Ўзбекистон Республикасида “Соғлом бола ҳафталиги”
25-30 июн кунлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни соғломлаштириш мақсадида “Соғлом бола ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Мазкур ҳафталик доирасида ЮНИСЕФ томонидан 2,6 миллиондан зиёд 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар учун етказиб берилган А витамини саплементацияси олиб бориляпти. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги етук мутахассисларнинг вилоятларга ташрифини ташкиллаштириш орқали туғриқ ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш бўйича тадбирлар комплексини амалга оширилмоқда.
Микронутриентлар танқислиги қандай холат ва Ўзбекистонда энг кўп тарқалган турлари?
Дунёнинг кўпгина мамлакатларида микронутриент танқислиги аҳоли соғлиғини сақлашнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда.
Микронутриентлар танқислиги – бу микронутриентларнинг озиқ-овқат билан инсон организмига етарлича тушмаслиги ва оқибатда, қайта тикланадиган функционал бузилишларга ҳамда жиддий касалликларга олиб келадиган ҳолат. Микронутриент танқислиги 80% холатида барча касалликларнинг асосий сабабчиси бўлиб хисобланади. Дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам энг кўп тарқалган микронутриент етишмаслигига йод, темир, фолий кислотаси ва А витамини (ретинол) етишмасликлари киради. Ушбу микронутриентларнинг етишмаслиги болалар ва ёшларнинг интеллектуал ҳамда жисмоний камол топишининг пасайишига, касалланиш ва ўлим кўрсаткичларини кўпайишига олиб келади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда микронутриентлар танқислиги бўйича қандай дастур ва лойиҳалар тадбиқ этилмоқда?
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда болалик ва оналикни муҳофаза қилиш, кўкракдан эмизишни қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ташкил этиш чора-тадбирлари фаол амалга оширилмоқда. Ахолини овқатланишини яхшилаш ва микронутриент етишмаслигини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида” (2007й.) ва “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги тўғрисида”ги (2010й.) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 ноябрдаги “Аҳоли ўртасида микронунтриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни амалга ошириш чора-тадбирлар ҳақида”ги 260-сонли қарорлари хамда дастур ва лойихалар тадбиқ этилмоқда. Жумладан:
- хаёт учун мухим бўлган микронутриентларни саплементацияси: фертил ёшдаги аёллар ва ўсмир қизлар орасида – темир моддаси ва фоле кислотаси, 2 ёшгача бўлган болалар ўртасида – темир моддаси, 6 ойдан 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида – А витамини;
Қорақолпоғистон Республикасини 6 та туманида 2 ёшгача бўлан болалар ўртасида мультивитамин кукунлари (спринклслар) овқатга қўшиб берилиши;
- озиқ-овқат маҳсулотларини бойитилиши (фортификация) – овқат тузини йодлаш, минераллар ва витаминлар билан I-чи навли бўғдой унини бойитилиши;
- аҳоли ўртасида тўғри оқатланиш хамда микронутриент етишмаслиги натижасида келиб чиқадиган холатларини олдини олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борилиши.
Амалга оширилаётган барча тадбирлар паст бўйлилик, туғма аномалиялар, микронутриентлар етишмаслиги билан боғлиқ бўлган касалланиш ҳолатларининг камайишига олиб келади ва бу ўз навбатида оналар ва болалар ўлими кўрсаткичларининг тушишини таъминлайди.
А витамини танқислиги болалар организмида қандай ўзгаришларга сабаб бўлади?
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотларига кўра, дунё бўйича 5 ёшга етмаган болалардан энг камида 100 миллиони АВТдан азият чекаётган бўлиб, ушбу танқислик даражасининг ошиши кўрликка олиб келиши мумкин, болаларда иммунологик реативликнинг пасайиб кетишига сабаб бўлади, бу эса ўз навбатида болаларнинг ўсиши ва ривожланишини секинлаштиради ва бола қизамиқ, диарея ва ўткир респиратор инфекцияси каби касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмиши хавфини сезиларли даражада оширади. Олти ойликдан 59 ойликка қадар бўлган болаларни А витамини билан таъминлаш болалар ҳаётини сақлаб қолишнинг иқтисодий жиҳатдан энг самарали услублардан бири бўлиб, у ҳар йили 300 000 дан ортиқ болалар ҳаётини сақлаб қолишда ёрдам бериши мумкин.
Шуни этиб ўтмоқчиманки, А витамини танқислигининг яна иқтисодий оқибатлари хам жуда юқоридир. А витамини танқислиги этиб ўтганимиздек, айниқса болалик даврида зарарлироқ ва болаларни касалланишнинг асосий сабабларидан бири хисобланади ҳамда болалар ўлимининг 20-23%га ошишига олиб келади. ЖССТ/ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Ҳукумат амал қилиши мумкин бўлган А витамини танқислиги устидан назорат қилиш болалар соғлиғини муҳофаза қилиш ва уларни тирик қолишини таъминлашнинг энг тежамкор йўлларидан биридир.
А витамини саплементацияси дастури деганда нимани тушинишимиз мумкин? Оддийроқ қилиб тушинитира оласизми? Нима учун А витамини саплементацияси 6 ойликдан 5 ёшгача болалар ўртасида олиб борилмоқда?
А витамини саплементацияси деганида А витамини етишмаслиги профилактикаси яъни олдини олиш дастури тушинилади. Ушбу жараён ҳар йили 2 маротаба ўтказилмоқда, 6 ойдан 1 ёшгача бўлган болаларга 100000ХБ ва 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларга эса 200000ХБ А витамини капсулалари берилади. Дастурда А витамини саплементацияси бўйича тадбирлар аҳолининг овқатланиш одатларини ўзгартиришга қаратилган ахборот-тушинтириш ишлари билан уйғунликда олиб борилади. Бугунги кунга қадар А витамини саплементациясининг 17 тури амалга оширилган бўлиб, ҳар бир турда 2,1 миллион 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар қамраб олинган. Республикада болалар орасида витамин “А” танқислигини олдини олиш, болалар ўртасида касалланиш ва ўлим холатларини камайтириш, ЮНИСЕФ билан ҳамкорликдаги қабул қилинган миллий дастурида қайд этилган тадбирларни амалга ошириш 2003 йилдан олиб борилмоқда. Мазкур тадбирнинг ушбу ёшда олиб борилишининг асосий сабаби улар орасида касалланиш ва ўлим кўрсаткичларининг юқорилигидир.
Республикада 25-30 июн кунлари ўтказилаётган “Соғлом бола ҳафталиги” ни ўтказилиши бўйича гапириб берсангиз?
Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб, Президентимиз ва давлатимиз томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом ҳамда ақлан етук бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Мазкур жараёнларни узлуксиз давом эттириш мақсадида Ўзбекистон бозор иқтисодиётининг барча босқичларида эзгу мақсад ва режалар, кучли ижтимоий сиёсат ўзининг тараққиёт дастурига асосланган ҳолда олиб борилмоқда. Ушбу сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Унинг асосий йўналишларидан бири оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларида янги концептуал ёндошувлар бўлиб, улар соғлом авлоднинг дунёга келиши ва тарбияланишига доир барча шароитларнинг яратилишига йўналтирилгандир.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда кенг миқёсда соғломлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – “Соғлом она – соғлом бола” мақсадига эришишдир.
Бу ўтказилаётган тадбирлардан бири “Соғлом бола хафталиги”дир. Жорий йилнинг 25-30 июнь кунлари “Соғлом бола хафталиги” доирасида навбатдаги витамин А саплементациянинг 18 ТУРи ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида болаларга фақатгина витамин А капсулалари бериш билан чекланмасдан, болаларни умумий тиббий кўрикдан ўтказиш, жумладан, антропометрия, оналарга болаларни оптимал озуқалантириш, санитария ва гигиена бўйича консультациялар берилади.
Тиббиёт қанчалик мукаммал бўлмасин, ҳар кимни барча касалликлардан ҳоли қила олмайди. Инсон – ўз саломатлигининг ижодкоридир, унинг учун курашиш лозим. Шунинг учун педиатрлар эрта ёшдан болаларни чиниқтириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғуллантириш, гигиена қоидаларига амал қилиш, - бир сўз билан айтганда оқилона йўллар билан саломатликнинг чинакам уйғунлигига эришиш ҳақида оналар билан суҳбатлашадилар .
Ўтказилаётган “Соғлом бола ҳафталиги” да ЮНИСЕФ ташкилотининг иштироки нимадан иборат ва бу турнинг олдинги турларадан фарқи ҳақида гапириб ўтсангиз?
Ўтказилаётган “Соғлом бола ҳафталиги” ни олдинги турларадан фарқи Қорақалпоғистондаилк бор ўтказилаётган қўшма тиббий тадбир ҳисобланади. Қорақалпоғистонда 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар учун А витамини саплементацияси ҳамда 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар учун антигельминт преператлар бериш амалга оширилади. Мазкур давр мобайнида шифокор-педиатрлар ва патронаж ҳамширалар ҚВП ва мауйян ёшдаги болалар яшовчи оилаларда туғилгандан то 6 ойга тўлгунга қадар бўлган болаларни фақат она сути билан озуқалантиришнинг аҳамияти, 6 ойга тўлган болаларни ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг халқаро тавсиялари асосида тўғри қўшимча озуқалантириш каби мавзуларда суҳбатлар ўтказадилар ҳамда боланинг соғлом ўсиши ва улғайиши учун А витамини саплементацияси ва гельминтозлар профилактикаси бўйича саволларга жавоб берадилар. Тадбир давомида Қорақалпоғистонда яшовчи 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган, антигельминт препаратларнинг профилактик дозасини А витамини билан бирга қабул қилаётган болаларнинг 150 мингдан ортиғини қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, бу Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган қўшма тиббий тадбир ҳисобланади. Кейинчалик бу қўшма тадбир республиканинг хамма вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган.
“Соғлом бола ҳафталиги”ни ўтказишда ЮНИСЕФ ташкилотининг иштироки 300 минг дона мебендазол таблеткаси ва 5,6 миллион доза миқдорида А витамини сотиб олиб беришдан иборат бўлиб, бир дозада 6 ойликдан 1 ёшгача бўлган болалар учун 100 000 МЕ, 5 ёшгача бўлган болалар учун эса 200 000 МЕ мавжуд. Шу билан бирга ташкилот томонидан жойлардаги соғлиқни сақлаш идоралари ходимлари ва соғлиқни сақлашнинг бирламчи тармоғи хизматчиларининг касбий малакаларини ошириш, оилалар учун эслатма китобчалар ишлаб чиқиб, уларни 200 мингдан ортиқ нусхадаги чоп этиш, телевизион ва радио лавҳалар тайёрлашга қаратилган тадбирларни ўтказишда ёрдам кўрсатди.
Хулоса қилиб шуни таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон мустақиллик йилларида тиббиёт соҳасида кенг қамровли туб ислоҳатларни амалга оширди, янги ва улкан ютуқларни қўлга киритди. Яқинда жаҳондаги энг нуфузли ҳалқаро ташкилот – “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болаларни саломатлигини мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилди. Биласизми, бу холис халқаро эътироф Ўзбекистон инсон, унинг манфаати йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган давлат эканини англатади.