада ОИВ инфекцияси тарқа­лишининг олдини олиш ва профилактик тадбирлар самарасини янада ошириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Республика ОИТС диагнос­тика маркази ташкил этилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан кўзда тутилган мақсад касалликка қарши курашишнинг ягона тизимини ташкил этишдир.

Ўтган вақт мобайнида ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 3,5 млрд. сўмга 16 та ОИВ инфекциясига якуний ташхис қўйиш имконини берувчи юқори технологияли ускуналар харид қилинди. Барча вилоятлар ОИТСга қарши марказлари бемор организмидаги иммунитет даражасини аниқлайдиган цитофлюориметр ускунаси билан, 33 та туман­лараро ОИТС диагнос­тика лабораториялари эса иммуно-фермент анализаторлари билан ­жиҳозланди.

2010 йилда ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказларида қарийб 5 млрд. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тошкент шаҳри ва Фар­ғона вилояти ОИТС марказлари янги қуриб битказилган биноларда фаолиятини бошлаган бўлса, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самар­қанд, ­Сурхондарё ва Тошкент ­вилоятлари марказлари учун барча талабларга жавоб ­берадиган бинолар ажратилиб, мукаммал таъмирдан чиқарилди. Бошқа марказларда инвестиция дастурига мувофиқ, режа асосида янги қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

— Ҳар бир тиббиёт ходими ОИВ инфекцияси борасида тиббий саводхонлигини ошириб бориши зарур, — дейди врач-эпидемиолог Абдувоҳид Нурматов. — Бу уларда нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳимоя қилиш малакасини юзага келтиради. Бу борада ҳам қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шунинг­дек, Вирусология илмий текшириш институти ҳамда Республика ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси томонидан тиббиёт коллежлари учун “ОИВ инфекциясининг назарий ва амалий билим асослари” ўқув қўлланмаси чоп этилди. Ўтган давр мобайнида ОИВ/ОИТС масалалари бўйича ташкил этилган махсус ўқув курсларида жами 1200 нафар шифокор ва 2500 нафар ўрта тиббиёт ходими ўз малакасини оширди. Бундай тадбирлар узлуксиз давом эттирилади.

Маълумотларга кўра, айни ­пайтда ушбу касаллик Жанубий Африка, Ҳиндистон, Зимбабве мамлакатларида, айниқса, авж ­олган. Бу ердаги махсус касалхоналарга кунига юзлаб кишилар ётқизилмоқда. Аҳоли эса маҳаллий ҳукуматдан мазкур дард билан касалланганларга қарши жиддий чоралар қўлланилишини талаб этмоқда. Негаки, бепарволик ва ночорлик боис вақтида назоратга олинмаган беморлардан дунёга келаётган чақалоқлар орасида ҳам мажруҳлар сони ортиб кетиши мумкин.

Хўш, шундай экан, республикамизда ОИВ инфекцияси аниқланган беморларни даволаш, касалликнинг онадан болага ўтишини олдини олиш ишлари қандай ташкил этилган?

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиздаги тиббий ислоҳотлар бу борада ҳам хотиржам бўлишимизни таъминламоқда. Жумладан, республикамизда ОИВ инфекция­си билан яшовчи шахсларни даволашга катта эътибор қаратилмоқда. Вирусология, Педиатрия, Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институтлари, Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда Тошкент шаҳар перинатал маркази қошида ОИВ инфекцияли беморларга антиретровирусли терапия ўтказилмоқда. Мазкур ­жараён беморлар умрини узайтириб, даволаш сифатини яхшилашга, шунингдек, иш қобилиятини оширишга ёрдам беради. Ҳозирги кунда шундай инфекция билан яшовчилар мазкур терапияни қабул қилмоқда. Республикамизда ОИВ инфекция­сининг вертикал трансмиссияси (онадан болага ўтиши) профилактикаси бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. ОИВ инфекцияли ҳомиладор аёллар ва улардан туғилган болаларни антиретровирусли дори воситалари билан махсус даволаш ишлари ўтказилаётир.

Мухтасар айтганда, ОИТСга қарши кураш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар халқимиз саломатлиги ҳамда жамиятимиз ривожи йўлида амалга оширилмоқда. Жаҳонда ҳали-ҳануз давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз, айрим мамлакатлардаги таназзул, турли можаролар авж олаётган бир пайтда юртимизда инсон ва унинг манфаатлари ҳамиша устувор эканлиги саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ОИТС кенг тарқалишига йўл қўймаслик, танадаги бундай яширин дарднинг хуружини бартараф этишга унча-мунча ривожланган давлатларда ҳам бефарқ қаралмоқда. Амалиётга изчил татбиқ этилаётган ­беқиёс тиббий ислоҳотлар эса, “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил” деганларидек, ҳар биримизни бебаҳо бойлик — саломатликни асраб-авайлашда ўта ҳушёр бўлишга ундайди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.