ru uz
Қуёш радиациясининг гигиеник аҳамияти.

Қуёш радиацияси қуёш сатхида кетадиган термоядро реакциялар натижасида ҳосил бўлади ва улар электромагнит ва корпускуляр заррачалардан ташкил топган бўлади. Ер сатхигача қуёш юзасидаги нурланишларнинг 2.10-9 қисмигина етиб келади ва шунинг ўзи ҳам ерда тириклик дунёсининг пайдо бўлиши ва давомийлигини таъминлаш учун етарли ҳисобланади. Қуёш радиацияси таркибидаги оптик қисмининг аҳамияти жуда мухимдир. Бу турдаги радиациянинг таркибига - инфрақизил нурлар (760-2800 нМ), ультрабинафша нурлар (290-400 нМ), кўзга кўринувчи нурлар (380-760). Сайёрамизнинг турли қисмларида қуёш радиациясининг қиймати турличадир ва у географик кенгликларга мувофиқ айрим жойларда  турли қийматларда ўзгариши мумкин. Бу қийматни қуёш доимийлиги деб номланади. Ер шарининг экватор соҳасида унинг қиймати 1,59 ккал\см2            мин, Тошкент шаҳри атрофида эса - 1,34 ккал\см2.мин. га тенг. Қуёш радиациясининг бир қисми атмосферада тарқалиб кетади ва у атмосфера қатламларида ютилади, бир қисми эса ер сатхигача етиб келади (тўғридан-туғри қуёш радиацияси). Ер юзаси ҳам қуёш радиациясини қисман ютиш хусусиятига эга, шу билан бирга унинг бир қисмини қайтаради, юзаларнинг қуёш радиациясини қайтаришини АЛЬБЕДО деб аталади ва у гигиеник  нуқтаи-назардан мухим аҳамиятга эгадир. Чунки ана шу қайтган радиация хисобига ЕР юзасидаги иқлим шароити ва айрим географик жойлардаги микроиқлимни яратишда аҳамияти каттадир. Бунга мисол тариқасида ёпиқ бинолар хоналаридаги микроиқлим шароитларини шаклланишини келтириш мумкин. Республикамизнинг иссиқ иқлими шароитида бу омилни тўғри бахолаш катта аҳамиятга эгадир: уйларининг ташқи деворлари қора рангга бўялса, қайтган нур қиймати яъни альбедо жуда кам бўлиб, натижада шу деворларнинг юзаси қаттиқ қизиши кузатилади. Қуёшдан келаётган радиация қорайтирилган деворларда тўпланади (аккумуляция) ва хона ичидаги хароратни кўтарилишига сабабчи бўлади. Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими шароитида бундай микроиқлим одам организми учун қиздирувчи таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи-назардан бизнинг шароитда биноларнинг ташқи деворларини оқ, хаво ранг тусларга бўяш энг яхши вариант деб баҳоланади, чунки бундай деворларнинг альбедоси жуда юқоридир (80-90%).

      Қуёш радиацияси одам организмига жуда катта таъсир кўрсатади. ХХ асрнинг 30 йилларидаёқ қуёш активлигининг қиймати билан аҳоли саломатлиги ўртасида боғлиқлик бор эканлиги исботланган эди (В.И Чижевский). Аммо, қуёш радиациясининг умумий таъсиридан ташқари унинг айрим қисмларини специфик таъсир кўрсатиш хусусиятлари ҳам маълум.

    ИНФРАҚИЗИЛ НУРЛАР. - қуёш радиациясининг ер сатҳигача етиб келадиган қисмининг тулқин узунлиги 760- 1600 нМ бўлган спектрларида бўлади. Бу нурлар моддалар билан реакцияга киришиб, шу жумладан биологик туқималарга таъсир кўрсатиб, иссиқлик самарасини келтириб чиқаради. Инфрақизил нурларнинг кичик дозалари организм туқималарига таъсир кўрсатиб, бу тўқималарнинг қон билан таъминланишини яхшилайди, биокимёвий жараёнларни тезлаштиради. Инфрақизил нурларнинг бундай ижобий таъсир хусусиятларидан физиотерапевтик муолажаларда кенг фойдаланиш мумкин. Инфрақизил нурларнинг катта дозалари таъсир этганда кўзга кўринарли иссиқлик самарасини беради, хаттоки баданнинг умумий куйиши ва иссиқ уриш холатларини келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам қуёш ванналарини олишда кўпинча меъёридан ортиқ нурланиш олинганда бадан терисининг қизариши ва куйиши ходисаларини ҳам учратиш мумкин. Бундай таъсирни хар қандай қизиган жисм ҳам келтириб чикариши мумкин, Ана шундай қизиган юзалардан тарқаладиган кучли инфрақизил нур оқимлари (ишлаб чиқариш мухитида) организмда фақатгина қизиш холатларинигина эмас, балки кўзга таъсир этиб "кўз катаракта" касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Чунки кўзнинг гавҳари фақат оқсил бирикмаларидан ташкил топганлиги учун инфрақизил нур оқимлари таъсирида оқсил бирикмалари коагуляцияга ва денатурацияга учрайди. Бу касалликнинг олдини олиш учун ишчилар махсус химоя воситалари билан таъминланишлари зарур ва бу ҳақда биз СИЗ билан келгуси семестрда батафсил гаплашамиз.

       Одам организми учун жуда ўрганиш ва кундалик турмушда жуда аҳамиятли бўлган кўринувчи нурлар ҳам биологик нуқтаи-назардан муҳим хисобланади. Табиий ёруғликнинг турли даражаларда бўлиши туфайли худди бошқа биологик объектларда бўлгани каби, одам организмида ҳам биологик маром (биоритм) шаклланган. Биологик маром – бир кунлик, фаслларга доир яъни физиологик ва биокимёвий жараёнларнинг бир кеча-кундуз ва йил фаслларига боғлиқ холда ўзгариши бўлиши мумкин. Қуёш радиациясининг кўзга кўринувчи қисми кузнинг кўриш функциясини таъминлайди. Хаттоки сунъий ёруғлик манбаларидан фойдаланилганда ҳам уларнинг тўлқин узунликлари ва спектрал таркиблари бўйича кўзга кўринувчи нурга яқинлари энг яхши деб баҳоланади  (400-760 нМ). Кўринувчи нурлар организмга психофизиологик таъсир кўрсатиш хусусиятига эгадир. Хусусан, бизни ўраб турган хар қандай объектнинг ранги субъектив тарзда турлича қабул қилинади. Мас., ёрқин ва ёруғ рангдаги (қизил, бинафша, зарғалдоқ, сариқ) предметлар "иссиқ" тондаги ранг кўринишида қабул қилинади ва бу ранглар асаб системасини кўзғотиш хусусиятига эгадир.

Хаво ранг,  яшил ранглар "совуқроқ" тонлар кўринишида, тўқ кўк, тўқ яшил, қора ранглар бўғувчи таъсир самарасига эгадир.

     Инфрақизил нурлар бевосита яъни бирор восита орқали таъсир кўрсатувчи аҳамиятга ҳам эгадир - шу нурларсиз табиатда фотосинтез жараёни юз бермайди, демак одам организмига овқат маҳсулотлари орқали таъсир кўрсатар экан.

      Энг юқори биологик фаолликка қуёш радиациясининг ультрабинафша нурлари эгадир. Бу нурларни одамнинг кўриш анализатори қабул қила олмайди., аммо шунга қарамасдан бу нурлар биологик тўқималарга кучли таъсир кўрсатади. Бу таъсирнинг табиати ультрабинафша  нурларнинг тулқин узунликларига боғлиқдир. Ультрабинафша нурларнинг ҳамма турлари ҳам организмга соғломлаштирувчи, тонусни оширувчи таъсир кўрсатади.

      Ультрабинафша нурлар қуёш радиацияси оптик қисмининг 1% га якин қисмини ташкил қилади, аммо ер юзида ультрабинафша нурларнинг асосий қисми тўғридан-тўғри келувчи радиация таркибида бўлади.

      320-400 нМ тўлқин узунлигидаги УБН эритема-қорайтирувчи таъсир курсатиш хусусиятига эгадир, унинг таъсирида бадан терисининг устки қатламида МЕЛАНИН пигменти синтезланади ва бадан терисининг химоя функциясини оширади. Аммо, шуни эсдан чиқармаслик керак-ки, баданни қорайтириш орқали организмни чиниқтирувчилар бу процедурани хаддан ташқари ошириб юборганда биз хоҳламайдиган оқибатларни келтириб чиқариши мумкин ва бундай шароитда буйрак усти безининг фаолияти жуда ортиб кетади ва хаттоки бадан терисида меланомаларни келиб чиқиш хавфини ҳам туғдириши мумкин.

     290-320 нМ тўлқин узунлигидаги УБН антирахитик таъсир этиш хусусиятига эгадир. Бу нурлар иштирокида бадан терисида фосфор-кальций алмашинувини бошқарувчи "Д" витамини синтезланади. Шунинг учун қуёш нури билан етарли даражада бахраманд бўлмайдиган кишилар организмида "Д" гиповитаминоз ҳолати юзага келиши мумкин ва у айниқса болалар организмида " РАХИТ" касаллигини келтириб чиқаради. Катта ёшли одамлар организмида эса  (шахтерлар, метрополитен ишчилар) суякларни мўртлашиши, юмшаб қолиш холатларига олиб келиши мумкин.

      УБН-нинг асосий қисми (200-290 нМ) атмосферанинг озон қатламида ушланиб қолади ва хаттоки ана шу қатламдан оз миқдорда ҳам ўта оладиган УБН- лар ер сатхигача етиб келиб муҳим биологик вазифани бажаради. Бу тўлқин узунлигидаги нурлар энг фаол биологик таъсир кўрсатиш хусусиятига эгадир. Бундай таъсир самарасини бактерицид таъсир деб номланади. Шу нуқтаи-назардан қуёш радиациясининг турар-жой бинолари хоналарига, жамоат бинолари ва касалхона палаталарига тушиши (инсоляция) жуда муҳимдир, чунки бу нурлар хона ҳавосини соғломлаштирувчи (санация) омил вазифасини бажаради. Сунъий манбалардан ҳосил қилинадиган қисқа тўлқинли УБН-лар (кварц лампалари) операция хоналари, бактериологик лаборатория хоналарининг юзаларини, хавосини санация қилишда фойдаланилади.

      Шундай қилиб, ҳаво мухитининг энг мувофиқ параметрларини яратиш яъни ҳамма кўрсаткичларнинг параметрлари бўйича ташкил қилиш (физикавий, кимёвий, биологик), ҳамда қуёш радиациясининг аҳамиятини ҳисобга олиш одам организмининг функционал холатини таъминлаш ва саломатликни сақлашдаги муҳим шарт ҳисобланади.

Назад Печать