ru uz
Қовоқ птози умуртқа пағонасига таъсир қиладими?

Қовоқ тушиши қандай хасталик?

Устки қовоқ қорачиқ атрофидаги рангдор пардани 2 мм. ёки ундан кўпроқ қисмини ёпиб қўйиши птоз, дейилади. Қорачиқни 1,5 мм.га ёпиб туриши асли нормал ҳолат ҳисобланади. Бироқ меъёрдан ортиқ ёпилиб қолган рангдор парда турли ноқулайликларни келтириб чиқаради.

Сабаби нимада?

Птоз хасталиги туғма ёки орттирилган, бир ёки ҳар иккала кўзда учраши мумкин. Туғма птоз одатда юқори қовоқни ҳаракатга келтирувчи мушакларнинг етарлича ёки умуман ривожланмагани сабаб вужудга келади.

Орттирилган птозни келтириб чиқарувчи омиллар асосан нервлардаги хасталиклар ёки турли лат ейишлар (айтайлик, туғруқ пайтида) туфайли юзага келади. Шифокор қабулига отланар экансиз, қариндошларингиз орасида шундай муаммога дуч келганлари йўқми, бола бундан ташқари, бошқа қандай хасталиклар билан оғриган, фарзандингиздаги птозни қачон сезганингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб олинг.

Жиддий таъсири бор!

Аввал бошданоқ птозни уй шароитида даволашнинг имкони йўқлигини алоҳида таъкидлаб ўтайлик. Даво чораси асосан хасталикнинг даражасидан келиб чиқиб белгиланади. Яъни устки қовоқ қорачиқни ярмигача ёпганми ёки бутунлайми, аниқланади, Агар қовоқ қорачиқни ёпиб қўйган бўлса-ю, чора кўрилмаса, кўз ўз вазифасини бажаролмайди ва вақт ўтиши билан болада амблиопия («дангаса кўзлар» сабаб кўриш қобилиятининг пасайиши) кузатилади. Кўз ҳаракатланмаганидан кейин ғилайлик ҳам вужудга келиши эҳтимолдан холи эмас. Устига-устак, осилиб қолган қовоқ мугуз пардасига босим ўтказиб астигматизмни юзага келтириши мумкин. Бу эса ўз навбатида яна кўриш қобилиятининг пасайиши ва ғилайликка олиб келади.

Бундан ташқари, икки томонлама птоздан азият чекаётган кичкинтой яхшироқ кўриш учун иягини кўтариб, бошини орқага ташлаб юришга мажоур бўлади. Бу «мунажжим ҳолати» деб юритилади ва доимий равишда бошнинг орқага тисарилиши оқибатида умуртқанинг бўйин қисми нотўғри ривожланиши мумкин.

Жарроҳлик шартми?

Текширувдан сўнг ярим ёки қисман птоз аниқланса, бола улғайгунига қадар жарроҳлик ортга суриб турилади. Лекин тўлиқ птозда шифокор зарур деб топса замонавий технологиялар ёрдамида амалиётни кичкинтой 1 ёшга тўлганида ҳам ўтказиш тавсия этилиши мумкин. Бироқ бунда хасталик қайталамаслигига кафолат берилмайди. Чунки бола 3 ёшга тўлгунига қадар кўз аъзолари фаол ривожланиш жараёнида бўлади. Ёки птоз неврологик сабаб туфайли юзага келган бўлса, невролог-шифокор дори-дармон воситалари билан даволайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аниқ тавсияни ҳар бир беморнинг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб даволовчи шифокор белгилайди!

Қўшимча хасталиклар бўлса...

Офтальмолог билан бир қаторда фарзандингизни невролог кўригидан ҳам ўтказиш тавсия этилиши мумкин. Баъзи ҳолларда қовоқнинг осилиб қолиши билан бир қаторда бошқа орган (айтайлик оғизнинг ҳам) ҳаракатланиши юзага келади. Бу ҳолат тиббиётда Гунн синдроми, деб юритилади.

Агар болада бир вақтнинг ўзида ҳам птоз, ҳам ғилайлик кузатилса, дастлаб ғилайликни бартараф этиш мақсадга мувофикдир.

Операциядан сўнг...

Болалардаги жарроҳлик амалиёти умумий наркоз остида бажарилади. Муолажадан кейинги реабилитация даври 1 ойни ташкил этади. Шу муддат мобайнида кичкинтой мунтазам равишда офтальмолог-шифокор кўригидан ўтиб туриши ва шифокор берган кўрсатмаларга қатьий амал қилиши даркор.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Назад Печать